Россиялик экспертлар: Шавкат Миpзиёевнинг саъй-ҳаpакатлаpи туфайли Ўзбекистон дунёга очилмоқда

12:18 16 Октябр 2018 Жамият
1099 0
Архив фото

Ўзбекистон Президенти Францияга, шу орқали Европа иттифоқигаилк расмий ташрифини амалга оширди. Унинг аҳамияти ҳақида турли мамлакатларнинг эксперт доиралари ўз мулоҳазаларини баён қилмоқда. Хусусан, россиялик таҳлилчиларнинг фикрлари “Sputnik” агентлиги томонидан эълон қилинди.

Виктория Панфилова,

“Независимая газета” шарҳловчиси, Марказий Осиё бўйича эксперт:

— Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг Парижга ташрифи билан, таъбир жоиз бўлса, иккинчи доира мамлакатлари билан ҳамкорлик ўрнатишнинг янги босқичини бошлаб берди. Биринчи доирада Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, Россия, Хитой, Туркия ва Ҳиндистон қамраб олинган эди. Франция эса ўзбек етакчиси ўз лавозимига киришганидан буён сафар қилган дастлабки Европа иттифоқи мамлакати бўлди. Қолаверса, бу Ўзбекистон раҳбарининг Парижга сўнгги 20 йилдан зиёд вақт ичидаги илк ташрифидир.

Географик узоқлик, иқтисодиёт, умуман, ҳаёт тарзи тузилишидаги фарқларга қарамай, Франция ва Ўзбекистон ўртасида қандайдир ўхшашликлар мавжуд. Ҳар икки давлат ўз минтақасидаги ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда ва ташқи сиёсий фаоллик кўрсатяпти. Елисей саройида Макрон ва Мирзиёев томонидан минтақавий ва халқаро кун тартибидаги сиёсий, шу жумладан, хавфсизлик муаммолари ва терроризмга қарши кураш масалалари муҳокама қилингани бежиз эмас. Макрон терроризмга қарши кураш мавзусини аллақачон Франция дипломатиясининг устувор йўналишига айлантирган. Унинг устидан ғалаба қозониш Афғонистондаги можарони ҳал этиш бўйича масъулиятни ўз зиммасига олган Ўзбекистонга ҳам боғлиқ. Бир қатор белгиларга қараб хулоса қиладиган бўлсак, Франция Ўзбекистон учун ўарб дунёсига етакловчи ва Европадаги биринчи сиёсий ҳамда иқтисодий шерикка айланиши мумкин.

Андрей Казанцев,

Москва давлат халқаро муносабатлар институти таҳлил маркази директори, сиёсий фанлар доктори:

— Франция немис — француз жуфтлиги шаклланган ЕИда ҳал қилувчи ўрин тутадиган энг кучли давлатлардан бири ва ўтган асрнинг 90-йилларидан буён Марказий Осиё минтақасига унинг муайян қизиқишлари бор. Ҳозир французлар, ўзлари эътироф этганидек, Ўзбекистонни қайтадан кашф қилаётир. Жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон иқтисодиётига француз бизнесининг эътибори кучаймоқда. Бу эса ҳам мазкур мамлакатда, ҳам бутун Марказий Осиёда юз бераётган ижобий ўзгаришлар натижасидир.

Расмий Тошкентнинг Францияга қизиқиши ўз-ўзидан маълум. Ушбу интилишнинг моҳияти Мирзиёев Ўзбекистонни бутун дунёга очаётганида намоён бўлади. Бу жиҳатдан дипломатик прагматизмнинг ўрнини ҳам ёдга олиш жоиз. Чунки иқтисодий ўсиш суръатларини ошириш учун республикага инвестициялар зарур. Айнан шу мақсадда мамлакатда маълум маънода сиёсий либераллашув амалга оширилмоқда, давлатнинг халқаро имиджи яхшиланяпти. Буларнинг барчаси инвестициялар жалб қилиш учун имкониятлар яратади. Европалик сармоядорлар ушбу жараёнда ўзига хос ўрин тутиши мумкин.

Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон ўртасидаги расмий Тошкентнинг “ThalesAleniaSpace” билан қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасидаги келишувларини мазкур ташрифнинг нафақат ажойиб натижасигина эмас, ҳатто“дурдонаси” дея таърифлаш мумкин. Коинот ва мудофаа соҳасида Европада етакчилардан бири бўлган ушбу компаниянинг йиллик савдо айланмаси 18,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бу битим Ўзбекистон, унинг ортидан бутун Марказий Осиё учун интеграциялашган сунъий йўлдош тизимлари бўйича ҳамкорликдан тортиб, Ўзбекистонни кенг йўлли сунъий йўлдош алоқасига улаш учун инфратузилма яратишгача бўлган технологияларнинг янги оқимини очиб беради.

Игорь Панкратенко,

Стратегик баҳолаш ва прогнозлар маркази бош директори ўринбосари:

— Париж ва Тошкент Ўзбекистонда коинот соҳаси учун саноат базасини барпо этишга киришди ва бу маҳаллий кадрларни тайёрлаш ҳамда жалб этиш орқали амалга оширилади. Париж ҳам, “ThalesAleniaSpace” раҳбарияти ҳам Тошкент билан келишувга катта муваффақият деб қараётгани, шубҳасиз. Лоақал Франция учун ҳозирча Марказий Осиёнинг Россия томонидан эгалланган сунъий йўлдош сигналлари бозорига йўл очилаётганини ҳисобга олсак ҳам, шундай хулоса қилиш мумкин. Аэронавтика, коинот, мудофаа ва киберхавфсизлик соҳаларида фаолият юритадиган “ThalesAleniaSpace” компанияси эса ишлаб чиқариш базасини кенгайтириш ва ўз маҳсулотлари учун янги харидорлар топиш имконига эга бўлади.

Француз томони учун муваффақиятлар кўпроқ “миқдор” жиҳатдан аҳамият касб этса, Ўзбекистон сон эмас, сифатга эга чиқади. Чунки ушбу келишувлар, ҳеч муболағасиз маҳаллий саноатга космик истиқболларни очиб беради ва бошқа барча ижобий натижалар билан бир қаторда Тошкентнинг минтақадаги мақомини кескин оширади. Французларнинг таклифидан сўнг расмий Тошкентга Пекин, Москва, Нью-Деҳли ва Анқара томонидан ҳам жиддий таклифлар келиши муқаррар, деб хулоса қилинган “Sputnik” материалида.

Б. ҒОФУРОВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019