Россиялик дерматологлар кам учрайдиган касаллик билан хасталанган  болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди

15:01 17 Октябр 2019 Жамият
194 0

Республика Вазирлар Маҳкамасининг  “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида дерматовенерология хизматини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган акцияда Россия Федерациясининг И.М. Сеченов номли  Москва биринчи давлат тиббиёт университети ҳамда  Н.Ф. Филатов номидаги болалар клиник шифохонаси ва  Наманган вилоят тери-таносил касалликлари диспансери шифокорларидан иборат  мутахассислар гуруҳи Янгиқўрғон ва Косонсой туманларидаги буллез эпидермоализ ва ихтиоз касалликларига чалинган беморларнинг оилаларига ташриф буюриб, чуқурлаштирилган тиббий кўрик  ўтказишди. Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, мазкур кўринишдаги хасталикларга аниқ ташхис қўйиш шифокордан чуқур билим, уни даволаш учун ҳам шунга яраша тажриба талаб этади. 

-Қизим Нигина бир неча йилдан буён  кам учрайдиган  тери хасталигидан азоб чекиб келади,-дейди Косонсой туманининг Ҳуррият маҳалласида яшовчи Манзура Каримова.- Маҳаллий мутахассисларнинг  уни  буллез эпидермоализга чалингани ҳақидаги дастлабки фикрларини бугун хорижий шифокорлар ҳам тасдиқлашди. Чуқурлаштирилган текширув натижаларидан келиб чиқиб, Нигина учун зарур бўлган муолажа тартиби қатъий белгилаб берилди. Вилоятдаги  махсус  диспансер томонидан бир қатор дори-дармонлар ажратилди.

Хорижий ва маҳаллий мутахассислар гуруҳи акция давомида ҳар икки туманда юқоридаги хасталик аломатлари бўлган 30 нафар беморни  текширувдан ўтказиб, уларнинг 12 нафарида касаллик мавжудлигини тасдиқлади.

Вилоят эндокринология диспансери мажлислар залида ташкил этилган давра суҳбати чоғида бу ерда тўпланган  дерматолог, педиатр, эндокринолог, онколог ва бошқа йўналишдаги шифокорларга  ушбу хасталикка чалинган болалар ҳолати,  мазкур касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, ташхислаш ва муолажа тартиблари билан таништирилди. Иштирокчилар ўзларини  қизиқтирган саволларга  атрофлича жавоб олдилар.   

- Аҳоли ўртасида кам учрайдиган бу  сингари  хасталиклар асосан ирсий йўл билан юзага келади.-дейди  вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош врачи Я. Айтуғдиев.-Шунинг учун ҳам яқин қариндошлар ўртасида никоҳ алоқаларини боғлашнинг охири ҳар доим ҳам яхшилик билан тугайвермаслигини  ёддан чиқармаслик керак. Амалда  бундай  беморларга махсус хизмат кўрсатиш, дори-дармонлар билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилган. Лекин муолажанинг барча турлари шифокордан ҳам, беморнинг ота-онасидан ҳам алоҳида парвариш усулларини бажаришни талаб қилади. Россиялик шифокорлар айни  жабҳада етарлича тажриба тўплашган. Уларнинг маслаҳатлари барча тиббиёт ходимлари учун аҳамиятлидир.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019