Россия Украина маҳсулотлари транзитига чекловларни узайтирди

15:14 03 Июль 2018 Дунё
210 0

Кеча Россия Украина маҳсулотларини Қозоғистон ва Қирғизистонга олиб ўтилиши борасидаги чекловларни яна ярим йилга узайтирди.

Бу борадаги тегишли фармон РФ президенти Владимир Путин томонидан имзоланди. У ушбу давлат ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

Аввалги чекловлар муддати 30 июнь куни ниҳоясига етди, янги чекловлар 2019 йилнинг 1 январига қадар амалда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг декабрида Россия Украина билан савдо муносабатларини чеклаш, айрим ҳолларда мутлақо тақиқлаш борасида қарор қабул қилганди. Жумладан, МДҲ доирасида эркин савдо зонаси тўғрисидаги Шартноманинг Украинага оид қисми тўхтатилиб, чеклов чоралари 2016 йилнинг 1 январидан кучга кирган. Ўша йилнинг 2 январь куни Украина Россиянинг кенг қамровли маҳсулотларига 1,5 фоиздан 19 фоизгача импорт божларини жорий қилди. Украина ва ЕИ ўртасида эркин савдо зонаси режими кучга кириши муносабати билан РФ иқтисодиётини муҳофаза қилиш учун шундай қарорга келинганди. Бунгача шакардан ташқари барча украин товарлари Россияга божсиз олиб кирилар эди.

2016 йил 1 январдан бошлаб Россия Украина экспортини Россия ҳудудлари орқали олиб ўтилишини тўлалигича тақиқлади. Украина иқтисодий тараққиёт вазирлигининг ҳисоб китобларига қараганда бир йиллик транзит ҳажми 1,8 миллиард долларни ташкил этган.

Шу боис Украина томони Россия Жаҳон савдо ташкилоти доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бузган ҳолда автомобиль ва темирйўл транспортида Украина учун транзитни тўлалигича беркитганини маълум қилганди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар