Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Ўзбекистонга келди

10:21 06 Март 2019 Жамият
286 0

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия кўплаб соҳалар, шу жумладан, тиббиёт ва таълимни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасида истиқболли, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Қайд этиш жоизки, ҳар икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро муносабатлар ривожининг янги даври бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 2017 йилнинг апрелида Россияга давлат ташрифи билан бўлиб, кўплаб соҳалар қатори, тиббиёт йўналишида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу тарихий ташрифнинг мантиқий давоми ҳамда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга кўтарган яна бир жараён – 2018 йил октябр ойида Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Владимир Путин мамлакатимизга давлат ташрифи билан келди. Ташриф чоғида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим ҳужжатлар тўплами ҳамда давлат раҳбарлари ўртасида Қўшма баёнот имзоланди. Унда вазирлик, идора ва ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган эди.

Айтиш мумкинки, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири В. Скворцова бошчилигидаги нуфузли делегациянинг мамлакатимизга ташрифи соғлиқни сақлашни ривожлантириш соҳасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.

Ташриф доирасида делегациянинг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А. Шадманов билан учрашуви бўлиб ўтади. Унда соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари муҳокама қилинади. Бундан ташқари, томонлар биргаликда қўшма факультетларни ташкил этиш, бакалавр, магистр ва клиник ординатурадаги таълим дастурларини такомиллаштириш каби қатор масалаларга ҳам эътибор қаратилади.

Делегация аъзолари, шунингдек, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, хусусий клиникалар, бирламчи тиббий ёрдам муассасалари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларига ташриф буюриб, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019