Самара ва Оренбургдан ватандошларимизни поездлар орқали қайтариш бошланди

08:46 07 Август 2020 Жамият
265 0

Кеча, 6 август куни Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия – Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлари орқали олиб келиш жараёни бошланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.

Тошкент – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан бугун тунда Ўзбекистон томон йўлга чиқади. Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд эса 7 август куни 918 нафар йўловчилар билан тушдан сўнг Ватанимиз томон ҳаракатланишни бошлайди. Ушбу рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Бузулук ва Кинел вокзалларида сотилди. Бузулук - Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1 287 000 сўм (9. 259 рубль), Кинел - Тошкент – 1 357 000 сўм (9. 761 рубль)ни ташкил топди. Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди. 

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

ДИҚҚАТ! Ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар поездлардан тушиши биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади. Айнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга ташриф буюрмасликларини сўраб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, кўрилаётган карантин чоралари сабабли, МДҲнинг қатор давлатларида мамлакатга кириш-чиқишга чекловлар Ўзбекистонда ҳам жорий этилган ва улар Ўзбекистон Республикаси махсус комиссиясининг тегишли қарори билан бекор қилинмагунича амалдаги кучга эга.

Шу ўринда, ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида мазкур йўналишда ташкил этилган поездларга чипталар турли хил коррупцион схемалар орқали сотилиш ҳолатлари кузатилаётгани тўғрисида асоссиз хабарлар тарқалмоқда. Транспорт вазирлиги йўловчилардан бордию, чипталарни харид қилиш вақтида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилиши билан боғлиқ вазиятларга дуч келган тақдирда вазирликнинг 1167 қисқа рақамли ишонч телефонига, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (71) 299-94-50 ишонч телефонига мурожаат этишларини сўраб қоламиз, дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?