Россия Ўзбекистон учун ядро технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлашни бошлади

15:08 10 Сентябр 2018 Жамият
102 0
Фото: Atomic-energy.ru

Ўзбекистонлик бир гуруҳ талабалар Россиянинг ядро тадқиқотлари миллий университети(МИФИ) базасида бакалавриат ҳамда магистратура дастурлари бўйича “Ядро физикаси ва технологиялари” йўналишида таълим олишни бошлади.

“Росатом” матбуот хизмати хабарига кўра, бу борада номзодларни танлаб олиш бўйича икки босқичли танлов Фанлар академияси вакиллари томонидан шу йил март ойида бўлиб ўтганди. Унда иштирок этиш учун республиканинг барча ҳудудларидан 326 та ариза келиб тушди. Биринчи турда бакалавриат дастури бўйича номзодлар физика, математика ва рус тилидан ёзма, магистратурага кирмоқчи бўлганлар эса оғзаки имтиҳон топширди. Синовлар Андижон, Нукус, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ташкил этилди.

Финал босқичи учун 81 номзод саралаб олинди. Сўнгги босқич Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтди. Унда 12 нафар бакалавриат, 3 нафар магистратура босқичи учун талабгор номи аниқланди.

Манбада қайд этилишича, МИФИда таълим олиш даврида ўзбекистонлик талабалар учун Россия атом саноати объектларида амалиёт ўташ имконияти ҳам берилади.

“Ўзбекистонда атом соҳасини яратиш ва ривожлантириш учун юқори малакали мутахассислар талаб этилади. “Росатом” давлат корпорацияси бўлажак АЭСда ишлаш учун маҳаллий кадрларни тайёрлашни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Талабалар Россиядаги етакчи, дунёдаги энг яхшиларидан бири дея ҳисобланадиган ОТМда таҳсил олади. Буни кўплаб мустақил халқаро тадқиқотлар бўйича МИФИга берилган юқори рейтинглар ҳам тасдиқлаб турибди. МИФИдан ўқишни тугатган ўзбекистонлик талабалар ядро технологиялари соҳасидаги етук малакали, талаб юқори бўлган мутахассислар сифатида ўз юртига қайтишади”, - дея қайд этиб ўтди абитуриентларни ўқишга кириши бўйича Фанлар академиясидан мувофиқлаштирувчи, Россия ҳамкорлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси комиссияси аъзоси, профессор Михаил Кремков.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар