Россия делегацияси Бухорога ташриф буюрди

20:44 03 Октябр 2019 Жамият
168 0

Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко бошчилигидаги делегация 2019 йил 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамроҳлигида Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Бухоронинг ҳар қаричи тарих билан ҳамнафас, қадимий обидалар аждодларимизнинг мукаммал яратувчанлик қобилияти ва маънавий салоҳиятидан дарак беради.

Делегация аъзолари Хўжа Баҳоуддин Нақшбандий мажмуасига ташриф буюрди. Ушбу маскан мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳи эканлиги қайд этилди. Маълумки,  Нақшбандий буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг маънавий устози бўлган. У одамларни камтарликка чақирган.

Шундан сўнг делегация аъзолари кўп асрли тарихга эга жаҳонга машҳур меъморий ёдгорликларни ўзида мужассамлаштирган Бухоронинг тарихий марказига ташриф буюрди. Бухоронинг ушбу қисми 1993 йил ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган. Бу  ерда катта ҳовуз атрофига Нодир Девонбеги мадрасаси ва хоноқоси қурилган, шунингдек ёнида Кўкалдош мадрасаси қад кўтарган.

Мартабали меҳмон бетакрор меъморий тузилиши ҳамда ўзгача мафтункорлиги билан ажралиб турадиган Пойи Калон мажмуасига ташриф буюрди. Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда миллий маданий ва маънавий меросимизни, тарихий обидаларимизни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, мазкур мажмуа Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан тўлиқ реконструкция қилинди. Масжиди Калон, Минораи Калон ва Мир Араб мадрасалари каби меъморий ёдгорликлардан иборат меъморий ансамбль меҳмонларда катта таассурот уйғотди.

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрига ташрифидан мамнунлигини билдирди. Шаҳарнинг тарихий ёдгорликлари ўзбек халқининг бой маданий мероси, миллий меъморий санъати ёрқин намунаси эканлиги таъкидланди.

Ташриф чоғида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

Жумладан, мартабали меҳмон ташриф натижаларидан қониққанлигини, Ўзбекистон парламенти аъзолари билан музокаралар ўтказилганлигини, келишувларга эришилганлигини қайд этди.

“Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда юз бераётган ижобий ўзгаришлар менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқ,  демократик давлат барпо этилмоқда, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда”, – деди мартабали меҳмон.  

Шу куннинг ўзида Россия Федерацияси делегацияси Москва шаҳрига жўнаб кетди. Шунинг билан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019