Ромитанда 1 минг 400 тадан зиёд камбағал оила бор

13:52 20 Май 2020 Жамият
291 0

Бухоро вилояти Ромитан туманида 160 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиляпти. Туман ҳокимлиги томонидан ўрганилганида 1 минг 423 та оила моддий ёрдамга муҳтожлиги, камбағаллиги аниқланди.

Таҳлиллар кўрсатдики, шу оилаларда 5 минг 700 нафар киши бор. Уларнинг деярли 1,5 минг нафари меҳнатга яроқли. Аммо муқим иш ўрнига эга эмас. Шу хонадонларда 2253 нафар вояга етмаганлар, 283 нафар нафақахўр, 337 нафар ногирон, соғлигида муаммоси бор киши яшайди. Бу оилалардан 131 нафар фуқаро ишлаш учун хорижга кетган.28 нафар оила эса боқувчисидан ажралган.

Ўрганиш ва таҳлиллардан кўзланган мақсад шундай оилаларга кўмак бериш, ишсизларни фойдали ижтимоий меҳнатга жалб қилиш, ночор фуқароларнинг қадларини тиклашларига ёрдамлашиш, албатта. Зеро, пандемия шароитида бу оилалар ташвиши кўпайдики камайган эмас.

Шуларни инобатга олган туман мутасаддилари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишлар кўламини кенгайтирдилар. Чунончи, оғир шароитда яшаётган кишиларни даромад топишга ўргатиш, улар турмуш шароитини яхшилашга қаратилган тадбирлар ўтказилди.

— Чеварлик қўлимдан келади,-дейди тумандаги “Бахтиёрчи” маҳалласида яшовчи Юлдуз Маҳмудова. — Аммо тикув машинаси сотиб олишга қийналаётгандим. Менга замонавий тикув машинаси туҳфа қилишди.Бир ташвишим енгиллашди.Энди чеварчилик ортидан рўзғор каму кўстини тўлдириш ҳаракатини қиламан.

Бир гуруҳ фуқароларга соғин сигир, 18 та оилага 900 бош парранда ажратилди.Биринчи сектор ҳудудидаги эҳтиёжманд 110 та хонадонга 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, 22 киши иш билан таъминланди. Беморларга дори-дармон хариди ва рўзғорга ишлатиш учун моддий ёрдам ҳам берилди. Бундай савоб ишлар давом этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?