Роман Абрамович “Челси”ни сотмоқчи

14:44 26 Август 2018 Спорт
452 0

Россиялик тадбиркор Роман Абрамович ўзи эгалик қиладиган “Челси” клубини сотиш ҳақида ўйлаб қолди. Бу ҳақда The Sunday Times нашри хабар берди.

Қайд қилинишича, Абрамович спорт ва технология компаниялари бўйича ихтисослашган Raine Group инвестиция банки билан алоқага чиққан ва уларга клубнинг сотуви бўйича сўров юборган.

Ҳозирча Абрамовичнинг вакиллари мазкур гап-сўзларга муносабат билдираётгани йўқ. Бундан аввалроқ Абрамовичга Американинг Silver Lake Partners компанияси клубни сотиб олиш таклифи билан чиққан, аммо рус тадбиркори бу таклифни рад қилган. Шунингдек, буюк британиялик бизнесмен Жеймс Рэтклиффнинг 2 миллиард фунтлик таклифига ҳам рад жавоби берилгани айтилмоқда.

Маълумот учун, Роман Абрамович “Челси”ни 2003 йилда 140 миллион фунт эвазига сотиб олганди. Ўтган вақт ичида жамоа 5 марта Англия премьер-лигаси бош совринини қўлга киритган бўлса, 5 марта Англия Кубогида зафар қучган. 2012 йилда жамоа Европа чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритганди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Роман Абрамовичнинг Буюк Британия инвестиция визаси узайтириб берилмаган эди. Шундан сўнг, у Исроил фуқаролигини олишга мажбур бўлган. Исроил фуқаролиги 1,5 йил давомида Буюк Британия ҳудудида қолиш имкониятини тақдим этади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар