Роботлаштирилган хирургия, мажбурий тиббий суғурта, соғлиқни сақлашнинг электрон тизими...

10:46 11 Декабрь 2018 Жамият
300 0

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Соҳа ривожида бутунлай янги босқичга ўтилмоқда.

Ўзбекистон аҳолиси йилдан-йилга ўсиб бораётган мамлакатлар қаторига киради. Таҳлилларга кўра, 2035 йилга бориб мамлакатимиз нуфуси 45 миллионга яқинлашиши мумкин. Демак, одамларнинг турмуш фаровонлиги, айниқса, саломатлигини таъминлаш жуда муҳим масала бўлиб қолаверади. Шу боис сўнгги икки йилда мамлакатимизда тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашга киришилди.

Албатта, муайян натижаларга эришилди. Лекин фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этиш, Тошкентдан тортиб, Оролбўйигача бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли қатламларининг барчасига бирдек сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратиш, жаҳон талабларига мос миллий соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш учун соҳани янада такомиллаштириш зарурати долзарб масала бўлиб турибди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони айнан ушбу вазифаларни, яъни замонавий соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишни назарда тутади. Мазкур ҳужжат билан соҳанинг тараққиёт йўналишлари аниқ белгилаб берилди. Бу борада мутасаддилар ўз муносабатларини билдирдилар.

Алишер ШОДМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:

— Аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ушбу йўналишда соғлиқни сақлаш кодексини яратиш, трансплантология тўғрисидаги, репродуктив саломатлик, давлат-хусусий шериклик тизими ва соғлом турмуш тарзи бўйича қонун қабул қилиш кўзда тутилган. Асосий йўналиш, бу — бирламчи тиббий хизматга қаратилиб, профилактика ҳамда касалликларни эрта аниқлаш биринчи галдаги вазифамиз бўлади. Қолаверса, замонавий бошқарув тизимини ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнингкластер моделини шакллантириш, исботли тиббиёт, робот хирургия, микрохирургия, нуклеар тиббиёт ҳамда тиббий генетикани жорий этиш мақсад қилинган. Эндиликда мавжуд барча тиббиёт бинолари инвентаризациядан ўтказилади, янги қурилиши мўлжалланган ва таъмирталаблари аниқланиб, улар устида иш олиб борилади. Дори воситаларининг айланмаси эса тўлиқ назоратга олиниб, маркировка ҳамда трекинг тизими татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган шу ва бошқа устувор вазифалар Фармон билан тасдиқланган 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси орқали амалга оширилади. Концепцияни ишлаб чиқишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва соҳага доир бошқа халқаро ташкилотларнинг талаб ҳамда таклифлари, дунё миқёсидаги глобал вазифалар эътиборга олинган.

Лиан КУППЕНС,
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Концепция Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тан олинган йўналишларни ўзида мужассам қилган ўта муҳим ҳужжат бўлди. Уни тайёрлашда бугунги вазият, кеча қўлга киритилган ютуқ ва камчиликларнинг барчаси синчковлик билан ўрганилди, таҳлил қилинди. Шу орқали Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг кейинги истиқболлари белгилаб олинди. Мақсад ҳеч кимнинг эътибордан четда қолиб кетмаслиги, ҳар бир фуқаронинг тиббий хизматдан тўла фойдаланиши учун имконият яратишдир. ЖССТ ўзаро ҳамкорликда тайёрланган ушбу Концепцияни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу Ўзбекистон, унинг аҳолиси ҳамда дунё ҳамжамияти учун ҳам эътиборга молик ҳодисадир.

Тиббиётнинг ўзгармайдиган қоидаси бор: касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Хасталикларни эрта аниқлаш ва олдини олиш билан бугун ўлим ҳолатларига олиб келиши мумкин бўлган юрак-қон томир, саратон, қандли диабет каби касалликларни даволаш кўрсаткичларини ошириш мумкин. Бунинг учун стационар даволаш, поликлиникалар фаолияти самарадорлигини яхшилаш, жойларда кўп тармоқли марказлашган тиббиёт муассасаларини ташкил этиш, уларнинг моддий-техника ҳамда малакали кадрлар базасини мустаҳкамлаш талаб этилади.

Баҳодир ЮСУПАЛИЕВ,
Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари:

— Ҳужжатда республикамизда мажбурий тиббий суғурталашни жорий этиш ҳам белгиланди. Албатта, ушбу механизм бирданига эмас, балки босқичма-босқич жорий қилинади. Уни татбиқ этишда давлат томонидан ажратилаётган маблағлар камайтирилмайди, аксинча, улар сақланиб қолади ва аҳоли, айниқса, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар ушбу маблағлар ҳисобига суғурталанади.

Шунингдек, Концепцияда оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида урғу берилган. Тиббий генетикани, аёллар ва болаларга шошилинч ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш асосида, замонавий скрининг дастурларини жорий этиш, “Она ва бола” ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт мажмуалари ҳамда маълумотлар тизимларини шакллантириш чора-тадбирлари шулар жумласидандир.

Эльмира БОСИТХОНОВА,
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:

— Ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаларида болалар шифохоналари бўлимида туну кун ишлайдиган шошилинч постлар ва болалар реанимацияси анестезиология бўлимлари, вилоятларда эса ҳомиладор аёллар, гўдаклар ҳамда болалар учун алоҳида мобиль реанимацион бригадалар, болалар нейрохирургияларини очиш режалаштирилган. Бу эса аҳоли, айниқса, болаларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 апрелдан эътиборан республиканинг айрим туманларида тиббиёт муассасаларини “ҳар бир даволанган ҳолат” учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизимини тажриба тариқасида жорий этиш, келгуси йил 1 июлдан бошлаб айрим даволаш-профилактика муассасаларини инвесторларга ишончли бошқарувга бериш режалаштирилган. Бу тиббиёт муассасаларини молиялаштириш учун жалб этилаётган бюджет маблағларини мақсадли йўналтириш, соҳада давлат ва хусусий сектор шериклигини йўлга қўйиш орқали хизмат сифатини кўтаришга имкон беради.

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти хусусида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Бинобарин, мазкур ҳужжат билан вазирлик тузилмасига муайян ўзгартиришлар киритилади. Жумладан, эндиликда тизимда янги муассасалар фаолият олиб боради. Булар Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигидир.

Ўз навбатида, “электрон соғлиқни сақлаш” тизими кенг жорий этилиб, ягона миллий стандартлар асосида маълумотлар мажмуаси яратиладиган бўлди. Бундан ташқари, ЖССТ тавсиялари бўйича соғлиқни сақлаш ҳисобларининг миллий тизими ҳам жорий этилади.

Қисқаси, айрим давлатларда соғлиқни сақлаш билан боғлиқ муаммолар кўпайиб, сурункали ва юқумли касалликлар эпидемияси хавф-хатарга сабаб бўлаётган бир пайтда юртимизда аҳоли саломатлигини асрашга қаратилаётган улкан эътибор инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари олий қадрият, унинг фаровон турмуш кечириши, бахту саодати эса бош мақсад эканлигидан далолатдир.
Бош прокуратура ҳузуридаги
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази материаллари асосида
Раҳим ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019