Робинзон Крузо Янгимозорда бўлганми?

20:41 14 Февраль 2019 Жамият
475 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Истам Иброҳимов/Бухоро. ...Мўмина Ҳайдарова беш яшар боласини уйда ёлғиз қолдириб ишга чиққанди. Мана энди хавотир олиб турибди. Ободончилик ишлари билан машғул аёл ора-сира ортига — бир чеккаси қум барханларига туташ қишлоққа қараб қўяди. Шериги Марғуба Қўзиеванинг ташвиши ҳам уникидан кам эмас. “Рўзғорга нафим тегсин, деб ишга чиққандим. Тўрт яшар болам уйда ёлғиз”, дейди у.

— Нима, қишлоқларингда боғча йўқми? — сўраймиз улардан.

Жондор туманидаги Янгимозор қишлоғида яшовчи ҳар иккала аёл “Ярамизни янгиладингиз” деган каби секингина “уф” тортишади.

Юз нафардан зиёд боғча ёшидаги боласи бор қишлоқда мактабгача таълим муассасаси бўлмаса-я?!

— Ҳудудимиз “Қароли” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, — дейди қишлоқ оқсоқоли Исмоил Қўзиев. — 360 та хонадон бор. Аҳоли сони 1200 нафарга яқинлашиб қолди. Муаммоларимиз кўп. Қайси бирини айтишни ҳам билмайсан, киши...

Ечимталаб масалаларни аниқлаш учун қишлоқни яёв кезиб чиқишнинг ўзи кифоя. Йўллар ўнқир-чўнқир. Юргани юрак бетламайди. Кейин... кўчада елкасига шох-шабба ортиб олган ёш ялангни кўп учратасиз. Сабаби, қишлоққа табиий газ етиб келмаган. Уйлар қўлбола печларда иситилади. Ўтин дегани эса анқонинг уруғи. Бир машинасини 1-1,5 миллион сўмга харид қилишади. Иложсиз қолганлар эса қўлда болта тутиб, қишлоқ адоғидаги тўқайзорга йўл олишади.

Бир пайтлар янгимозорликларнинг ота-боболари чўлда саксовул ва бошқа экинлар экиб, иҳотазорлар барпо этишган, шу йўл билан қишлоқни қум кўчкиларидан асрашган. “Энди эса тўқайзорлардан асар ҳам қолмаяпти. Равон йўлга чиқиб қарасангиз, юз километр наридаги Газли шаҳри кўринади”, дея муболаға аралаш истеҳзо қилади ҳамроҳларимиздан бири.

Айтмоқчи, Зарафшон дарёсининг эски ўзанларидан бири худди шу ердан ўтган. Узунлиги 2-3 километр келадиган бу захкаш қачон тозаланар экан? Ёзда ундан бадбўй ҳид таралади. Уни ҳам қўйинг, ер ости зах сувлари юқорига кўтариляпти, экин майдонлари ҳосилдорлигига зарар етяпти. “Захкаш тозаланганида томорқамиздан тузукроқ ҳосил олган бўлармидик”, дейишди қишлоқдагилар.

Ўтган йилда республика ишчи гуруҳи кўмагида ташландиқ бино таъмирдан чиқарилди. У шифо маскани вазифасини ўташи мумкин. Аммо олий маълумотли шифокор топилмаяпти. Патронаж ҳамшираси эса ҳафтасига икки-уч бор келиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, холос. Қишлоқда дорихона деганини эса кундузи чироқ ёқиб топа олмайсиз. “Зарурат туғилганида 11 километр наридаги Қароли қишлоғидан ёки 20 километр узоқликдаги туман марказидан дори сотиб олиб келамиз”, дейди ўзини Мадина Ражаббоева деб таништирган аёл.

Азага келган ўз дардини айтиб йиғлармиш. Қишлоқдаги 19-умумтаълим мактаби директори Рамазон Ашуров ҳам юрагидагиларни тўкиб солди.

— Бизга спорт зали керак, — дейди у. — Қишда жисмоний тарбия дарслари синфхонада ўтиляпти. Ижтимоий тармоқлар орқали қўшимча билим олишга, ўқиб-ўрганишга ташна ёшларимиз кўп. Аммо қишлоқда интернет тармоғи йўқ. Мактабимиз аҳволини эса кўриб турибсиз.

Ўқув даргоҳи биноси бундан 37 йил муқаддам ҳашар йўли билан қурилган. Кирган заҳоти димоққа зах ҳиди урилади. Хоналар “буржуйка” печда иситилади. Хуллас, гапирса гап кўп.

Янгимозорликлар билан суҳбатлашаётганимизда аёллардан бири машҳур асар қаҳрамонининг кимсасиз оролдаги ҳаётини эсга олиб, “Қишлоғимизга Робинзон Крузо келганида асло ажабланмаган бўлар эди” деб қолди. Кейин қўшимча қилди: “Ахир боғчаси, шифокори йўқ, йўллари ўнқир-чўнқир, ичимлик сувини четдан сотиб оладиган, мактабининг аҳволи ночор, уйларини иситиш муаммо бўлган қишлоқнинг Робинзон яшаган оролдан нима фарқи бор?”

Бу аччиқ кесатиққа туман мутасаддилари, сектор раҳбарлари қандай жавоб беришар экан?


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019