Кушербаев: Аслида вазиятнинг шу даражага етиб келишига совуққон қарагани учун ҳудудий прокурор ҳам жавоб бериши керакмасми?

09:01 07 Июль 2020 Сиёсат
913 0

Жиноят кодексида ажойиб модда бор: рақами 207, номи "Мансабга совуққонлик билан қараш".

«Мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса» мансабдор жиноий жавобгарликка тортилиши кўрсатилган ушбу моддада. 

Бир неча кундан бери Бўстонлиқ туманида ўзбошимча қурилмалар қилингани, ҳолат юзасидан 8 та жиноят иши очилгани, бу давлат ва жамоат манфаатларига катта зарар етказгани ҳақида айтиляпти. Маълумотларга қараганда бу каби ноқонуний ишлар бугун ёки кеча бошланмаган, боши бир неча йилларга бориб тақалади.

Бўстонлиқ бугун ерларни ноқонуний эгаллаш ва ўзбошимча қурилиш қилиш бўйича жиноятчилик авж олган ҳудуд сифатида гавдаланяпти. Айбдорларни жазолаш, ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ишлари жадал кетяпти экан. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд ва масъул идоралар вакилларининг баёнотларидан бу кўриниб турибди. Бу тушунарли. Адолат нуқтаи назаридан олганда ҳаммаси қонуний тартибда бўлса биз ҳам буни қўллаб-қувватлаймиз.

Бироқ шу ўринда табиий бир савол туғилади: Ўзбекистоннинг кўрки, Тошкент вилоятининг юзи ҳисобланган Бўстонлиқда узоқ вақтдан буён ноқонуний ишларнинг авж олишига йўл қўйган, ер ва қурилиш соҳасидаги қонунлар ижросини етарли назорат қилмай вазиятни шу даражага етиб келишига кўз юмган қонун назоратчиларининг совуққонлигига нега баҳо берилмаяпти?

Аслида вазиятнинг шу даражага етиб келишига совуққон қарагани учун ҳудудий прокурор ҳам жавоб бериши керакмасми? Балки жавоб бераётгандир, лекин негадир бу айтилмаяпти. Ҳар қалай жамоатчилик билиб қўйса холислик учун айни муддао бўларди.

Ёқмаган бўлса ҳам, бироқ бу қонунда белгиланган қоида.

Расул Кушербаев,
Олий Мажлис Қонунчилк палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?