Риштонда аслида нима бўлмоқда?

16:17 17 Июль 2019 Жамият
785 0

Фото: «Халқ сўзи»

Гап шундаки, давлатимиз раҳбарининг шу йил 6-7 май кунлари Фарғонага ташрифи чоғида Риштонни намунали туманга айлантириш юзасидан билдирган таклифи асосида айни кунларда улкан бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Кўримсиз, архитектура талабларига жавоб бермайдиган, маҳаллий хом ашё – хом ғишт, кесак ва гуваладан қурилган турар жой ва нотурар жой бинолари бузиб ташланиб, янги бино иншоотларини қуриш учун замин ҳозирланмоқда.

Риштоннинг қайтадан чирой очиши учун босқичма босқич, бошқа ресурслардан ташқари,биргина маҳаллий бюджет ҳисобидан бунёдкорлик ишлари учун 30 млрд.сўм маблағ ажратилган.Яқин келажакда 20 дона кўпқаватли уйлар бўй чўзади. 2 гипермаркет, 5 супермаркет, 5 йирик корхоналар,бозор, кутубхона, кўнгилочар дам олиш масканлари қад ростлайди. 14 км масофадаги йўллар қайта қурилади. Марказлашган йўналишга уланган канализация тизими, табиий газ ва электрэнергияси, тоза ичимлик суви тармоқлари қайтадан, янгича кўринишда тортилади. Тумандан ўтувчи“Фарғона ҳалқаси” автомобил йўли ва унга туташ бўлган Риштон марказидаги барча йўллар ёқасидаги объектларни шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуриш бошланди.Ҳозиргача ишчи гуруҳи томонидан 149 нотурар жой, 178 турар жой объектларида бирламчи ишлар ўз якунига етказилмоқда.

Билдирилаётган танқидий муносабатлар ўринлими?

Риштон туманидаги бу ўзгаришлар остонасида амалга оширилаётган ишларга чет эл ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари танқидий тарзда турли қарашлар ва фикр мулоҳазалар, ўз нуқтаи назарларини билдирмоқда. Гўёки туманда “снос” га тушган аҳоли турар жойлари ҳеч қандай компенсация тўловларисиз, белгиланган тартибдаги ҳужжатларсиз бузиб ташланаётганмиш.Биз ҳам суҳбатларимиз давомида расмийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва оддий аҳоли билан суҳбатлашдик:

Содиржон ҲАЙДАРОВ,

Қурилиш ишлари бўйича Риштон туман ҳокими ўринбосари:

– Риштон тумани айни кунларда шундай ҳудудга айланганки,бу ўзгаришларни ёритиш учун келаётган журналистларнинг мақсадига боғлиқ. Чунки, ҳукуматимиз томонидан режаланган ишларга қарасангиз кўнглингиз тоғдек кўтарилади. Бир қарашда бузиш босқичидаги кўчаларга қарасангиз“фикри бузиқ” ларнинг куни туғади. Тўғри, муаммолар йўқ эмас. Масалан, марказий бозор орқа томонидаги 22 хонадон эгалари бир неча йил аввал бузиш ишлари бўйича огоҳлантирилган.Уларнинг айримларида норозилик кайфияти туғилганлиги бор гап.Буни яширмаймиз.Бироқ биз муаммоларни тушунтириш ишлари орқали ҳал қилдик. Уларга ҳатто ўша йилларнинг ўзидаёқ марказга яқин ҳудуддан 8 сотихдан ер ҳам ажратиб берилган. Хозир ўша ерларда хонадон эгаларининг яқинлари, ўзлари, фарзандлари яшамоқда, ёки баъзилари аллақачон олинган ерни сотиб юборган. Уларнинг кайфияти ўзгармаслиги учун шу йилда иккинчи марта Деҳқонобод маҳалласидан яна қайтадан ер ажратиб бердик. 22 хонадон эгалари бир хўжалиги учун икки мартадан ер олишди. Нега айрим ОАВ шу ҳақида эмас, балки ҳеч нарсани тушунишни истамаётган айрим фуқароларнинг танқидий фикрларини бўрттириб фотосуратлар билан беришяпти, ҳайронман. Яна бир факт,5 минг донадан пишган ғишт, 2 тоннадан сементбепул берилаётганлигини айтдик. Ижтимоий тармоқларда эса аҳолига шу усулда қўшимча ёрдам берилаётганини эмас, ғиштнинг донасидан, сементнинг килосидан кам чиқаётганини ёзишипти. Ахир бу ҳолатлар ишда учрайдиган майда камчиликлар эмасми? Нега нохолис ёндошаверишади?! Майли камчиликларимизни бизгаойна сифатида кўрсатишсин, ёзишсин. Лекин фуқароларга берилаётган имкониятлар ва аҳолига яратилаётган шароитлардан ҳам кўз юмишмасинда. Бу нохолислик эмасми? Плюрализм давридамиз. Фикрлар хилма хиллиги бор. Яъни ҳамма бир воқееликка нисбатан бирваракайига бир ҳил фикрда бўлмайди. Риштондаги ўзгаришларга нисбатан ҳам шундай. Кимдир шу тўполонларда кўпроқ ерли, уйли жойли бўлиб қолишни, кўпроқ компенсация пулларини олишни хоҳлайди. Бу табиий ҳолат. Лекин бунга сиёсий тус бериш ёки уларнинг мақсадларини амалга оширишда давлатни, вилоят ва туман ҳокимликларини айблаш нотўғри, деб ҳисоблайман.Эндиликда улар шов-шув кўтаришдан кўра реал, амалий қилинаётган ишларни ёритишга ўтишидан умидвормиз.

Исомиддин ЖАЛОЛОВ,

Учариқ қишлоғи фаоли:

Бугун Риштонда ҳаёт қайнайди, ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, қурилиш объектларида иш қизғин. Қўқон-Фарғона автомагистраль йўлининг тумандан ўтувчи қисми ёқаларидаги ҳозирда кўнгилсиз ҳолатдек туюлаётган жараёнлар аслида вақтинчалик ҳолат. Буларнинг барчаси эзгуликка, бетакрор чиройига қўйилаётган илк қадам. Маҳаллий ҳокимлик ташаббуси билан бузилган уйларнинг йўлга чегарадош қисмида 10 минг метрдан ортиқ цемент деворнинг қурилаётгани ҳам эътирофга арзийди. Тўғри, компенсация пулларини ким қанча олишида аҳолида тушунмовчиликлар келиб чиққанлиги бор гап. Бироқ улар ҳам тушунишлари керак. Бу мезонни белгилашда уйнинг кадастр ҳужжатидаги маълумотлар, уйнинг қандай материалдан қилинганлиги, йўл ўқ чизиғидан қизил чизиғигача хонадонининг қанча қисми бузилаётгани билан боғлиқ-ку. Шунинг учун ҳар бир хонадон эгасига компенсация пуллари хар ҳил чиқадида. Аввалида фуқаролар орасида нега фалончига шунча сўм, менга бунча сўм, қабилидаги саволларнинг туғилиши ана шундан.17 кишидан иборат ишчи гуруҳлари ҳар бир хонадонга кириб боришди, тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришди.Ҳозирда муаммолар деярли ҳал этилган. Аҳоли аввалига 10 млн. сўмдан аванс олишди. Ҳозирда хонадон ҳолати ва баҳолаш ташкилотининг хулосаси билан 10 млн.дан 300 млн. сўмгача компенсация пуллари тўлаб берилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Баъзи фуқаролар шу пуллардан кўра бошқа ҳудуддан ер олишни афзал кўрмоқда. Бу таклифлар ҳам айни унларда амалда.

Абдусалом СИДДИҚОВ,

Риштон тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари:

– Биринчи навбатда уй-жой масаласини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бугунги кунга қадар уйи “снос”га тушган ва бузилаётган аҳоли учун 5 миллиард сўм миқдорида компенсация пули тарқатилди. Қолаверса, шу пулларга қўшимча тарзда 10 сотихгача ер берилмоқда. Шунингдек, туман қурилиш штаби омборига 1 миллион 200 минг дона пишиқ ғишт, 400 тонна цемент олиб келиниб, аҳолига бепул тарқатиб берилмоқда. Ҳар бир хонадонга 5 минг донагача пишиқ ғишт, 2 тонна цемент бериш йўлга қўйилди. Яна 1 миллион дона пишиқ ғишт келтириб, аҳолига бепул тарқатиш режалаштирилган. 1000 дона транспорт воситаси бунёдкорлик ишларига жалб этилган.

Одилжон СОЛИЖОНОВ,

Ришт он тумани Оқер қишлоғи, ўқитувчи:

Туман марказидан икки километр узоқликда, йўл ёқасида яшаймиз. 5 метр узунликдаги 3 та уй, ярим ҳовлим ўқ чизиқдан тортилган “қизил чизиқ” ичкарисида экан. Бузасиз, дейишди. Рози бўлдим. Товон пулидан бўнак сифатида ҳозирча 10 млн. беришди. Бошқа қуриб олаверамизда.

Қўлдошали ДАДАБОЕВ,

Риштон тумани Навоий маҳалла фуқаролари йиғини фаоли: ПрезидентимизнингРиштон туманини намунавий туманлардан бирига айлантириш таклифини эшитиб хурсанд бўлдим. Тўғри, бироз муддат қурилиш ишларига вақт талаб этилади. Лекин бир нарсага эришиш учун бошқасидан кечиш керак, ахир. Агар риштонликлар бир ёқадан бош чиқариб,ҳаракат қилишмаса,бу бошланган хайрли ишлар пайсалланиб тураверади.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи”мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019