Ричард Норланд: “Ўзбекистонда ўтказган йилларимни доимо соғинч билан эслайман”

11:45 12 Май 2018 Сиёсат
1323 0

Эксклюзив интервью

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15 — 17 май кунлари илк расмий ташриф билан АҚШда бўлади. Ушбу муҳим сиёсий тадбир арафасида таниқли экспертлар, мутахассислар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Хусусан, айни пайтда Вашингтон шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турган махсус мухбиримиз Америка Қўшма Штатлари Штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси раиси маслаҳатчиси ва АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Ричард Норланддан эксклюзив интервью олди. Қуйида ана шу суҳбат эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

— Жаноб Норланд, Сиз бир неча йил Ўзбекистонда фаолият юритгансиз ва юртимиз ҳақида яхши тасаввурга эгасиз. Келинг, мулоқотимизни ўша таассуротларингиз, хотираларингиздан бошласак.
— Ўзбекистонда 2007 — 2010 йилларда элчи сифатида ишладим ва ўша даврдан менда ажойиб хотиралар қолган. Юртингиз буюк тарихга, бой маданиятга эгалиги билан ҳар қандай кишига ёрқин таассурот бағишлайди. Бу мамлакат Марказий Осиё, умуман, жаҳон цивилизациясида муҳим роль ўйнаган. Самарқанд, Бухоро каби кўҳна шаҳарлар, у ердаги обидалар гўзал ва ҳайратланарли даражада. Энг асосийси, ўзбекистонликлар самимийлиги, меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Мен Ўзбекистонда ўтказган йилларимни доимо соғинч билан эслайман. Бир кун келиб яна бу ажойиб мамлакатга бориш, гўзал масканларни зиёрат қилиш, дилкаш инсонлар билан кўришиш истагидаман.

— Бугунги кунда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилиб бораяпти. Айтинг-чи, буни АҚШ эксперт-таҳлилий жамоатчилиги қандай баҳоламоқда? 
—  Давлат департаментидаги ҳамкасбларим Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва очиқлик сиёсатига катта қизиқиш ва ҳатто ҳайрат билан қарашмоқда. 
Гарчи мен собиқ дипломат бўлсам-да, ҳозирда Пентагонда фаолият юритаяпман. Шуни айта оламанки, бу ерда ҳам ушбу жараёнларга, яъни Ўзбекистондаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилаяпти, бу борада Пентагонда кўтаринки кайфият, руҳ ҳукмрон. Ўйлайманки, Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар мамлакатнинг турли соҳалардаги салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади. Бу салоҳият нимада намоён бўлади? Аввало, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг йирик иқтисодий салоҳиятга, қудратга эга, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда улкан роль ўйнаши ҳамда узоқ Шарқ ва Европа мамлакатлари ўртасида транзит йўлаги вазифасини бажариши мумкин бўлган давлат ҳисобланади. Бугун мамлакатда олиб бораётган ислоҳотлар ана шундай улкан салоҳиятни тўлақонли ишга солишга Ўзбекистонни ҳар қачонгидан кўра яқинлаштирмоқда. 

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи икки мамлакат муносабатларида қандай аҳамият касб этади?
— Бу ташрифга тарихий, дея таъриф берилаяпти. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Президентининг АҚШга расмий ташрифи икки мамлакат муносабатларини янги поғонага кўтариш, стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Хусусан, хавфсизлик, сиёсий,  иқтисодий ва маданий соҳалардаги алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қилади. Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилиши, халқаро ҳамда минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилгани айни жиҳатдан диққатга моликдир. Мисол учун, Афғонистон, минтақанинг иқтисодий ривожланиш жараёнлари Ўзбекистон учун ҳам, АҚШ учун ҳам муҳим масалалар сирасига киради. Икки томон бу борада биргаликда қандай саъй-ҳаракатларни амалга ошириши кўпчиликни қизиқтирмоқда.           

— Афғонистондан сўз очдингиз. Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистонда Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси ўтказилди. Мазкур анжуман АҚШ ҳукумати томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистонда тинчликни қарор топтиришда биргаликда қандай саъй-ҳаракатларни амалга ошириши мумкин, деб ўйлайсиз.
— Ўзбекистон Афғонистонда барқарорлик таъминланишига кўмаклашиш учун жуда катта саъй-ҳаракатларни амалга ошираяпти. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ташкил этилгани бу борада яна бир улкан қадам бўлди. Афғон муаммосини сиёсий мулоқот йўли билан ҳал қилиш муҳимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шундай экан, ушбу мамлакатда вазиятни ўнглаш, тинчлик таъминланишига эришишда қўшни давлатлар, ташқи кучларнинг ҳамфикрлиги, ҳамжиҳатлиги катта ўрин тутади. Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича конференция ташкил қилиши бу борада тарихий воқеа бўлди, дейиш мумкин.    

Тошкент анжумани юқори даражада ташкил этилганини унда нуфузли кишилар, жумладан, бир қанча мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, етакчи арбоблар қатнашганидан ҳам билиш мумкин.
Тошкент конференцияси Афғонистонда тинчлик жараёни бўйича кенг қамровли масалалар бўйича очиқ ҳамда ҳар томонлама муҳокамалар учун ноёб имкониятни тақдим қилгани билан эътиборга молик.

—    Суҳбатимиз сўнгида Ўзбекистон халқига тилакларингиз.
— Ўзбекистон халқига энг эзгу тилакларимни йўллайман. Тинчлик, фаровонлик ва бахт-саодат тилайман.
“Халқ сўзи” махсус мухбири 
Шавкат ОРТИҚОВ суҳбатлашди.
Вашингтон, АҚШ.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?