РФнинг кўп тармоқли марказини Ўзбекистонда ташкил этиш вазифаси бажарилмаган 

14:38 30 Октябр 2019 Жамият
180 0

2019 йил 30 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Мажлисда олий ва ўрта махсус таълим ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари раҳбар ходимлари, тегишли тузилмалар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг жорий йил ўтган давридаги фаолияти таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, 2019 йилда ушбу вазирлик зиммасига 30 та мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, уларнинг 15 таси жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида бажарилиши белгиланган. Вазирлик маълумотлари таҳлили аксарият вазифалар ижро этилганлигини, бироқ 2 та вазифа бажарилиши якунига етмаганлигини кўрсатди.

Хусусан, II-III чоракларда фан бўйича 1500 та электрон ўқув-услубий мажмуа ишлаб чиқиш топширилган бўлса-да, бу вазифа атиги 13 фоизга бажарилган. Қолаверса, жорий йилнинг II чорагида олий ўқув юртларида илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлимлари фаолияти самарадорлигини ошириш белгиланган эди. 

Уни бажариш учун республикадаги барча моддий-техник, илмий-интеллектуал ва молиявий ресурсларни сафарбар этган ҳолда мавжуд илмий-инновацион салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратиш кўламини кенгайтириш, юқори инновацион фаолликни таъминлайдиган аниқ механизм ва молиялаштириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Илм-фан ва илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бироқ ушбу ҳужжат шу кунга қадар қабул қилинмаганлиги туфайли олий ўқув юртларида илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлимларининг фаолияти самарадорлигини ошириш вазифаси бажарилиши якунига етмаган.

Мажлисда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбир давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жорий йил ўтган давридаги фаолияти натижалари ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, 2019 йилда ушбу вазирлик зиммасига жами 25 та мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, уларнинг 11 таси 2019 йилнинг тўққиз ойи мобайнида бажарилиши лозим эди. Бироқ вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлили кўрсатганидек, уларнинг 4 таси бажарилмаган.

Хусусан, жорий йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон Республикасида Халқаро миграция ташкилотининг ваколатхонасини очиш вазифаси назарда тутилган. Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро миграция ташкилоти ўртасида битим лойиҳаси ишлаб чиқилган. Тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда вазирлик хати Ташқи ишлар вазирлигига киритилган. Лекин ҳозирги кунга қадар республикада Халқаро миграция ташкилотининг ваколатхонаси очилмаган ва бу вазифа ижроси таъминланмаган.

Шунингдек, вазирлик зиммасига учинчи чорак давомида Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсат (патент) берувчи Россия Федерациясининг кўп тармоқли марказини Ўзбекистонда ташкил этиш вазифаси юклатилган. Бироқ бунинг ҳам ижроси таъминланмаган.

Бундан ташқари, учинчи чорак давомида бўш иш ўринларининг мустаҳкам ва долзарб базасини шакллантириш, иш билан таъминланган аҳоли сонини аниқлаш, шунингдек бандликка кўмаклашиш марказлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини акс эттирувчи тизим ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси белгиланган. Вазирлик томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ушбу тизимни тажриба сифатида жорий этиш бўйича буйруқ чиқарилган, лекин ҳудудларда ушбу тизим ҳали амалда жорий этилмаган.

Мажлисда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятидаги шу ва бошқа камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019