Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ҳам буйрак кўчириб ўтказиш операцияси ўтказиш йўлга қўйилди

15:35 06 Апрель 2018 Жамият
926 0

Ўтган йилдан эътиборан Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинаётган бўлса, жорий йилдан ушбу марказда мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси юқори натижа билан ўтказилди. 

Энг эътиборли жиҳати,  мазкур марказда буйрак кўчириб ўтказиш операциялари кундалик амалиётлар қаторидан жой олган. Ўтган қисқа вақт ичида қирқ нафардан ортиқ беморга унинг яқинларидан буйрак кўчириб ўтказилди. Бундан ташқари, марказ олимлари томонидан саломатлик билан боғлиқ ўта мураккаб вазиятларда ҳам тўғри қарор қабул қилиниб, инсон ҳаёти сақлаб қолинаётгани қувонарли. Яқинда буйрак етишмовчилиги билан бирга, қандли диабет хасталигидан ҳам азият чекаётган беморда худди шундай амалиёт бажарилди. Ушбу жараён шифокорлардан ниҳоятда катта масъулият ва тажриба талаб қилиши билан ажралиб турди. 

Шундай мураккаб амалиётлардан бири Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида ҳам ўтказиб келинмоқда. Институт олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди. 

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази. Фото: ССВ

Бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида Туркиянинг Башкент тиббиёт университети билан ҳамкорликда янгийўллик 14 ёшли бемор Умиджон Абдумаджидовга 35 ёшли отаси Илғор Абдуқаюмов донорлигида буйрак кўчириб ўтказиш операцияси бажарилди, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати томонидан тақдим этилган хабарда. 

Бемор Умиджон Абдумаджидов, отаси, донор Илғор Абдуқаюмов ва онаси Нилуфар Абдуқаюмова. Фото: ССВ
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Хаджибаев. Фото: ССВ

— Трансплантация жарроҳлиги замонавий тиббиётнинг истиқболли йўналишларидан бири. Бундай юқори технологик операциялар АҚШ, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария, Туркия каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажариларди, холос, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Хаджибаев. — Мана, бугун юртимиз тиббиёти ҳам ана шу илғор мамлакатлар қаторидан жой олди. Марказимизда биринчи марта буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини бажардик. Бу операция ўта мураккаб ва ноёб усул ҳисобланади. Шу боис марказда катта тайёргарлик кўрилди. Хориж тажрибасини ўргандик. Шундан сўнг, Туркиянинг Башкент тиббиёт университети билан ҳамкорликда марказимиз тарихида илк бор буйрак трансплантацияси бажарилди. Амалиёт Башкент тиббиёт университети ректори, Жаҳон трнасплантологлари жамияти президенти Мехмет Хаберал билан ҳамкорликда ўтказилди. Операция жараёнида туркиялик ва ўзбекистонлик мутахассислар қатнашди. 

Маълумот учун, Мехмет Хаберал Туркия ва Европанинг бир қатор давлатларида трансплантология йўналишига асос солган профессордир.  М. Хаберал буйрак кўчириб ўтказиш бўйча 1832 та, жигар кўчириб ўтказиш бўйича 344 та операцияга бевосита раҳбарлик қилган. Башкент тиббиёт университетида жигар ва буйрак трансплантациясидан ташқари, суяк кўмиги, юрак трансплантацияси ҳам ўтказиб келинмоқда.  

Профессор Мехмет Хаберал. Фото: azərtac

— Яна бир мураккаб амалиётни муваффақиятли якунладик, — дейди профессор Мехмет Хаберал. — Ўзбекистондаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак трансплантациясини бажаришга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилган экан. Гувоҳи бўлдикки, мутахассислар малакаси, техник имкониятлар ва марказ шароитлари юқори даражада. Бемор У. Абдумажидов сурункали буйрак етишмовчилигининг терминал босқичида эди. Буйрак ўз ишини тўлиқ бажара олмаётгани боис, қони гамодиализ аппарати орқали тозаланиб келган. Амалиёт яхши ўтди, деб айта оламан. Ҳозиргача бўлган натижаларнинг барчаси ижобий. Тез кунларда бемор ва донор соғлом ҳаётга қайтади. Энг муҳими, энди марказ мутахассислари бу каби операцияларни бемалол бажара олади.  

Умиджон Абдумаджидов. Фото: ССВ

Таъкидлаб ўтиш лозим, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу соҳа ривожига давлат даражасида эътибор қаратиб келаётгани ҳам унинг нақадар муҳимлигини исботлайди. Ҳозирда тарансплантация амалиётларини ўтказиш учун юртимиз клиникаларида етарли тажриба ва техник имкониятлар мавжуд. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси, аввало инсон манфаатлари ва унинг ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. 
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар