Ректор имтиёзли тарзда талаба бўлган хотин-қизларни табриклади

11:17 05 Октябр 2020 Жамият
781 0

Хотин-қизлар ҳар қандай жамиятнинг энг асосий бўғини ҳисобланади. Чунки ёш авлод таълим-тарбияси нисбатан кўпроқ шу хилқатнинг салоҳияти ва билимига боғлиқ. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, иқтидорли аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари бошчилигида, хотин-қизларни жамиятдаги мавқеини ошириш ва иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, жорий йил республика бўйича, ОТМларга кириш учун қўшимча 4 фоизли (940 нафар хотин-қизга) қабул квоталари ажратилиши белгиланган эди. Бунда асосан, кам таъминланган, ота-онаси вафот этган, бева аёл фарзанди бўлган, жисмоний имконияти чекланган, доимий уй-жойига эга бўлмаган оилаларда яшаётган, олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси паст бўлган ҳудудларда яшовчи хотин-қизларга танлов асосида олий таълим муассасаларига киришда қўшимча квота ажратилди.

Шулар орасида республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи 23 нафар хотин-қизлар ушбу имтиёз сабаб, Тошкент давлат педагогика университети талабаси (грант асосида) бўлишдек бахтга сазовор бўлдилар.

Университет ректори Алишер Умаров ушбу имтиёзнинг илк соҳибаларини, уларнинг ота-оналари ва яқинларини табриклаш учун улардан бир қанчасининг хонадонига ташриф уюштирди. Хусусан Тошкент вилоятининг Олмалиқ ва Оҳангарон туманларидан ўқишга қабул қилинган қизлар ректорнинг шахсан ўзидан табрик сўзларини эшитиб, совғаларни қабул қилиб олишди. Ўқишга қабул қилинган талаба қизларнинг оиласи ўз миннатдорчилик ҳис-туйғуларини юздаги қувонч кўз ёшлари ва самимий фикрлари орқали билдиришди.

Аёлнинг оила ва жамиятдаги ўрни юксак бўлиши, давлатнинг халқаро ҳамжамият орасидаги ўрни юксак бўлишига олиб келади. Миллат генофонди ва инсон капиталига тикилган сармоя қанчалик катта бўлмасин, аёл зотига бериладиган эътибор ва ҳурмат паст бўлса, сармоя беҳудага сарфланган бўлади. Шундай экан, энг биринчи ўринда президентимиз раҳнамолигида бошланган хотин-қизларга бўлган эътиборнинг давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиши ва бу ҳаракат бутун жамият аъзолари томонидан қўллаб-қувватланиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига асосан Тошкент давлат педагогика университети тубдан ўз фаолиятини қайта йўлга қўймоқда. Бунда энг асосий жиҳат - барча халқаро ва миллий сифат стандартларига жавоб берувчи замонавий педагог кадрларни тайёрлаш энг асосий мақсадларимиздан биридир.

Тошкент давлат педагогика университети талабаларининг кўпчилик қисми хотин-қизлардан иборат. Бу эса, республикамизнинг турли ҳудудларига ҳам сифатли педагог, ҳам тажрибали аёл шахсини етказишда олий таълим муассасаси ўрни юксак эканлигининг далилидир. Аёл киши бутун бошли оилада тарбия топаётган фарзандларга масъулдир. Педагог аёлнинг елкасидаги масъулият эса икки карра муҳимроқ. Сабаби, педагог аёл нафақат ўз фарзандлари тарбияси, балки юзлаб-минглаб ёш авлоднинг таълим-тарбияси учун ҳам жавобгар ва масъулдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?