Ректор: Билимни объектив баҳолашнинг янги тизимини яратмасдан етук кадрлар тайёрлаш мушкул

18:21 04 Декабрь 2018 Жамият
857 0

Иллюстратив фото

Ўқувчи ва талабалар билимини объектив баҳолашнинг янги тизимини яратмай туриб, ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш мушкул. Юртимиз таълим муассасаларида баҳонинг баҳоси ўзининг реал қадр-қимматини йўқотиб бораётгани афсуски аччиқ ҳақиқат.

Мазкур муаммонинг келиб чиқиш илдизлари тарихга бориб тақаладики, уни таҳлил қилмай, тегишли хулосалар чиқармай, зарурий ечимни топиб бўлмайди. Очиқроқ айтадиган бўлсак, узоқ йиллар мобайнида ўқувчининг, талабанинг меҳнатига, билимига номувофиқ, ошириб баҳо қўйиш уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичини ҳақиқатдан узоқлаштирди. Собиқ иттифоқ даврида ҳатто “контингентни сақлаб қолиш” деган бир абсурд тушунча бор эди. Вазирлик йиғилишларида олий таълим муассасалари раҳбарларининг бундай кўрсаткич бўйича ҳисоботлари эшитилиб, салбий натижага эга айрим ректорларга жазо берилган вақтлар ҳам бўлган. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида бошланган бундай ноқобил сиёсат, ўқитувчиларни талабалар билимини объектив баҳолашдан узоқлаштирибгина қолмасдан, олий таълим муассасалари маъмурияти билан ўқитувчилар ўртасида маълум зиддиятларга ҳам сабабчи бўлди.

У даврларда педагоглар анча қаттиққўл ва масъулиятли эди. Лекин узоқ йиллар давомида юқоридан “икки қўйилмасин” деган талаб аста-секинлик билан ўқитувчиларнинг принципиал ва талабчанлигиниҳам “синдирди”, уларнинг ҳам бундай ҳолатга кўникишларини шакллантирди. Ўқув даргоҳларида ҳақиқатдан йироқ, пуч ва жонсиз бўлган юқори ўзлаштириш кўрсаткичи бериш одатга айланиб борди ва таълимнинг “қўшиб ёзиш” варианти пайдо бўлди. Бу иллатнинг жамиятга зарари иқтисодий “қўшиб ёзиш”дан-да узоқроқа борадиган яширин шаклга кирди ва ундан қутилиш ҳали ҳам қийин кечмоқда.

90-йилларга келиб олий таълим муассасаларида қабул режалари қисқара бошлади. Бу эса, ўз навбатида, ўқитувчиларни ўзларининг контингентини сақлаб қолишга ундади, чунки талабалар сонининг қисқариши ўқитувчиларни тўлиқсиз штат бирликларига тушиб қолишига ва уларнинг моддий аҳволига жиддий таъсир қиларди.

“2” баҳо қўймаслик эҳтиёжи ва бошқа бир қатор вазиятлар охир-оқибат якуний имтиҳонларда айрим ўқитувчиларнинг талабалардан таъмагирлик қилишларига олиб келди. 2000 йиллар бошларида қабул режасида муайян ўсиш бошланишига қарамай, ўтган ўн йилликларда талаба билимини баҳолашдаги бу жиддий камчилик сақланиб қолди ва эндибу удум қабулдаги камчиликларни хаспўшлаш механизмига ҳам айланди. Шундай қилиб, олий таълим муассасаларида ўтган 35-40 йил давомида шаклланган талабалар билимини баҳолашдаги номутаносиблик талабани мустақил билим олишдан совутди, китобга, кутубхонага мурожаат қилишдан қайтарди. Талаба “қўл учида”, енгил-елпи, номигагина ўқишга кўникди. Бундай вазият муайян даражада, ўқитувчини ҳам қониқтиришга олиб келди. Муаллим учун умумий билим даражаси саёз талабалар гуруҳида жиддий тайёрланиб дарс ўтиш эҳтиёжи ўз аҳамиятини йўқота бошлади. Айрим профессор-ўқитувчилар ўз устида умуман ишламай қўйди. Вазиятни тузатиш учун жорий этилган малака ошириш тизими бу камчиликларни бартараф этишга қаратилганига қарамасдан қониқарли самара бермади. Чунки муаммонинг асл негизи эскича қолаверди.

Хуллас, бугунга келиб талабанинг жорий билими баҳоси объективликдан йироқ бўлиб, баҳонинг асл баҳоси пастлашиб кетди. Бундай салбий муҳит иқтидорли талабаларнинг ҳам тўлақонли таълим олиб, мамлакатнинг кадрлар элитасини тўлдиришларига жиддий тўсқинлик қилди.

Президентимизнинг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси асосида қабул қилинган янги “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низом” айнан шу камчиликни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу низомга мувофиқ, якуний баҳолашнинг дарс ўтган муаллим иштирокисиз ўтказилиши аста-секинлик билан талаба билими даражасини баҳолашнинг объективлигини таъминлайди. Низом, том маънода, ўқитувчи фаолиятига нисбатан талабни кучайтириш механизмини юзага чиқаради ва шу тариқа унинг педагогик маъсулияти ҳам оша боради.

Талаба билимини реал баҳолашни тарихан бузилган ҳолатидан тўлақонли бугунги талаб ва меъёрга қайтариш олий таълим тизимида амалга оширилаётган ишларнинг ҳал қилувчи босқичи бўлишига шубҳа йўқ. Лекин бу ислоҳот энг оғриқлиси ва жиддий қаршиликка учрайдигани бўлгани учун биргалашиб енгмасдан туриб, унинг таълим сифатини оширишга асос бўлишига эришиб бўлмайди. Шу билан бирга, ўқув режаларини мукаммаллаштириш, янги педагогик технологияларни киритиш, хорижлик профессорларни ишга таклиф қилиш ва бошқа вазифалар самарадорлиги таъминлай олсак, Президентимиз саъй-ҳаракатларининг тотли меваларидан бири сифатида қисқа муддатда олий таълим сифатини юқори даражага кўтариб олишимизга ишончимиз комил.
Рустам ХАЛМУРАДОВ,
СамДУ ректори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019