Равшан Эрматов нега ЖЧда бошқа ишламаслиги сабаби маълум бўлди

10:19 05 Июль 2018 Спорт
2328 0

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов Жаҳон чемпионатининг сўнгги қисмидаги ҳакамлар рўйхатига киритилмагани ҳақида хабар бергандик. Ўзбекистонлик ҳакамнинг нима сабабдан 17 нафар сараланганлар рўйхатига киритилмагани сабаб аниқ бўлди.

«Халқ сўзи Online»га маълум бўлишича, Равшан Эрматовнинг ёрдамчи ҳакамларидан бири саналган Абдуҳамидулло Расуловда жароҳат бўлган. У Эрматов бошқарган икки ўйинда ҳам жароҳати билан ишлаган. Иккинчи учрашувдан сўнг жароҳат ўз сўзини айтган. ФИФА ҳакамлар қўмитаси сўнгги кунга қадар Расуловнинг жароҳатидан фориғ бўлишини кутган, бироқ қанот ҳаками сўнгги кунларда ҳаттоки ҳакамлар машғулотларида ҳам иштирок эта олмаган. Натижада Эрматов бригадаси жаҳон чемпионатининг якунловчи қисмида ишламайдиган бўлди.

Шу боисдан ҳам Эрматовнинг мундиалда ишламаслиги, унинг ҳакамлик савиясидан келиб чиқиб эмас, балки ёрдамчи ҳакамнинг жароҳати сабаб юз берган.

ФИФА ҳакамларнинг якуний рўйхатини эълон қилган бўлишига қарамай, Эрматов Москвада қоладиган бўлди. Бу ҳам ФИФАнинг унга бўлган ишончи сўнмаганидан далолат беради.

Изоҳ:

Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: Эрматовга бошқа ёрдамчи ҳакам бериш мумкин эмасмиди? Йўқ. ФИФА ҳакамларнинг доимий бригада бўлиб ишлаш принципига содиқ қолади. Учала ҳакамнинг бир-бирини тушуниши, қалин муносабат ўрнатганлиги ташкилот учун энг муҳим масала.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар