Расман: Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланди. 22 декабрь эса сайлов куни деб белгиланди.

16:26 20 Сентябр 2019 Сиёсат
774 0

Зиёда Ашурова – “Xalq soʻzi”-онлайн/ Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида ташкил этилган навбатдаги мажлиси ана шу йирик воқеага бағишланди.

Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо- Улуғбек Абдусаломов олиб бормоқда.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 22 декабрни - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгилади. Сайлов кампанияси 20 сентябрдан бошланиши эълон қилинди.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.

Тадбирда тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда янги парламент ва янги маҳаллий кенгашларни сайлаш учун янгича руҳдаги сайловлар кампанияси бошланаётгани алоҳида таъкидланди.

Бўлажак сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади. Жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора мустаҳкам ва кенг ўрин олмоқда.

Аввало, бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтади. Сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси.

Сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи, шулардан икки миллондан зиёд ёшлар илк бор, овоз беради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019