«Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиши муҳокама қилинди

21:21 29 Май 2020 Сиёсат
171 0

2020 йил 29 май куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг видеоконференция тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Сенат аъзолари, тегишли идоралар мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, 28 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканлиги борасида сўз юритиб, рақобат бўлмаса, сифат бўлмаслиги, нархлар тушмаслиги, монопол корхоналарни ўзгартириш бўйича қатъий чоралар кўришнинг вақти-соати келганлигини таъкидлаган эди.

Шу ўринда бугунги кунда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолган. Лекин бир қатор йўналишларда рақобат муҳити шаклланиб бўлган 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестрдан чиқариш мумкинлиги ҳам давлат раҳбари томонидан қайд этилди.

Ўтган йилда истеъмолчилардан тушган 11 мингдан ортиқ шикоятларнинг 50 фоизи коммунал ва транспорт, 25 фоизи савдо, қолган 25 фоизи алоқа, молиявий хизматлар ва бошқа соҳаларга оид бўлган. Шу боис, Давлат раҳбари томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида қўмитани истеъмолчиларнинг манфаатларини тўғридан-тўғри ҳимоя қиладиган халқ вакиллик органи – Олий Мажлисга ҳисобдор этиб белгилаш масаласини кўриб чиқиш топшириғи берилди.

Шундан келиб чиқиб сенаторлар «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ижро этилишига эътибор қаратди.

Бугунги кунда мавжуд 238 та монополия субъектининг 79 фоизини давлат корхоналари ташкил этиб, улар ўз ресурсларидан фойдаланган ҳолда хусусий сектор билан ноҳалол рақобатга киришиб келаётганлиги ҳолатлари қўмита томонидан аниқланган. Интернет ва мобил алоқа, автомобиллар, минерал ва кимё ўғитлари, полиетилен гранулалари, шакар, тамаки, электр энергияси, табиий газ етказиб бериш каби бозорлар шулар жумласидандир.

Қўмита томонидан 12 та саноат тармоғидаги 130 турдаги маҳсулотнинг нарх рақобатбардошлиги таҳлил қилиниб ички ва ташқи бозорда маҳсулотлар таннархини пасайтириш ҳамда рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»га таклифлар берилган.

Қайд этилганидек, тадбиркорлик субъектининг бири товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган, бошқаси эса сотувчи ёки сотиб олувчи бўлган, ўзаро рақобатлашмаётган субъектларнинг келишиб олинган ҳаракатлари натижасида рақобатнинг чекланиши бўйича ишлар талаб даражасида амалга оширилмаган.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган иқтисодиётда рақобат муҳитини яратиш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар ижросини таъминлашда Сенатнинг тегишли қўмита ва бошқармаси билан ҳамкорликда иш олиб борилишига келишиб олинди.

Бундан ташқари, Қўмита фаолиятини иш самарадорлигини ошириш, хорижий тажрибани пухта ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?