Рақамли иқтисодиёт коррупцияга барҳам беради

10:30 22 Февраль 2019 Сиёсат
619 0

Иллюстратив фото

Иқтисодий ривожланишнинг қайси даври бўлишидан қатъи назар, саноатлашувнинг асосий белгиси корхоналарнинг доимо ишлаб чиқариш ҳажми ортиши ҳисобланган. Цехлар майдонлари кенгайган, дастгоҳлар қаторлари кўпайган, конвейерлар ленталари узайган, ходимлар штати ортган.

Бу жараён жуда катта молиявий манбаларни, харажатни талаб қилган ва янги тадбиркорларнинг бозорга кириш имкониятини чеклаб, бизнес билан фақатгина мўмай пули борлар шуғулланиши мумкин, деган хулосани келтириб чиқарар эди.

Аммо ахборот технологиялари асри бу соҳада ҳам янги қоидаларни белгилади. Рақамли иқтисодиёт эндиликда тор доирадаги назариётчи олимларга қизиқ диссертациялар мавзуси эмас, балки мислсиз салоҳиятга эга ва амалиётда ўзини оқлаган бозор моделига айланди.

Айнан шунинг учун мамлакатимизда рақамли иқтисодиётга ўтиш йўналишида амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам бу йўналишда қўйилган самарали қадамлардан бири бўлди. Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, “электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилиши, аҳоли, бизнес ва давлат ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қўшимча шарт-шароитларни шакллантиришга қаратилган ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги рақамли иқтисодиётни жорий қилиш ва ривожлантириш соҳасида ваколатли орган этиб белгиланди. Эндиликда мазкур Агентлик соҳада ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъулдир.

Агар классик бозор иқтисодиёти модели талаб, таклиф ва рақобатга асосланган бўлса, рақамли иқтисодиётда таклиф талабни шакллантириши мумкин. Бунинг учун рақамли маҳсулотлар турларини кўпайтириш ҳамда уларни кенг оммага тарғиб қилиш лозим. Бундай шароитда иқтисодий жараёнлар тезлашади, харажат камаяди, даромадда эса юқори кўрсаткичларга эришилади.

Ҳужжат бу борада жуда катта ўзгаришларга сабаб бўляпти. Аҳоли, бизнес ва давлат ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъминлаш, уларнинг ўзаро муносабатларини рақамлаштиришга ўтилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, инсон омилини четлаб ўтган ҳолда, ушбу муносабатларнинг шаффоф бўлишига, уларда коррупцияга йўл қўймасликка хизмат қилади.

Шунингдек, рақамли иқтисодиёт ошкораликни таъминлайди. Одамлар онлайн тарзда Ҳукуматнинг иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб бораётган амалий ишлари билан яқиндан танишиши мумкин.

Имкон қадар камроқ ресурс сарфлаб, кўпроқ маҳсулот чиқариш — рақамли иқтисодиётнинг устувор вазифаси. Юртдошларимизда рақамли иқтисодиёт шароитида нафақат ўзини ўзи, балки атрофдагиларни ҳам иш ўрни билан таъминлаш имкони ошади.

Бу жараённи янада аниқроқ тасаввур қилиш учун бир мисол келтирсак. Дунё миқёсида фаолияти абадийдек туюлган ва турли соҳалар бозорларида улкан улушларга эга бўлган гигант корпорациялар саноқли йилларда ҳеч қандай тарихи йўқ кичик компаниялардан орқада қола бошлади. Мазкур жараённи тадрижий тараққиёт, яъни эволюциянинг табиий босқичи, деб ҳисоблаш мумкин.

Умуман айтганда, Фармон билан мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган яна бир қатор амалий чоралар тасдиқланган. Уларнинг самарали ижросини таъминлашда биз, сенаторларнинг зиммасида ҳам катта масъулият ётади. Демак, жонли тарғибот, амалий мулоқотларни янада кучайтиришимиз лозим. Зеро, рақамли иқтисодиёт жамиятнинг ҳар бир аъзосидан ана шундай фидойилик, билимдонлик ва юқори салоҳиятни талаб қилади.

Қобил Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019