"Рангсиз тушлар" фильми "Киношок" фестивалида иштирок этади

17:49 12 Октябр 2020 Маданият
222 0

Жорий йилнинг 17-23 октябрь кунлари Анапа шаҳрида «Киношок» ХХIХ халқаро кинофестивали бўлиб ўтади. Киноижодкорларни бирлаштириш ҳамда маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 1992 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Киношок» фестивали киноихлосмандларини Литва, Латвия, Эстония ва МДҲ мамлакатларининг таниқли фильмлари билан таништириб келмоқда. Ушбу фестивалда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган "Рангсиз тушлар" бадиий фильми ҳам иштирок этади. Бу ҳақда Агентлик ахборот хизмати хабар берди.

Фильмда 17 йиллик жазо муддатини ўтаб келган аёлнинг жамият томонидан қабул қилинишидаги ижтимоий муаммолар кўтарилган.

Фильмда ролларни Феруза Саидова, Карим Мирходиев, Шоҳида Исмоилова, Бекзод Абдумухитов ва Асал Абдуллаевалар ижро қилишган. Фильм сценарий муаллифи Умид Ҳамдамов, оператор Азизбек Арзиқулов, рассом Шамшод Иброҳимов, композитор Убайдулло Каримов.

Фестивалда "Рангсиз тушлар" фильмининг бош қаҳрамони Феруза Саидова қатнашиши режалаштирилган.

Режиссёр Аюб Шахобиддиновнинг «Ўтов» фильми 2007 йил ушбу кинофестивалда қатнашиб, "Энг яхши эркак роли" номинацияси бўйича ғолиб деб топилган. 2012 йил эса шу фестивалда унинг «Паризод» фильми ҳам иштирок этиб, Гран При совринига муносиб кўрилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?