Рамазон сабоқлари: Расуллуллоҳга салавот айтишнинг фазилати

21:13 22 Май 2020 Жамият
127 0

Муборак Рамазон ойининг ҳам учинчи ўн кунлиги якун топмоқда. Бу — банданинг дўзах азобидан сақланишлик учун гуноҳлари мағфират этилишини Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан сидқидилдан сўрайдиган кунлардир.

Кечалари бедор бўлиб Яратганни зикр қилишлик Қадр кечаси савобини топишликка сабаб бўлади. Бироқ, банданинг Аллоҳга илтижоси қабул бўлишининг шартлари ҳам мавжуд. Уни бажариш учун киши доимо салавот ва истиғфорда, зикрда юриши керак. Зеро, барча алломалар шу йўлни танлашган. Бунинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Қуйида ана шу мезонлар ҳақида тўхталамиз.

Қуръони Каримнинг “Аҳзоб”сурасидаги 56-оятида бундай дейилади:

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар, сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири Ҳилол”).

Мусулмон уммати бу буйруққа доим бўйсунган. Кишилик жамиятида содир бўладиган табиий офатлар, иқтисодий инқирозлар туфайли аҳоли ўртасида юзага келувчи камбағаллик қатлами ҳар бир замонда Калом ва муқаддас суннатнинг баракоти билан бартараф этилиб, барча муаммолар ўз ечимини топган.

Аллоҳни зикр этиш ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллашнинг фазилати ҳақида бир қатор ҳадислар мавжуд.

Абдуллоҳ ибн Маъсуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Қиёмат кунида инсонларнинг менга энг яқини менга энг кўп салавот айтганидир”.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

“Кимки менга бир салавот айтса, у туфайли Аллоҳ унга ўн салавот ёзгайдир”

Абдуллоҳ ибн Маъсуд разияллоҳу анҳу ривоят қилади:

“Мен намоз ўқиётган эдим, жаноб Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам шу ерда эдилар. Ҳазрати Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумолар ҳам у киши билан бирга эдилар. Ўтиргач, Аллоҳга сано айтиш билан бошладим, кейин пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга салавот айтдим, кейин ўзим учун дуо қилдим. Шунда ҳазрати Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Тилайвер, (тилаган нарсанг) сенга берилгайдир! Тилайвер, (тилаган нарсанг) сенга берилгайдир! дедилар”.

Гувоҳ бўлганимиздек, Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллашликнинг фазилати юксакдир. Айниқса, буни Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати ёғилиб турган муборак Рамазон кунларида бажаришлик кишилар учун тенгсиз ажрга эга.

Бунинг учун қалбимизда Аллоҳга ва Унинг Расулига ихлосу муҳаббат бўлса бас!

Аллоҳ таоло барчамизга муборак Рамазон баракотини, кенгчилигини ато қилсин!

Қалбларимизни салавот нуридан баҳраманд этсин!

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом

академияси мустақил тадқиқотчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?