Рамазон сабоқлари: Қадр кечасининг фазилати

21:46 19 Май 2020 Маданият
286 0

Меҳр-мурувват, раҳмат, мағфират ва шафқат хислатларини бағрида жамлаган ойлар сарвари бўлган муборак Рамазон ҳам ниҳоясига етмоқда. Кимдир унинг фазилати ва баракотидан баҳраманд бўлиб, Аллоҳнинг розилигини топди. Кимдир эса...

Нима бўлганда ҳам, энди бу азиз ой билан яна бир йилдан сўнг юзлашамиз. Унинг бағрида яширинган файзли кечалар тароватини, сокинлигини, хайру баракотини, гўзаллигини энди бир йил давомида соғиниб яшаймиз.

Гуноҳларимиз афв этилишига сабабчи бўлган, жисмимиз ва қалбимизни поклаган бу муборак кунларнинг рўзасини, ифторлик ва саҳарлигидаги хайру баракотларни кўзлардаги соғинч ёшлари-ла илҳақ бўлиб кутамиз. Рамазон эса кимдандир рози, кимдандир ранжиб бизларни тарк этмоқда.

Бугун унинг охирги ўн кунлигига яширинган Қадр кечасидир. Бу тунни ота- боболаримиз, мастура момоларимиз иззату икром билан кутиб олганлар. Тонггача зикру дуода бўлганлар. Чунки, бу кечада Аллоҳ субҳонаҳу ватаоло инсониятга жамики эзгуликлар китоби бўлган Ўзининг каломини нозил қилган. Бу ҳақида “Қадр” сурасида бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси не эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдин яхшидир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббиларининг изни билан барча ишлар учун тушади. У то тонг отгунча салом бўлиб туради”(Саҳиҳул Бухорий, 3-китоб).

Сурада таъкидланганидек, Қадр кечаси бениҳоя хайру баракотлидир. Айрим манбаларда таъкидланишича, бу кечада гуноҳлар афв этилиб, дуолар қабул бўлади ва тақдирлар белгиланади. Шу боис, Қадр тунини ибодат ва зикр билан бедор ўтказмоқ хайрлидир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий саллолоҳу алайҳи васаллам:

“Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”,-дедилар.

Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан қидиришимизни тавсия қилганлар. Мана салкам бир ярим минг йилдирки, ислом уммати савоб умидида муборак ойнинг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечаларни, ибодатда бедор, дуою зикрда ғайратли, китоб ўқиб, илм-маърифат излашда бардавомлик билан ўтказадилар.

Аллоҳниинг муқаддас каломи ва ўзининг суннатини мерос қолдирган Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу охирги ўн кунлик тунларида уйқуни тамоман тарк этар, то тонггача ибодат билан машғул бўлардилар.

Бу кечанинг энг мақбул дуоси эса будир: “Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний” ёки,“ Аллоҳим! Сен афв қилувчисан, афв қилишни севасан, мени афв қилиб кечиргин!”.

Қадр кечаси барчага муборак бўлсин! Роббимиз унинг савобу мағфирати, баракоти ва фазлига мушарраф қилсин!

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом

академияси мустақил тадқиқотчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?