Раҳбар кадрлар малакаси оширилмоқда

16:28 18 Октябр 2018 Жамият
1069 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Урганч ҳудудий филиалида ўқув машғулотлари бошланди.

Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 6 августдаги “Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ Гулистон, Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида академиянинг ҳудудий филиаллари фаолият кўрсатади.Яқинда академиянинг Урганч ҳудудий филиалининг тантанали очилиш тадбири ўтказилди.

Урганч давлат университети бош биносида жойлашган мазкур филиалда эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органларининг қуйи бўлинмалари раҳбарлари малака оширади.

-Малака ошириш курси олти кун давом этиб, 72 соатлик вебинар, суҳбат, тренинг машғулотларидан иборат,-дейди академиянинг Урганч филиали директори Фарҳод Абдуллаев.- Шунингдек, тингловчиларга мустақил таълим учун топшириқлар берилади ва уларни бажариш якунида тақдимот, чора-тадбирлар режаси ва “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Вебинар машғулотлари академия профессор-ўқитувчилари томонидан онлайн тарзда олиб борилади. Суҳбат ва тренинглар эса кичик маъруза ва мавзу бўйича муҳокама шаклида, ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади ва диалог шаклларида ташкил этилади.

-Ҳар бир раҳбар ўз иш фаолиятини бугунги кун талаби асосида олиб бориши учун доим ўқиб-ўрганиши, жаҳонда юз бераётган сиёсий-иқтисодий жараёнлардан, қонунчиликдаги ўзгаришлар, ахборот коммуникация соҳаси янгиликларидан хабардор бўлиши лозим, -дейди Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Баҳодир Исмоилов.- Ўқув машғулотларида ана шу муҳим жиҳатларга эътибор қаратилаётгани ҳамда таълим жараёнига юқори малакали мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилингани аҳамиятлидир.

Малака ошириш курси тингловчиларининг ўзлаштириши академия таълим портали орқали онлайн мониторинг қилинади. Тизимли равишда топшириқлар бериш ва тестлар ечиш билан уларнинг билими баҳоланади. Малака ошириш курсларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар берилади.

Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019