Қуёш бугун максимал оғишли юқори нуқтада “тўхтаб” қолади

11:55 21 Июнь 2018 Жамият
843 0
Иллюстратив фото

Ўзбекистон аҳолиси бугун табиатнинг ғаройиб ҳодисаси — энг узун кунига гувоҳ бўладилар. Қуёш максимал — 23,5 даража оғишли юқори нуқтада гўёки тўхтаб қолади, сўнгра эса жанубга томон туша бошлайди. Бу фанда “ёзги қуёш туриши” дея изоҳланади.

Ўзбекистон Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти кузатувларига қараганда, бу йилги ёзги қуёш туриши Тошкент вақти билан 21 июнь куни соат 15 дан 7 дақиқада ўтганда содир бўлади. Яъни шимолий яримшарда астрономик ёз бошланади. Шу тариқа 21 июнь — йилнинг энг узун куни, экватордан пастда жойлашган ҳудудларда эса йилнинг энг қисқа куни ҳисобланади.

— 21 июнда кун узунлиги 15 соату 10 дақиқани ташкил этади, — дейди институт катта илмий ходими, физика-математика фанлари номзоди Чори Шерданов. — Бугун Қуёш Бузоқ юлдуз туркумидан Эгизаклар юлдуз туркумига ўтгач, марказий ёриткичнинг оғиши аста-секин ошиб боради. Натижада кунлар қисқариб, тунлар узая бошлайди. Тошкент кенгламасида ой давомида Қуёшнинг туш пайтидаги баландлиги 71 даража атрофига тўғри келади.

Бу кун дунёнинг кўпгина халқларида байрам сифатида кенг нишонланади. Масалан, Финляндия ва Швецияда ёзги қуёш туриши миллий байрам сифатида дам олиш куни деб эълон қилинган.

Иллюстратив фото

Юртдошларимиз ҳам бу кунни ўзгача қаршилашга одатланишган. Сабаби, ҳижрий-шамсий йил тақвимининг тўртинчи ойи — саратон киради. 22 июндан 22 июлгача бўлган даврни ўз ичига оладиган ушбу ой табиатига кўра, иссиқ ва қуруқлиги билан ажралиб туради. Ёз чилласи ҳам шу паллада кириши бунинг яққол далилидир. У саратоннинг учинчи куни, яъни 25 июнда дохил бўлиб, 5 августгача давом этади.

Дарҳақиқат, саратон тиғи жуда ўткир. Айниқса, офтоб тик кўтарилган чоғда унинг тафтига ҳеч ким дош беролмайди: тирик жон борки, ўзини соя-салқин жойга олади. Йўқса, зумда офтоб уруши ёки терини куйдириши ҳеч гап эмас. Шундай бўлса-да, унинг инсон организмига фойдали жиҳатлари ҳам бисёр. Масалан, саратон офтобида чиниққан одам қиш совуқларига чидамли бўлади. Синган суяклар битиб, баъзи касалликларнинг асорати чиқиб кетади.

Фото: Elitefon.ru

Жазирама забтига олган шу кунларда боғбону миришкорларнинг энг машаққатли меҳнат мавсуми бошланади. Шунинг учун деҳқонларимиз “Саратонни иссиқ деб ётма, қўлингдан нақдингни йўқотма” нақлига амал қилиб, унинг ҳар кунидан унумли фойдаланиш пайидан бўладилар. Агротехника тадбирлари сифатли бажарилса, саратон иссиғи экин учун бамисоли малҳам бўлади. Фойдали ҳарорат ҳосилни салмоқдор қилади. Узум, мева, қовун-тарвуз шира тортиб, таркибига шарбат йиғади. Мақолда таърифланганидек, “Саратонда ток суғорса соҳибкор, узуми олдида асал ҳам бекор”.

Яна айтишадики, қишнинг қандай ўтиши саратонга боғлиқ. Донолар бежизга “Яхши келса саратон, писанд эмас қаҳратон” дейишмаган. Ниятимиз саратон қутли келсин!
Саид РАҲМОНОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар