Қурувчининг жони мингтами? Нега Навоийдаги қурилиш ташкилотлари фожиадан кейин ҳам хулоса чиқармаяпти?

17:27 17 Июль 2018 Жамият
372 0
Фото: Темур Эшбоев / "Халқ сўзи".

Жорий йилнинг 2 июль куни Навоий шаҳрида бунёд этилаётган кўпқаватли уйлар қурилишида содир бўлган бахтсиз ҳодиса бир муддат интернетдаги ижтимоий тармоқларнинг бош мавзусига айланган эди.

Яна бир эслаб ўтамиз, унда қурилиш корхонасида пайвандчи сифатида ишлаётган ёшгина йигит ток уриши оқибатида ҳаётдан кўз юмган эди. Мазкур фожиадан қурилиш корхонаси тегишли хулоса чиқариб, техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси масалаларида чора-тадбирлар белгилаган бўлса керак. Бироқ шаҳар (нафақат Навоий) қурилишлари ёнидан ўтар экансиз, афсуски, меҳнат муҳофазаси ҳамон минимал даражада ҳам эмаслигининг гувоҳи бўлдик.

Фото: Темур Эшбоев / "Халқ сўзи".

Бироз олдин мақола тайёрлаш мақсадида учта йирик инвестицион лойиҳани амалга ошираётган “Навоий азот” АЖда бўлган эдик. Корхонада мазкур лойиҳалар рўёбида Япония, Жанубия Корея ва Туркия давлатларидан қурувчилар иштирок этмоқдалар. Қурилиш майдонларига киришингиз билан улкан тасвирий воситалар кўзга ташланади. Ўзга миллат тили алифбосида битилган бир шиорнинг таржимасини сўрадик.

Фото: Темур Эшбоев / "Халқ сўзи".

“Муддат биринчи, техника хавфсизлиги ундан олдин!”, деб ёзилган дея жавоб қилди таржимон. Ҳақиқатан ҳам шундай. Ҳар бир ишчи, ҳатто, корхона раҳбари ҳам иш кийими, каска, кўзойнак ва ҳатто, респиратор билан таъминланган. Ташқаридан келган меҳмонни ҳам ким бўлишдан қатъий назар шундай кийиниш ва ҳимояланишга мажбур этишади. Нафсиламрини айтганда, НКМК, “Қизилқумцемент” ва бошқа бир қатор йирик саноат корхоналарида ҳам шундай муносабатни кузатиш мумкин.

Фото: Темур Эшбоев / "Халқ сўзи".

Афсуски, қурилиш корхоналари, айниқса, улар хусусий бўлса, “бизга бўлаверади” қабилидаги муносабатнинг гувоҳига айланасиз. Бундай корхоналарда қурувчилар уйдан олиб келинган эски кийимлар, оёқда резина шиппак, белдан юқориси яланғоч, омонат тикланган нарвонларда ишлашаётганлигига техника назорати мутасаддиларининг ҳам кўзлари кўникиб қолишган. Афсуски, бундай масъулиятсизлик баъзида юқоридагидек фожиа билан якунланмоқда. Ахир, кўза кунда эмас, кунида синади, дея халқимиз бежиз айтишмаган. Синган кўзани эса тиклаб бўлмайди. Синмагани маъқул.
Темур ЭШБОЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар