Қуръони каримга ҳурматсизлик қилган «атеист»га нисбатан жиноят иши қўзғатилди

22:43 29 Октябр 2020 Жамият
416 0

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда турли диний адоватни қўзғатиш ва диндорлар орасида муросасизликни келтириб чиқаришни тарғиб қилувчи маълумотлар тарқалмоқда, дейилади ИИВ расмий маълумотида.

Хусусан, жорий йилнинг 29 октябрь куни ижтимоий тармоқларда ўзини «атеист», деб таништириб, у томонидан динимизнинг илоҳий манбаси ва энг муқаддас китоби – Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирувлар давомида, мазкур шахс Мингбулоқ туманидан бўлган Шерзод Турдиев эмаслиги аниқланди.

Ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида, ушбу видеотасвирни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахс аниқланиб, терговга қадар текширув ҳаракатларига жалб қилинди.

Текширув натижасига кўра, мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.    

Жиноят иши бўйича тергов натижасига кўра, қўшимча маълумот бериб борилади.

«Шу ўринда, фуқароларимиздан юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик каби азалий анъаналаримизга кундалик ҳаётимизда амал қилишларини ҳамда муқаддас динимизни оёқ-ости қилиб, аҳоли орасида ихтилофлар келтириб чиқаришга бўлган уринишлар учун қонунда жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз», дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?