Қурилиш ташкилоти Гиннеснинг рекордлар китобига кирмоқчи эдими?

17:13 29 Май 2019 Жамият
390 0

Иллюстратив фото

Бутун бошли сиҳатгоҳ биносини қанча қурувчини жалб қилган ҳолда барпо этиш мумкин? Кимдир бу саволга ўн, кимдир йигирма ва яна кимдир ўттиз – қирқ нафар ишчи кучи билан бино қад ростлайди, дея жавоб бериши мумкин.

Аммо “Ғиждувон Ғовшун Махсус Қурилиш Монтаж” масъулияти чекланган жамияти ҳисоботини кўздан кечирган солиқчилар таажжубдан ёқа ушлашди.Унда Бухоро шаҳридаги Ситораи Моҳи Хосса маҳалла фуқаролар йиғини марказида барпо этилаётган сиҳатгоҳ қурилишида атиги бир киши ишлаётгани қайд этилганди –да.Эҳтимол, қурилиш ташкилоти шу тариқа Гиннес Рекордлар китобидан ўрин олмоқчидир, деган хаёлга борасан, киши.

Ваҳоланки, ўрганиш шуни кўрсатдики, объектда 10 нафар ишчи норасмий тарзда меҳнат қилаётган экан.

“Сайфулло мангу” масъулияти чекланган жамиятида ҳам камерал назорати ўтказган давлат солиқ хизмати ходимлари юқоридагига ўхшаш ҳолга дуч келдилар.Электр трансформаторлари ва ускуналарини таъмирлаш корхонаси биносини барпо этаётган бу қурилиш ташкилотида беш нафар ишчининг норасмий тарзда ишга ёллангани маълум бўлди.

“Бухоро саноат” масъулияти чекланган жамиятида ҳам шундай ҳол аниқланди. Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Б. Файзиевнинг билдиришича,тушунтириш ишлари натижасида юқоридаги учала ҳолатда норасмий ишлаётганларнинг фаолияти қонунийлаштирилган.Корхоналарга молиявий ҳамда маъмурий жавобгарлик чоралари қўллашнинг олди олинган.

Ҳолбуки, ушбу хатти-ҳаракатлар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 175ʼ5-моддасига мувофиқ фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солинишига сабаб бўларди.

Маълумот тариқасида айтиш керакки, жорий йилнинг ўтган даврида корхона ва ташкилотларнинг солиқ ва молиявий ҳисоботлари бўйича 5 749 маротаба камерал назорат ўтказилди.

Бунинг натижасида хўжалик юритувчи субъектларнинг 12 мингтадан зиёд ҳисоботида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар қайта ҳисоб – китоб қилинган.Камчиликлар аниқланиб, 126,8 миллиард сўм миқдорида қўшимча маблағ ҳисобланган ҳамда бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга 87,9 миллиард сўм ундириб олинган.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019