Қурилиш материаллари соҳасига илмий-тадқиқотлар натижалари жорий этилади

18:17 02 Июль 2019 Иқтисодиёт
199 0

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошида ташкил этилган Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, масъул ходимлари иштирок этди.

2019 йилда вазирлик томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида илмий-тадқиқот ишлари бўйича умумий қиймати 7,6 млрд. сўмлик 10 та йўналишда инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди. Мазкур танловлар ғолиблари ўз илмий тадқиқотлари натижасида энерготежамкор, маҳаллий хомашёлардан тайёрланадиган, юқори сифатли замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш технологияларини яратишлари кўзда тутилган.

Йиғилишда БМТ ривожлантириш дастури билан ҳамкорликда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича Акселератор ташкил этиш муҳокама қилинди ва уни ташкил этишга келишилди. Мазкур акселератор қурилиш соҳасидаги инновацион ғояларни ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш дастури бўлиб, шунингдек қурилиш соҳасини рақамлаштириш масаласи билан шуғулланиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтининг “СТРОМ” илмий-тадқиқот ва синов лабораторияси негизида юқори қўшилган қийматли янги турдаги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқариш технологияларини яратиш имконини берувчи замонавий лаборатория ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Бугунги кунда Республикамизда замонавий ускуналар билан жиҳозланган, барча турдаги қурилиш материалларининг кимёвий ва физик хусусиятларини ҳар томонлама таҳлил қила оладиган лабораторияга эҳтиёж катта эканлиги таъкидланди. Қурилиш ишлари кенг кўламда ва сифатли амалга оширилиши учун хом ашёларнинг муайян талабларга жавоб беришини назоратга олиш долзарб муаммо эканини инобатга олиб, лаборатория жиҳозлари рўйхатини шакллантиришни мувофиқлаштируви ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Шунингдек Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий марказида ташкил этилган стартап акселераторда Туркиянинг илмий технологик тадқиқотлар кенгаши “TUBITAK” ташкилоти ҳамда Қозоғистоннинг Назарбаев университети билан ҳамкорликда “Tech Central Asia Tashkent” стартап лойиҳалар танловлари эълон қилинди. Танлов натижаларига кўра иссиқликни сақловчи енгил плиталар, полимер бирикмалар, уй иситиш тизимлари, вентиляция ва совитиш тизимлари қурилмалари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳомий маблағлари ажратилади.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат сиёсати туфайли қурилиш соҳасида ҳам каттадан катта ўзгаришлар бўлмоқда. Ишлаб чиқарувчилар, тадқиқотчилар ва тадбиркорлар ўртасида пайдо бўлган ришталарнинг янада мустаҳкамланаётгани юртимиз равнақи, элимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Қурилиш соҳасининг ривожланиб бориши хомашё ва энергетик ресурсларни тежашга имкон берувчи юқори сифатли самарадор янги материалларнинг яратилишини талаб этади.

“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019