Қуйи Чирчиқда “Ёшлар — келажагимиз” номли шаҳарча ташкил этилди (Фоторепортаж)

12:43 13 Ноябрь 2018 Жамият
768 0

Жорий йилнинг май-июнь ойларида республика ишчи гуруҳи томонидан Қуйи Чирчиқ туманидаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, унда ёшларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва тадбиркорликка бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор лойиҳаларни рўёбга чиқариш вазифалари белгилаб олинган эди. Эртамиз эгаларини қийнаб келаётган 1,5 мингдан ортиқ муаммоларнинг 66 фоизи жойида ҳал этилди. Қолганларини ҳам бартараф қилиш чоралари кўрилди.

Ўрганишларда мутахассислар ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва турмуш шароитидан келиб чиқиб, маҳаллаларга ташхис қўйишди. Натижада 13 та маҳалла “оғир”, 18 таси “қониқарсиз” ва 6 та маҳалла “қониқарли” деб баҳоланди.

Бу маҳаллаларни босқичма-босқич “яхши” тоифага ўтказиш мақсадида 14 та йиғинда “Yoshlar mehnat guzari” ташкил этиш, шу орқали 1239 нафар йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш белгиланди.

Шунингдек, туман ҳокимлиги ҳузурида “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси очилиб, унга бюджет ҳисобидан 500 миллион, бошқа манбалардан 2 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилди.

Орадан ўтган қисқа вақт мобайнида амалга оширилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида 116 нафар ёшга тадбиркорлик қилиши учун 2,3 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди.

Шуларга мос равишда “Мингчинор”, “Балиқчи” ва “Уччинор” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари қурилиши бошлаб юборилди. Биргина Уччинор маҳалласида “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури асосида фойдаланишга топширилган “Ёшлар — келажагимиз” дея номланган шаҳарчада бир йўла 120 нафар ёш ишли бўлди.

Бу ерда “Баркамол авлод” болалар бадиий ижодиёт маркази, “Yoshlar mehnat guzari”, мактабгача таълим муассасаси, савдо мажмуаси, дорихона, гўзаллик салони, тиббий хизмат кўрсатиш хонаси, ўйин ва спорт майдончалари мавжуд.

Шаҳарчанинг фойдаланишга топширилиши катта тантанага айланди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда қатнашган давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари уни республикамиздаги биринчи ва энг намунали шаҳарча, деб баҳолашди.

Дарҳақиқат, бу ердаги ҳар бир объект эътиборга лойиқ. Масалан, тикув цехи фаолиятини олайлик. Унда, асосан, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар вакиллари меҳнат қилмоқда. Ишчилар учун барча шарт-шароит яратилган. Улар “ақлли” тикув машиналарида буюртмаларни тез ва сифатли бажаришмоқда.

“Цехимиз очилиши билан буюртма ҳам кўпайиб кетди, ҳозир аёллар учун қишки кийимлар тикяпмиз. Буни тугатгач, 34 мингта нимча тайёрлашга киришамиз. Қисқаси, бу ерда меҳнат қилаётганларнинг ҳаммаси хурсанд”, — дейди цех устаси Ойгул Шакимова.

Ҳудуддаги “Баркамол авлод” болалар бадиий ижодиёти маркази ҳам энг гавжум масканлардан биридир. Унда 10 дан ортиқ тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Бу ерга тумандаги бир қатор мактаблар ўқувчилари, Равнақ, Уччинор, Хўжа аҳоли пунктлари ёшлари жалб қилинган. Марказдаги компьютерлар пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига уланган ва ёшларимиз 1200 та электрон китобни ўқиш имконига эга.

Шаҳарчадаги мактабгача таълим муассасаси ҳам ҳавас қиладиган даражада. Бу ерда болажонлар учун барча шарт-шароит мавжуд.

Ўз навбатида, “Ёшлар — келажагимиз”да намунали лойиҳа асосида 10 та тураржой барпо қилинди. Улар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар вакилларига берилди. Хонадонлар ҳомийлар томонидан жиҳозланган.

Умуман олганда, бундан беш ой олдин республика ишчи гуруҳи ушбу тумандаги муаммоларни ўрганиш жараёнида бирорта маҳаллани “яхши” тоифага киритмаганди. Бугун эса Уччинор маҳалласида барпо этилган бу мўъжаз шаҳарча юртимиздаги энг намунали, дея таърифланиши ҳеч кимни беэътибор қолдирмаслиги, шубҳасиз.
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Суратлар муаллифи: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи".


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019