Қозоғистон ўз “Нексия”сини ишлаб чиқарди. У ўзбекча муқобилидан нимаси билан фарқ қилади?

12:26 04 Июль 2019 Иқтисодиёт
1006 0

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган Ravon Nexia R3 русумидаги автомобилнинг дастлабкилари расмий дилерлар шоу-румларида пайдо бўлди, деб хабар берди Kursiv.kz.

Автомобиль GM Uzbekistan томонидан Chevrolet Aveo базасида Ravon маркасида ишлаб чиқилган. Мазкур модель илк бор 2015 йил октябрь ойида тақдим этилганди. Рестайлинг(услуби қайта ўзгартирилгандан) сўнг Қозоғистонда ҳам пайдо бўлган.

Қозоғистонлик харидорлар автоуловни Comfort ва Optimum йўналишларида сотиб олишлари мумкин. Ҳар икки тур ҳам 106 от кучига эга, бензинда ҳаракатланади, ҳар иккисига 5 поғонали механик трансмиссия ёки 6 поғонали “автомат” ўрнатилган.

Автомобиллар хавфсизлик ёстиқчалари, ESC, ABS курс барқарорлиги тизими, Эра-Глонасс тизими билан жиҳозланган.

Маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига Nexia R3ни имтиёзли кредит(номинал ставка йиллик 4 фоизга тенг) дастури бўйича ҳам харид қилиш мумкин. У Ўзбекистондаги муқобилидан арзон бўлади. Седан нархи 3,8 млн. тенге(қарийб 9,8 минг доллар)га тенг. Кафолати 5 йил ёки 100 минг км.га тенг.

Ҳозирча Кустанай шаҳридаги заводда фақат R3 модели йиғилиши режалаштирилган, келгуси йилдан уларнинг сафи кенгайиши мумкин.

Жорий йилда шу русумдаги 16 мингта автоуловни ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Шундан 6 мингтаси ички, 10 мингтаси экспорт, жумладан, Россия бозорларига чиқарилади.

“Дунё” ААнинг ёзишича, ушбу янгилик муносабати билан Олмаота шаҳрида тақдимот маросими ўтказилди. Унда давлат ва жамоатчилик доиралари, дипкорпус вакиллари иштирок этди.

- Қозоғистонда Ravon Nexia R3 лойиҳасининг амалга оширилиши икки қардош давлат ўртасида савдо-иқтисодий соҳалардаги давом этаётган муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин мисолидир, - деди Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев. – Эришилган натижа икки давлат ишбилармонларининг ўзаро фойдали шартлар асосида ҳамкорликдаги маҳсулотлар билан ташқи бозорга чиқиш бўйича шерикликнинг янги шаклларини ривожлантиришга тайёр эканлигини кўрсатади.

UzAuto Motors бошқарувчи директори Александр Саҳобов эса Ravon R3 Қозоғистон бозоридаги маҳсулотлар туркуми флагмани эканлигини таъкидлади.

- Қозоғистон бозорида ҳамкорликнинг бошланишида биз дистрибьютерлар билан ишлаган эдик, энди Ravon автомобиль маркасини ишлаб чиқариш Қозоғистонда ҳам йўлга қўйилганидан хурсандмиз, - дея қўшимча қилди у.

Allur Auto компаниялар гуруҳи президенти Оксана Холстина ўз гуруҳига тегишли “СарыаркаАвтоПром” Қозоғистон автомобилсозлиги етакчиси эканлигини таъкидлади.

- Биз маҳсулотларимиз, жумладан, Ravonʼнинг сифатига кафолат берамиз. Истеъмолчилар мамнун бўлади деган умиддамиз. Биз ушбу воқеани анчадан бери кутаётган эдик ва ушбу моделнинг ўзида тўхтаб қолиш ниятимиз йўқ. Келажакда Қозоғистонда йиғилган бошқа моделларни ҳам тақдим этамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?