Қозоғим — қардошим, ўзбегим — ўз оғам

12:50 18 Апрель 2018 Жамият
1946 0
Фото: Е.Омаров («Egemen Qazaqstan»)

Евросиёнинг “юраги”да жойлашган минтақамиз халқларини минг йиллик қардошлик ҳамда яхши қўшничилик ришталари боғлаб туради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари интеграцияси йўлидаги саъй-ҳаракатлари, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан бирга халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари ҳар икки юрт аҳлини ҳам бирдек мамнун этмоқда.

Президентимиз илгари сурган ўзаро маслаҳатлашувлар бўйича учрашувларни мунтазам ташкил этиш ташаббуси Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан қўллаб-қувватланди. 

Жорий йилнинг 15 мартида Остона шаҳрида илк маротаба Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Мамлакатларимиз икки томонлама ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЕХҲТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби қатор нуфузли тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилаяпти.


2018 йил — Қозоғистонда Ўзбекистон йили

Яратганнинг ўзи бизга қўшни бўлишдек бебаҳо неъматни ато этган. Бизнинг донишманд ота-боболаримиз “Ҳовли олма, қўшни ол”, деб бежиз айтишмаган. Биз азал-азалдан бир заминда, бир қуёш остида яшаб келмоқдамиз, бизнинг илдизларимиз бир.

Халқларимизнинг Абу Райҳон Беруний ва Абу Наср Форобий, Хўжа Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий ва Абай Қўнонбоев, Ойбек ва Мухтор Авезов, ўафур ўулом ва Собит Муқонов каби улуғ намояндалари ва бошқа кўплаб атоқли олимлар, мутафаккир ва шоирлар мероси бизнинг умумий бойлигимиздир.
Биз инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари билан йўғрилган бу маънавий меросни асраб-авайлашимиз ва бойитишимиз лозим.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Президенти

Фото: Е.Омаров («Egemen Qazaqstan»)


Қозоғистондаги Ўзбекистон йили халқларимиз ўртасидаги қадим замонлардан келаётган, умумий тарихимиз, аждодларимизнинг бой маънавий мероси билан исботланган қардошлик алоқаларининг ёрқин кўринишидир. Бизда умумий дунёқараш, фикрлаш, маданият, дин ва умумий урф-одатларимиз бор. Маданият, тил ва анъаналар -доимо халқларнинг ўзаро яқинлашувига асос бўлган.

Нурсултон НАЗАРБОЕВ,
Қозоғистон Республикаси Президенти

Фото: Е.Омаров («Egemen Qazaqstan»)

Ўзаро яқин алоқалар, очиқ мулоқот қадим анъаналарнинг бугунги глобал дунёда янги кўринишларда намоён бўлишини талаб этади. Шундан келиб чиқиб, эндиликда турли соҳаларда муносабатларнинг фаоллашгани эзгу мақсад — минтақа халқларининг янада яқинлашишига хизмат қилмоқда.

Ўзбек ва қозоқ халқларининг қавму қариндошлик, дўсту биродарлик муносабатлари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Эндиликда Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон давлатлари ўртасида дўстона қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик тили, дини, урф-одати, адабиёти ҳамда маданиятлари муштараклигига таянган ҳолда изчил равнақ топмоқда.

Яқин шериклик, ўзаро тенглик, ҳамфикрлик ва юксак ишонч каби устувор тамойилларни сингдирган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома (1998 йил), Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома (2013 йил) ҳамда бошқа қатор ҳужжатлар асосида давлатлар ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда минтақамиздаги долзарб масалаларни мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатларини умумий масъулият тамойили асосида бирлаштириш орқалигина ҳал этиш мумкин, дея таъкидлаган эди. Ана шундай умумий муаммоларни ҳал қилишнинг йўлларини биргаликда излаб топишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларини Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри томон чорлади. Президентимиз илгари сурган ўзаро маслаҳатлашувлар бўйича учрашувларни мунтазам ташкил этиш ташаббуси Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан қўллаб-қувватланди. Жорий йилнинг 15 мартида Остона шаҳрида илк маротаба Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Халқаро сиёсий масалаларда ҳам Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мамлакатларимиз икки томонлама ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЕХҲТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, -Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби қатор нуфузли тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилаяпти. Минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир. Айниқса, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳамда ўзаро интилишлари туфайли азалий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида, ҳақиқатан ҳам, улкан натижаларга эришилди.

Наврўз қадриятлари ила

Тошкент вилояти делегацияси Жанубий Қозоғистонда, Қизилўрда, Шарқий Қозоғистон ҳамда Жанубий Қозоғистон вилоятлари делегациялари Ўзбекистонда бўлишди. Яйловда моли, уйда оилалари том маънода “қоришиб” кетган бу икки халқнинг бирдамлигига яқиндагина қардош Қозоғистон пойтахтидаги “Астана-опера” театрида бўлиб ўтган “Қозоғистонда Ўзбекистон йили”нинг расмий очилиш тантаналарида яна бир карра амин бўлдик. Бу икки халқнинг неча асрлик орзу-умид ва интилишлари муштарак эканлигининг исботидир. Ушбу воқеа халқларимиз тарихида биринчи марта Наврўз айёми арафасида бошлангани ҳам ўзига хос рамзий маънога эга.

— Телевидение орқали “Қозоғистонда Ўзбекистон йили” бошланиши муносабати билан Остона шаҳридан тўғридан-тўғри олиб берилган байрам тадбири, унда ўзбекистонлик санъат усталари томонидан намойиш этилган концертни томоша қилаётиб, беихтиёр кўзларимга ёш келди, — дейди Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги 5-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Зулфия Дуйсенова. — Халқимизда “Наврўзда амалга оширилган эзгу ишлар, байрам шукуҳи йил бўйи давом этади”, деган тушунча бор. Биз ҳам айнан шу куни қўшниларимиз билан сумалак қайнатаётган эдик. Ривоятларга кўра, мана шундай пайтда уйга кириб келадиган меҳмоннинг қадами қутлуғ бўлади.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг бир-бирига бўлган юксак ҳурмати, эзгу ниятларга йўғрилган самимий чиқишлари, умуман, тантана ҳамда концерт бизда чуқур таассурот қолдирди. Азалий баҳор таомини қайнатаётиб, мана шундай барқарор юртда тинч-тотув яшаётганлигимизга, халқларимизнинг ўзаро яқинлиги, маданиятимиз, анъанаю урф-одатларимиз ўхшаш эканлигига шукроналар айтдик.

“Юртимизга хуш келибсиз!”

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан йўл олган авиалайнеримиз салкам икки минг километрлик масофани атиги 2 соат ичида босиб ўтиб, Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги “Нурсултон Назарбоев Халқаро аэропорти”га етиб келди.

Марказий Осиёда бетакрор ва замонавий мегаполис шаҳар номига эга Остонага биринчи бор келишим. Шу боис аэропорт ҳудуди, ундаги йўловчилар учун яратилган қулайликлардан мамнун бўлдим. Айниқса, паспорт назоратидан ўтиш пайтида қозоғистонлик божхона ходими Жасулан Баякешевнинг менга қарата: “Ҳурматли меҳмон! Юртимизга хуш келибсиз! Сафарингиз бехатар ўтсин!” деган мурожаатидан ҳаяжонландим, ўзим каби оддий йўловчиларга билдирган илиқ муомаласидан хурсанд бўлдим.

— Ўзбекистонда кечаётган ижобий ўзгаришлардан хабардормиз, — дейди “Тошкент — Остона” рейси билан келганимни англаган остоналик ҳайдовчи Асқар оға. — Юртбошингиз Шавкат Миромонович кўп хайрли ишларни бошлади. Айниқса, яқин қўшни давлатлар билан борди-келдини жойига қўйдилар. Яқинда Ўзбекистондан кўп меҳмон келди — артистлар, ёзувчилар... Бу йил бизда “Ўзбекистон йили”, шу сабаб кўплаб тадбирлар ўтказилар экан.

— Ўзбекистон ҳақида яна нималарни биласиз? — суҳбатга чорлайман у кишини. — Биз томонларда бўлганмисиз?

— Сизларда саноат, туризм соҳалари, қишлоқ хўжалиги юксак ривожланган, — давом этади Асқар оға. — Чиройли, шинам ва камхарж ўз машиналарингиз бор. Полиз маҳсулотлари эса дунёда энг мазали десам, асло муболаға эмас. Ўтган йили “ЭКСПО — 2017” кўргазмасида Ўзбекистон павильонидаги экспонатларни кўриб, бунга тўлиқ амин бўлдим.

Халқ ичида “Елорда” дея тан олинган Остонага келганимизда қозоғистонлик журналист укамиз Нурлан Туяков ҳамроҳлигида мазкур гўзал ҳамда навқирон шаҳарнинг Тинчлик ва тотувлик саройи, “Байтерек” монументи (“Тинчлик дарахти”), “Астана-опера” давлат опера ва балет театри, “Ҳазрат Султон” масжиди, “MEGA Silk Way”, “Хан-шатир” савдо-кўнгилочар марказлари, “ЭКСПО — 2017” халқаро кўргазмаси ўтказилган “Нур алем” мажмуасини томоша қилдик.

Ҳамкасбимнинг айтишича, Остона ЕХҲТнинг саммити, Осиё қишки ўйинлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг тарихий мажлиси, “ЭКСПО — 2017” бутунжаҳон кўргазмаси, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити, илк бора ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви ҳамда бошқа кўплаб нуфузли халқаро анжуманларга ҳам мезбонлик қилган. Айни пайтда у Қозоғистонда йирик бизнес марказларининг бири ҳамдир.

“Овули аралаш, қўйи қўралаш”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари интеграцияси йўлидаги саъй-ҳаракатлари, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан бирга халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги -ташаббуслари ҳар икки юрт аҳлини ҳам бирдек мамнун этмоқда.

— Қардош икки халқ дўстлиги мустаҳкамланаверсин! — дейди Қозоқ миллий аграр университети профессори, алматилик Серғали Мирзақулов. — Ахир қуёшли ўлкада қўшни жойлашган бу икки элни “Овули аралаш, қўйи қўралаш”, деб бежиз аташмаган. Бугунги кунда бизнинг университетимизда 78 нафар ўзбекистонлик йигит-қиз таҳсил олаяпти. Қозоғистонлик тенгдошлари билан бирга, билимларини чархлаб, миллий урф-одат, маданиятини тарғиб қилиб юрган бу ёшларга қараб, чин дилдан қувонасан киши.

Ўзбек ва қозоқ олимлари, йирик корхоналар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари иштирокида сўнгги янгиликлар билан ўртоқлашиш, тажриба алмашиш бўйича анжуманлар, семинар ва учрашувлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида сўзлаган Серғали оға бу ҳақда ҳали матбуотда чиқишлар қилиш орзусини ҳам яшириб ўтирмади.

— Ўзбек ҳамда қозоқ халқлари ўртасида азалдан маданий алоқалар ривожланган, урф-одат ва анъаналаридаги муштараклик бу муносабатларнинг тобора мустаҳкамланишига -хизмат қилади, — дея суҳбатимизга қўшилади тадбиркор Абдурашид Ергешов. — Ўзаро муносабатларимизнинг яхшиланиши боис халқларимиз бир-бирига янада яқинлашса, тараққиёт сари биргаликда одимласак, нур устига нурдир.

— Ўзбекистон менинг она-Ватаним, — фахр ила сўзлайди Нурислом Ўктамов. — Шу гўзал юртда туғилиб ўсдим, вояга етдим. Ҳозир Остонадаги Лев Гумилев номидаги Евросиё миллий университетида ахборот-коммуникация технологиялари йўналиши бўйича таҳсил олаяпман. Ўзбек ҳамда қозоқ халқларининг аҳиллиги, маънавий бирлиги кўп асрлик дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу сўзларни айтаётганларнинг юз-кўзларида, тили ва дилида бир-бирига интилиши, соғинч ҳисси уфуриб турганига гувоҳ бўлдик.

Навоий ва Абай — ижодлари муштарак даҳолар

Ўзбек ҳамда қозоқ халқлари тарихида буюк мутафаккирлар, атоқли фан ва санъат арбоблари, олимлар, ёзувчи ҳамда шоирларни самимий дўстлик ришталари боғлаб турган.
Яқин кунларда Лев Гумилев номидаги Евросиё миллий университетида Алишер Навоий номидаги ўзбек адабиёти ва маданияти маркази очилади. Мазкур марказ университетнинг “Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти”, “ЮНЕСКО кафедраси”, “Қозоғистон халқи Ассамблеяси” каби махсус аудиториялари билан бир қаторда жойлашади. Чимкент шаҳрида эса Алишер Навоий боғи барпо этилади.

Қозоқ шоири ҳамда мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш бўйича Ўзбекистонда кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

— Президент Шавкат Мирзиёев “Қозоғистонда Ўзбекистон йили” очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккири, гуманисти Абай Қўнонбоев ижодий меросини ушбу юртда кенг ўрганиш ҳамда тарғиб этиш тўғрисида қарор имзоланганини айтганида, — дейди Остона шаҳридаги 78-мактаб-гимназияси директорининг илмий-услубий ишлар бўйича ўринбосари Замира Атантаева фахр билан, — “Астана-опера” театрида жам бўлган барча қатнашчилар ўринларидан туриб, бундай ажойиб янгиликни зўр ҳаяжону олқишлар билан қабул қилишди. Ҳақиқатан ҳам, бу улуғ зотнинг ўгит ва насиҳатлари бугун ўз долзарблиги ҳамда аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Ўзбекистонлик ўқувчилар ўртасида “Абай асарларининг билимдони” иншолар кўрик-танловининг ўтказилиши, таълим муассасаларида таниқли шоир ҳамда ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар уюштирилиши буюк Абайга эҳтиром ифодасидир.

— Ўзбекистонда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ҳамда тарғиб этиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида эшитиб, биз, қозоғистонлик маорифчилар чин дилдан хурсанд бўлдик, — дейди “Нурорда” мактаб-лицейи қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Замира Бимбетова. — Буюк бобомиз маърифатпарвар шоир ҳамда мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси эканлигини бутун дунё халқлари билса арзийди. Тарихдан маълумки, қозоқ билан ўзбек ака-укадек бир-бирига ниҳоятда меҳрибон бўлган. Ота-боболаримиз ташқи душманлардан эли ҳамда ерини бирга ҳимоя қилган, самимият билан қучоқ очиб, қавму қариндош, қуда-анда бўлган. Шу боисдан ҳам биз эндиликда тарбиявий соатларнинг айрим мавзуларини қўшни Ўзбекистонга, қардошу қондош ўзбек халқининг тарихи, урф-одати, миллий анъаналари, адабиёти ва маданиятини ўрганишга бағишлаймиз.

— Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири Абай номида эканлиги, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси биноси олдида буюк шоирнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаб турганини яхши биламиз, — дейди чимкентлик шифокор, оқин Абдусадиқ -Тулеев. — Ўзбекистон раҳбарининг қарорида Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ҳамда аҳамият касб этади, деган сўзларни ўқиб, дилларимиз яйради.

Абай Қўнонбоев Шарқнинг буюк мутафаккири, ўзбек шоири Алишер Навоий каби бебаҳо мерос қолдирган. Унинг ўзбек халқига меҳру муҳаббати юксак бўлган. “Ибратли сўзлар” китобининг “Иккинчи сўзи”да Абай: “Ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўзғамайди. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандлик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми — ҳаммаси уларда бор”, дея ўзбек халқига юксак баҳо берган.

Абай Ҳазрат Алишер Навоийни ўзига устоз деб билган, истеъдодига таъзим қилган. Ўзбек ҳамда қозоқ адабиётларининг буюк намояндалари Алишер Навоий ва Абай турли замонларда яшаган бўлсалар ҳам, авваламбор, ўз халқининг буюк келажагини ўйлаб, адолатга интилиб, эзгу мақсадлар йўлида ижод қилганлар. Алишер Навоийнинг “Йигитликда йиғ илмнинг махзани, Қарилик чоғи харж қилғил ани”, деган ҳикматига Абайнинг:

Қизиқма ҳар нарсага,
Ҳунарли бўлсанг, тур, отлан.
Сен ҳам — бир ғишт, дунёга
Кемтигин топ ва бор, қалан!

— деган сатрлари ҳамоҳангдир.

Дўстлик чегара билмайди

Қардош республика халқлари бирлигининг ноёб моделини шакллантиришда Қозоғистон халқи Ассамблеяси муҳим ўрин тутади. Унинг бош вазифаси миллатлар бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорликни -таъминлаш, давлат ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг этнослараро муносабатлар соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигининг самарадорлигини оширишдир. “Дўстлик” Қозоғистон ўзбеклари этномаданият жамоат бирлашмалари Ассоциацияси ана шундай ноёб тузилманинг ажралмас қисмидир.

— Бугунги кунда Қозоғистонда миллатлар маданиятлари, тиллари, урф-одатларининг ривожи учун барча шарт-шароит яратилган, — дейди “Дўстлик” Қозоғистон ўзбеклари этномаданият жамоат бирлашмалари Ассоциацияси раиси ўринбосари Ҳасан Шарипов. — Этномаданий бирлашмалар сони доимий равишда ўсмоқда. Билим бериш ўзбек, тожик, уйғур ҳамда украин тилларида олиб бориладиган мактаблар бор. Қозоқ ва рус театрларидан ташқари яна тўртта миллий — ўзбек, уйғур, корейс ҳамда немис театрлари фаолият юритади. Ҳар йили умумхалқ байрамлари — Наврўз, 1 май — Қозоғистон халқи бирдамлиги байрами, масленица, сабантойни ўтказиш анъанага айланган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Сўнгги пайтда икки қардош мамлакат раҳбарларининг тез-тез учрашиб туришлари бизни беҳад хурсанд қилади, айниқса, давлат раҳбарларининг турли даражадаги мулоқотлари мамлакатлар ўртасидаги кўприкни, шериклик алоқаларини -мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бежиз ўзбеклар “Қозоғим — қардошим”, қозоқлар эса “Ўзбегим — ўз оғам”, дейишмаган, бу бизнинг илдизларимиз теран эканлигининг исботидир.

— Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги 15 — 20 йиллар давомидаги икки эл орасида мавжуд бўлган муаммолар, оғриқли нуқталарга тамоман барҳам берилди, — дейди Остона шаҳри ўзбек этномаданият маркази оқсоқоллар кенгаши раиси ўринбосари, “ТаразКожОбувь” МЧШ (масъулияти чекланган шериклиги) бош директори ўринбосари Шомухтор Шоюнусов. — Халқларимиз ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ҳамда ўзаро меҳмондорчиликка бориб-келишлари учун барча йўллар очилди. Ана шундай ижобий силжишлар натижасида ўтган йили дастлаб Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятидан бир гуруҳ фаоллар бизнинг Жамбул вилоятига ташриф буюришган бўлса, орадан бир оз вақт ўтиб, биз, таразлик фаоллар ҳам Ўзбекистонда бўлдик. Бу икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги эзгу қадамлар эди. Мазкур учрашувлар давомида ишлаб чиқарувчилар учун кўргазмалар, -анжуманлар ташкил этилди. Олдимизда бизни катта тадбирлар кутмоқда. Ана шу эзгу ишларни амалга оширишда ҳар иккала халқ фаолларига муваффақиятлар тилаймиз.

Нурлан УСМОНОВ,
махсус мухбиримиз.

Тошкент — Остона — Тошкент


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019