Бу йил тарвуз ва қовунлар нега қиммат?

15:46 02 Август 2018 Иқтисодиёт
5064 0
Фото: Аҳмадали Шерназаров / «Халқ сўзи»

Ушбу пишиқчилик мавсумида айрим йиллари нисбатан арзон бўладиган қовун-тарвузларнинг баҳоси сезиларли даражада қиммат. Ҳатто баъзи минтақаларда бу неъматлар килолаб ўлчанган ҳолда ҳам сотилмоқда. Хўш, қовун –тарвузларнинг айни кунларда ўтган йиллардагидан кўра деярли икки баравар юқори нархда сотилаётганлигининг сабаблари нимада? “Халқ сўзи”мухбири Аҳмадали Шерназаров шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида кичик журналистик суриштирув ўтказди.

Деҳқонлар билан шу масалада гаплашганимизда улар бунга биринчи сабаб майдаги ҳамда июнь ойининг бошидаги салқин ҳаво мазкур экинларнинг ривожи ва ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатганини айтишди. Республикамизнинг эртапишар тарвуз полизларида эса жорий йилдаги аномал иссиқ ҳаво ҳодисаси – саҳро гармсели туфайли гул ва ҳосил тугунчаларининг тўкилиши содир бўлган.

Яна деҳқонларнинг фикрича, полиз экинлари, айниқса, қовунга бир неча йиллардан буён катта муаммо бўлиб келаётган қурт тушиши аримаётганлигидир. Маълумки, ушбу зараркунанда қовун гулига личинка қўйиб, ҳосил билан бирга, аниқроғи, унинг ичида ривожланиб боради. Шу боис, қовуннинг “қуртлагани” фақатгина уни сўйгандагина билинади. Кўриниб турибдики, айни ҳолат бутун бир полиз пайкалларидаги ҳосилни истеъмолга яроқсиз ҳолга келтиради, деҳқон меҳнатини пучга чиқаради.

Фото: Аҳмадали Шерназаров / «Халқ сўзи»

Нима қилмоқ керак? Мутахассисларнинг фикрича, полизчилик тарқоқ деҳқончилик бўлгани туфайли, барча пайкал эгалари қовун қуртига қарши бир вақтда кураш олиб боришмайди. Демак, агар кимёвий ишлов бериш маълум ҳудудларда мувофиқлаштирган ҳолда ёппасига ўтказилса, бу борадаги аҳвол анча яхшиланар эди.

Энг ачинарлиси, ана шундай қурт тушган қовунлар сотувда ҳам учрамоқда. Бундай ҳолат айниқса, автойўллар четида, пайкалларига яқин манзилларда қовун-тарвуз сотаётган деҳқонларнинг маҳсулотларида кузатилиш эҳтимоли юқори. Нега десангиз, бундай жойларда полиз маҳсулотларини махсус текширувдан ўтказиш имконияти йўқ. Афсуски, қовуннинг қуртлагани ташқи томонидан билинмайди. Юқорида келтирганимиздек, унинг бундай зарарланган ёки зарарланмаганлиги сўйилганида маълум бўлади.

Фото: Аҳмадали Шерназаров / «Халқ сўзи»

Мирзаобод туманининг “Нурафшон” маҳалласи теварагидаги бир неча полиз майдонларини тасвирга олганимизда ҳақиқатдан ҳам бу йил қовун экинларининг яхши ривожланмаганлигини, боз устига турли касалликларга чалинганлигини гувоҳи бўлдик. Яна бир жиҳат шуки, ушбу зироат экинлари шўрхок ерларга ҳам жойлаштирилган. Деҳқонларнинг айтишича,бундай экин майдонларида қовун яхши ҳосил бермайди. Шу боис, полиз экинлари учун жой танлашда ана шу жиҳатга ҳам эътибор берилса, яхши бўлар эди, дейишмоқда улар.

Полиз маҳсулотлари, хусусан, қовун нархининг баландлигининг яна бир сабаби, бу хориж бозоридаги унга бўлган талабнинг ошиб бораётганлиги ҳамдир. Албатта, буни ижобий ҳолат сифатида баҳоламоқ лозим. Демак, бизнинг, бошқа минтақаларда учрамайдиган ва тенги йўқ қовун-тарвузларимиз четда ҳам тобора харидоргир бўлиб бораётгани, экспорт ҳажмининг ошаётгани кишини қувонтиради. Лекин бошқа тарафдан Ўзбекистон ички бозорида ҳам қовун ва тарвузга бўлган талаб йилдан-йилга ошиб бораётганини ҳисобга олиш зарур. Экиладиган майдонлар миқдори эса сезиларли даражада кенгаймаяпти.

Фото: Аҳмадали Шерназаров / «Халқ сўзи»

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, маҳсулотга ички бозордан ҳам, четдан ҳам талаб бор экан, бундай турдаги исталган товарни кўпайтириш керак. Қовун тарвузга бугун талаб ошдими, демак тармоқни янада ривожлантириш, жумладан, мазкур полиз экинларининг агротехникаси бўйича янгича, самарали инновацион технологияларни қўллашни жадаллаштиришимиз лозим.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар