Қўшработ туманини «Қизил» ҳудуддан чиқариш учун қандай чоралар белгиланган?

15:11 06 Октябр 2020 Жамият
245 0

6 октябрь куни халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгашининг навбатдаги, ўн биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибига “Қўшработ туманини 2020-2021 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали «қизил» ҳудуддан чиқариш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала депутатлар ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Сессия ишида туман ҳокими Ҳ. Оқбўтаевнинг ҳисоботи тингланди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра республикамизда 33 та «қониқарсиз», 119 та «ўрта» ва 48 та «яхши» туманларга ажратилди.

Қўшработ тумани ҳам ана шу 33 та «қониқарсиз» ҳудудда турибди. Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг жорий йил 29 сентябрдаги 02-2765-сонли топшириғига асосан, эндиликда ҳудудни «қониқарсиз» тоифадан чиқариш бўйича аниқ топшириқлар берилган.

Шундан келиб чиқиб, ҳар бир сектор раҳбари ўз ҳудуди бўйича рейтинг кўрсаткичларида белгиланган режа-прогнозни йил якунига қадар бажариш чораларини кўриши, шунингдек, 2021 йил 1 ярим йиллик якунига қадар истиқболли режа прогнозларни бажарилиши билан лавозимда қолиш-қолмаслик масаласи ҳал этилиши белгиланган.

Туманни қониқарсиз ҳудуд деб белгиланишига туманда саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг улуши бўйича вилоятда энг кам юқори баллга нисбатан олганда 0,08 % ни ташкил этади. Албатта, бу кўрсаткич қониқарсиз ҳисобланади.

Баҳолаш йўналишлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 85 та саноат корхонаси томонидан 2019 йилда 40 миллиард 579 миллион сўм бўлиб, аҳоли жон бошига 
313 минг сўмга тўғри келган.

Саноат ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, тадбиркорликни икки карра кўпайтириш бўйича Президентимиз томонидан берилган топшириқлар натижаси ўлароқ туманда бугунги кунда 107 та саноат корхонаси ташкил этилиб, ўтган йилга нисбатан 22 та янги саноат корхонаси ташкил этилди ёки 1,26% га ўсишга эришилди. Мазкур 107 та саноат корхоналари томонидан йил якунига қадар 41,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун ҳар бир саноат корхонасига иқтисодий комплекс ташкилотлари ходимлари масъул этиб бириктирилиб, йил якунига кадар 7.1 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш прогноз режаси бажарилиши лозим.

Шунингдек, 2020-2021 йилларда туманда қиймати 105,4 миллиард сўмлик 29 та янги саноат корхоналари ташкил этиш режалаштирилган. Умуман, кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми бу йил якуни билан ўтган йилга нисбатан 102 фоизни ташкил қилиб, 41,3 миллиард сўмга етказилади.

Туманда бундан уч йил олдин фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони 34 тани ташкил қилган бўлса, ҳозирда 107 тани ташкил этиб, ушбу даврда 73 тага кўпайган. Туманда хизмат кўрсатиш соҳаси 2019 йил якуни бўйича 218,7 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, аҳоли жон бошига 1 миллион 687 минг сўмни ташкил этган бўлиб, вилоят туманлари ичида 5-ўринни эгаллаган. Лекин туманда 42 та МФЙда хизмат кўрсатиш соҳасини таҳлил қилсак, фойдаланилмаган йўналишлар ҳали кўп эканлиги маълум бўлмоқда.

Масалан, 2020 йилнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилиниши алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида хизмат кўрсатишни ривожлантиришни тақозо этади. Афсуски, интернет хизмати ҳар 10 минг кишига битта меъёр бўйича жами тумандаги 130 минг аҳолига нисбатан 13 та талаб этилса, ҳақиқатда интернет хизмат кўрсатиши битта мавжуд, яъни меъёрга нисбатан 12 тага кам.

Бундай мисоллар суғурта хизматида меъёрга нисбатан 24 тага, банк хизмати 9 тага, меҳмонхона хизмати 12 тага ва бошқа йўналишларда ҳам меъёрга нисбатан хизматлар соҳасининг камлигини кузатиш мумкин.

Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва хизматлар кўрсатиш бўйича аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, жорий йил ҳудудий дастурлар доирасида хизмат кўрсатиш йўналишида умумий қиймати 79 миллиард сўмлик қўшимча 43 та лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган. Бу лойиҳалар негизида 479 та янги иш ўринлари яратилади.

Туманда 2019 йил якуни бўйича чакана товар айланмаси хажми 444,6 миллиард сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига нисбатан 3 миллион 429 минг сўмдан тўғри келган. Вилоят туманлари ичида улуши 0,49 %ни ташкил этиб, 5 ўринда турибди.

Ҳудудда чакана савдо товар айланмаси соҳасида фаолият кўрсатмаётган 21 та корхоналар фаолиятини тиклаш ишлари амалга оширилиши лозим. Шунингдек, туман давлат Солиқ инспекцияси ҳудудий инспекторларига ўз ҳудудларидаги фаолият юритиб келаётган чакана савдо корхоналаридаги кунлик савдо тушуми бўйича ҳақиқий ҳолатни ўрганиб чиқиб, кунлик савдо тушумининг банк орқали айланишини назоратга олиш. Чакана савдо ҳажмини III чорак якуни билан 215,4 миллиард сўмга, йил якуни билан 287,2 миллиард сўмга етказиш чора-тадбирларини кўриши керак.

Туманда 2019 йилда марказлашмаган инвестициялар ҳажми бўйича 489,9 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилган бўлиб, аҳоли жон бошига нисбатан 3 миллион 777 минг сўмни ташкил этади. Бу эса вилоят рейтинг кўрсаткичда иккинчи ўринни эгалламоқда.

2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқ, умумий қиймати 367,2 миллиард сўмлик 115 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 947 та иш ўринлари яратиш бўйича дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, бу бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Бугунги кунгача ушбу лойиҳалардан 48 таси ишга туширилди ва 300 та янги иш ўринлари яратилди, қолган лойиҳаларни йил якунига қадар белгиланган муддатларда ишга туширилишини таъминлаш зарур.

Баҳолаш рейтинг жадвалида туман 2019 йилда экспорт ҳажми 1,6 миллион АҚШ долларни, аҳоли жой бошига 12 АҚШ долларни (вилоятда 15-ўрин) ташкил этганлиги кўрсатилган. Ҳақиқатдан ҳам бу соҳа туманда тўлақонли ривожланган деб бўлмайди. Лекин шундай бўлса-да, жорий йилда 
3 миллион 466 минг АҚШ доллари экспорт амалга ошириш режалаштирилган. Бу эса, келгусида экспорт ҳажмларини кўпайтириш бўйича замин яратишга имконият пайдо бўлади. Жумладан, экспортёр корхоналар сони ўтган йилга нисбатан 5 тага кўпайтирилиб, ҳозирда 13 тага етказилди. Ўтган уч йил давомида туманда биргина экилган ток кўчатлари 5 минг гектардан ошди. Бу эса, 2-3 йилда туман экспортига ўзининг ижобий натижасини беради.

Бандлик масаласи бўйича тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда туманда 131,1 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда, шундан 69,9 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли, 53,3 минг нафар иқтисодий фаол аҳоли, 5,2 минг нафарини ишсизлар ташкил этиб, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига ишсизлик даражаси 9,6 %ни ташкил этган. Иқтисодий фаол аҳолининг 49 минг нафари доимий иш билан банд бўлиб, бандлик даражаси 90,5 фоизни ташкил этади.

2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича тармоқ, корхона ва ташкилотлардан барча манбалар ҳисобига 2481 та янги иш ўринлари яратилган бўлиб, ушбу яратилган иш ўринлари ўтган йилнинг 9 ойига мос равишда (1216 та) 204 фоизга бажарилди.

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлигини вақтинчалик таъминлаш мақсадида жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан январь-сентябрь ойларида 2277 нафар аҳолини жамоат ишларига жалб қилинди ва уларнинг иш ҳақи тўлови учун 1,6 миллиард сўм тўлаб берилди.

Секторларда ўтказилган ўрганишлар давомида «темир дафтар»га киритилган 280 нафар кам таъминланган ва эҳтиёжманд, камбағал оилаларнинг бандлигини таъминлаш учун шахсий ва дала томорқасида енгил типдаги иссиқхона қурилиши учун 611,2 миллион сўм субсидия маблағлари берилди.

Туманда камбағалликдан чиқариш бўйича 63 гектар ер майдонида ташкил этилган 5 та қишлоқ хўжалиги кооперативларига ишсиз, меҳнат миграциясидан қайтган 164 нафар фуқаролар жалб этилди.

Умуман аҳоли бандлигини таъминлашдаги ишлар туманда қониқарсиз аҳволда дейиш мумкин. Аҳоли бандлигини таъминлаш учун Қўшработ туманида катта имкониятлар бўлса-да, бу ишлар ўта қониқарсиз аҳволда. Фуқаролар томонидан ердан ноқонуний тарзда фойдаланиш ҳолатларини кўплаб кузатиш мумкин. Тумандаги 5.2 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш туманда энг асосий, биринчи галдаги вазифа ҳисобланади. Ҳисоб-китобларга кўра йил якунига қадар 1680 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича имконият мавжуд.

Туманда хотин-қизлар сони 64400 нафарни ташкил этади. Шундан 9812 нафари 18-30 ёшгача бўлган хотин-қизлардир, 20482 нафари иқтисодий фаол аёллар бўлиб, шундан 17859 нафари бандлиги таъминланган. Қолган 2623 нафари ишсиз хотин-қизларни ташкил этади. Йил охиригача 968 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлашнинг имконияти мавжуд.

Рейтинг баҳолаш кўрсаткичида Қўшработ туманидаги 54 минг иқтисодий фаол аҳолининг 13 мингтаси вақтинча ишлаш учун хорижга кетганлиги кўрсатилган. Аслида, туман бўйича йиллар давомида жами 4919 нафар фуқаро четга чиққан бўлса, шундан 3774 нафари қайтиб келган. Ҳозирда 1145 нафар фуқаро чет давлатда бўлиб турибди (иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан 2 %). Шундан, 1031 нафари эркаклар, 114 нафари аёллар, шундан 27 нафарини 18 ёшгача бўлганларни ташкил этади.

Туманда саноат ишлаб чиқаришнинг экспортга йўналтирилганлиги рейтинги бўйича 2019 йилда 319 миллион сўмлик маҳсулот экспортга йўналтирилган бўлиб, вилоятда энг паст кўрсаткични ташкил этган. Бу кўрсаткичга, аввало, туманда саноатнинг ривожланмаганлиги ва географик узоқ ва ноқулай жойлашганлиги ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Масалан, саноатнинг асосий маҳсулоти мармар ва гранит тошлари ҳисобланиб, техника харажатлари маҳсулот таннархига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Бу ҳолатда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш билан вазиятдан чиқиш мумкинлигини ҳисобга олиб, бу соҳада фаолият юритаётган 4 та тадбиркорга банк кредитлари ҳисобига замонавий тош кесиш ва пардозлаш ускуналари келтирилди. Шунингдек, ўтган давр мобайнида ташкил этилган 9 та қўшма ва хорижий корхоналар хам келгусида саноат экспортини амалга ошириши белгиланган. Жумладан, Ҳиндистон давлат хорижий корхонаси гранит тошлари қазиб олиш ва пардозлаш лойиҳаси, Туркия давлати хорижий корхонаси кварц тошлари қазиб олиш ва қайта ишлаш каби лойиҳалари ҳали ишчи жараёнида бўлиб, техника-технологияларни олиб келиш ишлари олиб борилмоқда. Шу каби лойиҳалар ишга тушиши ҳисобига 2021 йилда саноат ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда ижобий томонга ўзгаради.

Туманда 2019 йил қишлоқ хўжалиги ерларининг умумий майдони (ўрмон хўжалиги ерларидан ташқари) 37,1 минг гектар, 2019 йилда белгиланган 15 гектарда сувни тежайдиган технологиялар билан таъминланганлиги рейтинг жадвалида кўрсатилган. Хақиқатда туман ҳудудида сабзавот маҳсулотлари етиштириш бўйича 22 гектар ер майдонларида, 267 гектар интенсив боғларда, 760 гектар токзорларда суғоришда сув тежовчи технологиялар жорий этилган.

Туманда узумчилик ва боғдорчилик соҳасини ривожлантириш бўйича 2020 йилда 92 та фермер хўжалигига 746 гектар майдонга 49 дона артезиан қудуқларини ўрнатиш ва томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиш режалаштирилган. Жорий йилнинг якуни бўйича суғориш технологиясини жорий этиш орқали самарадорликни ошириш имкониятлари мавжуддир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 майдаги «Республикада картошкачиликни ривожлантириш ва уруғликни кўпайтириш тўғрисида»ги қарори асосида туманда картошкачилик кластери ташкил этилди. Ҳозирда АТ «Агробанк» туман филиали томонидан 980 миллион сўм кредит ажратилди, натижада 22 гектар ер майдонида «супер элита» навли картошка томчилатиб суғориш технологияси асосида экиб парваришланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра томчилатиб суғориш тизимлари учун – 8 миллион сўм, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун – 4 миллион сўм, дискрет суғориш учун - 1 миллион сўм. субсидия ажратилган.

2019 йил 1 январь ҳолатига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокидаги биронта ҳам корхона мавжуд бўлмаган бўлса, 2019 йил якунида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 7 тани ташкил этиб, улар томонидан 800 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилди.

Бу кўрсаткич жорий йилнинг ўтган даврида 1,411 минг АҚШ долларини, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 910 минг АҚШ долларини ташкил этади. Бундан ташқари, ҳозирда дастлабки шаклда 2021 йил учун умумий қиймати 1 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича 3 та лойиҳа шакллантирилди.

Туманда рўйхатдан ўтган 525 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмаётган ва «ноль» ҳисобот топширган тадбиркорлик субъектлари сони 238 тани, улуши (фермер ва деҳқон хўжаликларидан ташқари) 45 фоизни (вилоятда 14-ўрин) ташкил этган. Йил якунига қадар ушбу корхоналарнинг фаолиятини мониторинг қилиб, хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш, статистика ҳисоботларни камерал назорат тадбирлари (солиқ, электр, газ корхоналаридан олинган маълумотлар таҳлил қилиш) орқали реал ишлаб чиқариш ҳажмларини аниқлаш чора-тадбирлари кўрилиши зарур.

Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг сони 168 та, фаолияти тугатилган тадбиркорлик субъектларининг сони 15 тани, янги ташкил этилган ва тугатилган тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги фарқнинг жами субъектлар сонидаги улуши 29 фоизни (вилоятда 5 ўрин) ташкил этган. Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 392 та корхоналар ҳамда янгидан ташкил қилинган 120 та корхоналарнинг яшовчанлигини ошириш учун корхоналар фаолиятида учраётган муаммоларни ўрганиб, таҳлил этиб, ҳал этиш чораларини кўриш лозим.

Ҳисобот даврида яратилган янги иш ўринлари сони 2 минг нафарни, кичик бизнес субъектларида яратилган янги иш ўринлари сони 1,8 минг кишини, улуши 91 фоизни (вилоятда 6 ўрин) ташкил этган. Йил якунига қадар кичик бизнесда янги иш ўринлари яратиш – яратилган иш ўринларининг умумий сонида кичик бизнес субъектларида яратилган янги иш ўринлари улушини 30 фоизга ошириш зарур.

Туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали Қўшработ туман ҳокимлигига келиб тушган жами мурожаатлар ҳисобот даврида 461 та бўлиб, шундан 136 таси (30%) бевосита мурожаатларни кўриб чиқиш даврида ижобий ҳал этилган. 14 та (3%) мурожаатлар фуқароларнинг талабини қаноатлантиришнинг имкони йўқлиги сабабли рад этилган. 1 та мурожаатлар табриклар бўлганлиги сабабли маълумот учун қабул қилинган. 1 та мурожаат кўрмасдан қолдирилган, 1 та мурожаат тугатилган.

Сессия якунида ташкил этилган матбуот анжуманида туман ҳокими ва сектор раҳбарлари туманни «қониқарсиз» ҳудуддан олиб чиқиш бўйича ОАВ вакиллари ва блогерларни қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб қайтаришди.

Абдулазиз Йўлдошев
(
«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?