Қўшма лойиҳа доирасида аёлларга бепул юридик ва психологик ёрдам кўрсатилди

15:15 18 Октябр 2019 Жамият
574 0

Яқинда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТТД қўшма лойиҳаси доирасида аёлларга малакали мутахассислар томонидан бепул юридик ҳамда психологик кўмак кўрсатилди. Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг узоғини яқин қилиш ҳамда уларнинг муаммоларини жойида ўрганишдан иборатдир, деб ёзади Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати. 

“Сайёр қабул” давомида жами 30 нафар хотин-қизнинг мурожаат ва шикоятлари қабул қилинди. Шундан 25 таси ёзма ҳамда 5 таси оғзаки мурожаатдир.

Мурожаатларнинг асосий қисми (40 фоизи) Қарши шаҳрига тўғри келди.

Мурожаатларнинг энг кўп қисми ишсизлик масаласида бўлиб, бу борада фуқароларга тегишли маслаҳат ва кўникмалар берилди. Шунингдек, 7 нафар ишсиз фуқаролар борасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ушбу фуқароларни иш билан таъминлаш масаласида амалий ёрдам бериш юзасидан хат юборилди.

Мурожаатлар бўйича 8 нафар фуқарога оилавий масалаларда, яна 8 нафарига ҳуқуқий масалада, 9 нафарига эса бандлик масаласида амалий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, уларга тегишли тушунтириш ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Қабул давомида хотин-қизлар билан очиқ мулоқотлар ва самимий суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, мавжуд муаммоларини ўрганиш, эҳтиёжманд ҳамда эътиборга муҳтож хонадонларга қонун доирасида амалий кўмак бериш, шунингдек, уларни рози қилиш устувор вазифага айланди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТТД қўшма лойиҳаси доирасидаги “сайёр қабул”ларни жорий йил якунига қадар Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида ташкил этиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?