Қўшилган қиймат солиғи нотўғри ҳисобга олинганда…

16:07 20 Август 2019 Жамият
264 0

2019 йил 1 июлдан бошлаб, товар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олувчилар ҚҚС тўловчиси бўлмаган етказиб берувчиларнинг ҳисобварақ-фактурасида акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли эмаслар. Ушбу янги тартибнинг амалдаги ижроси хусусида Давлат солиқ қўмитаси Камерал назорат бошқармаси бош инспектори Абдурасул Абдумаджидов билан интервью уюштирилди.

ДСҚ матбуот хизмати томонидан тақдим этилган суҳбат билан қуйида танишишингиз мумкин:

– Абдурасул Абдулхакович, жорий йилнинг биринчи июлидан кучга кирган қўшилган қиймат солиғининг ушбу нормаси ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

– Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорининг 10-бандида келтириб ўтилган.

Хусусан, «2019 йил 1 июлдан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олувчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланмайдиган етказиб берувчилардан олинган ҳисоб-фактуралар бўйича қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмаслар».

Эндиликда тадбиркорлар ўз контрагентларининг ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлигига ва ҳисобварақ-фактурани тўғри расмийлаштирганига ишонч ҳосил қилиши лозим.

Агарда ишонч ҳосил қилинмаган тақдирда иккала тадбиркорлик субъектлари ҳам шубҳа ва таҳлика зонасига тушиб қоладилар.

– Ушбу ҳолатни барчага тушунарли бўлиши учун аниқ мисоллар асосида тушунтириб берсангиз?

– Келинг, унда фикримни аниқроқ баён этиш учун қуйидаги мисолга эътибор қаратсак.

ҚҚС тўловчиси бўлмаган «А» корхона томонидан ҚҚС тўловчиси бўлган «Б» корхонага 100,0 млн. сўмлик товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш жараёнида ҳисобварақ-фактурада асоссиз равишда 20,0 млн. сўм ҚҚС эканлиги кўрсатилган. Шундай қилиб, «Б» корхонага етказиб берилган товарнинг (ишлар, хизматлар) умумий қиймати 120,0 млн. сўмни ташкил қилган.

Солиқ кодексининг 118-моддасига асосан юқорида келтирилган ҳаракатларни амалга оширганлиги учун «А» корхонага нисбатан ноқонуний ажратилган ҚҚС суммасининг 20 фоизи миқдорида молиявий жарима қўлланилади. Шунда корхона бюджетга 4 млн. сўм жарима ва 20 млн. сўм ҚҚСни тўлаб бериши керак.

Бунда «Б» корхонага нисбатан молиявий жарималар қўлланилмайди. Лекин жорий йил 1 июлдан солиқ қоннунчилигига киритилган ўзгаришларга мувофиқ, товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олувчи «Б» корхона қўшилган қиймат солиғи бўйича бюджет билан қайта ҳисоб-китобни амалга ошириши шарт. Яъни корхона қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмаслиги сабабли, аввал ҳисобга олган 20,0 млн. сўм қўшилган қиймат солиғи суммасини бюджетга тўлаб беришга мажбур бўлади.

– Контрагетнинг ҳақиқатдан ҚҚС тўловчиси ва ишончли бизнес-ҳамкор эканлигини қандай қилиб текшириб кўриш мумкин?

– Бизнес-ҳамкорни танлашда уларнинг айрим жиҳатларини олдиндан ўрганиш орқали «мажбурий эхтиёткорлик» чораларини кўриш юзасидан қуйидагилар тавсия этилади.

Озгина вақт сарфлаб, бизнес-ҳамкорни (контрагентни):

- давлат солиқ хизмати органларида ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлиги;

- бизнесда тутган ўрни;

- молиявий ҳолати;

- ишлаб чиқариш базаси ҳамда малакали ишчиларининг мавжудлиги каби жиҳатларини олдиндан билиб олиш мумкин.

– Сиз бизнес-ҳамкорларни танлашда уларнинг айрим жиҳатларини олдиндан ўрганиш мумкин бўлган услубларини айтиб ўтдингиз. Айтингчи, контрагентни текшириб кўриш учун маълумотлар олишда қандай очиқ манбалар мавжуд?

– Контрагентлар ҳақидаги очиқ маълумотларни Давлат солиқ қўмитасининг «мй.солиқ.уз» расмий веб-сайтининг «ҚҚС тўловчиларни аниқлаш» бўлимига кириш орқали олиш мумкин.

Бунда танланган ойнага изланаётган корхонага тегишли бўлган СТИРни киритган ҳолда «излаш» тугмаси босилса бас, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган корхона бўйича Сизни қизиқтирган барча рухсат этилган маълумотлар билан танишиш имконияти мавжуд.

Жумладан:

- ҚҚС тўловчиси бўлган корхонанинг номи;

- рўйхатдан ўтган вилоят ва туман номи;

- солиқ тўловчининг идентификация рақами ва давлат рўйхатидан ўтказилган сана;

- ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги;

- Охирги топширилган ҚҚС ҳисоботи (қайта ҳисоботи) санаси;

- Охирги ҳисобот бўйича ҳисобланган ҚҚС суммаси;

- ҚҚС бўйича охирги маротаба амалга оширилган тўлов.

Давлат солиқ кўмитаси томонидан кўрсатилаётган ушбу хизмат, Сизнинг контрагентингиз ҚҚС тўловчиси ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини аниқлаш ҳамда ҳуқуқбузарликнинг содир этилиш хавфини олдини олишга хизмат қилади.

Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, солиқ тўловчи битим тузишдан аввал мустақил равишда контрагентнинг бизнесда тутган ўрни ва у билан тузилган ҳар қандай шартнома келгусида солиқ низоларини келтириб чиқармаслигига ишонч ҳосил қилиши керак.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019