Қорақалпоғистондан Франция ва Италия бозорларига қуритилган помидорлар жўнатилди

19:23 20 Октябр 2020 Иқтисодиёт
203 0

Юртимизда етиштирилган мевалар, сабзавот–полиз маҳсулотлари ташқи бозорларда харидоргир экинлигини барчамиз биламиз. Лекин ёз фаслининг пишиқчилик пайтида помидор каби маҳсулотларни узоқ ўлкаларга кўп миқдорда экспорт қилиш имкони бўлмаслиги мумкин. Қорақалпоғистондаги фермерлар помидорни табиий шароитда қуритиб, экспорт қилишнинг янги йўналишини бошлаганлар.

Нукус туманидаги “Biogumus Farm” фермер хўжалиги жорий йилда 30 гектар майдонга помидорнинг махсус навини экиб, парваришлади. Помидорлар кутилганидек ўзига хос ширин таъм ва чиройли тузилишга эга бўлиб мўл ҳосил берди.

— Франция давлатидан келтирилган махсус уруғдан алоҳида парвариш йўли билан ўстириладиган помидорни тузлаб, табиий шароитда қуёш нури остида қуритиш кўп харж талаб қилмайди – дейди “Biogumus” фермер хўжалиги иш юритувчиси Шерзод Ниязимбетов. –Табиий шароитда қуритилган помидор маҳсулотига Франция, Италия бозорларида талаб ортиб бормоқда. Ўтган йил 36 тонна қуритилган помидор маҳсулотини экспорт қилган бўлсак, бу йил ҳосилни 2 баравар ортиқ олганмиз, экспортни ҳам 72 тоннага етказиш ниятидамиз.

Маҳсулотимизни экспорт қилишда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг амалий ёрдамлари катта бўлмоқда. Айни вақтда 18 тонна вазндаги қуритилган помидор маҳсулотининг Франция давлатига экспорт қилиш учун божхона расмийлаштируви электрон тарзда, назорати эса шу жойнинг ўзида қисқа фурсатларда амалга оширилди.

“Biogumus” фермер хўжалиги экиш мавсумида то маҳсулотни йиғиштириб олгунга қадар 180-200 нафаргача маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаб келмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида 243,8 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорти амалга оширилди. Хусусан, йил бошидан 7 миллион АҚШ доллари қийматидаги 14 512 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари асосан Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ироқ давлатларига экспорт қилинган.

Ғ.Отажонов
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?