Қорақалпоғистонда тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар ўз ечимини топдими?

19:10 28 Август 2020 Иқтисодиёт
212 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 августдаги «Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6042-сон Фармони билан Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси ташкил этилган эди.

Ҳудудларда саноатни жадал ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни қамраб олган «саноат кластерлари»ни ташкил қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, корхоналарнинг муаммоларини ҳал қилиш ва қўшимча захираларни сафарбар этиш мақсадида айни вақтда мазкур комиссия Раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турибди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида 7,8 триллион сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режалаштирилган, 5 та йирик лойиҳани фойдаланишга топшириш мўлжалланган. Тўқимачилик, кимё тармоқларидаги мазкур лойиҳалар ҳисобидан 500 та янги иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур ташриф доирасида комиссия аъзоси — Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Салиев ҳам бугун бир қатор ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан учрашувлар ўтказди.

Таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган Фармон билан Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М. Салиев зиммасига — мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришда божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, ушбу йўналишга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланган.

«Нукус» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб ўтган учрашувда асосий эътибор тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида, хусусан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишида тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммо ва масалаларга қаратилди.

Масалан, Мўйноқ туманидаги наслли қора молларни кўпайтириш билан шуғулланувчи “Muynaq AgroSnab” фермер хўжалиги қўшни Қирғизистон Республикаси билан наслли қора мол ва қўйларни сотиб олиш учун қиймати 250 минг АҚШ долларига тенг бўлган шартнома тузган.

Аммо, тадбиркор коронавирусга қарши кучайтирилган тартиб даврида жорий қилинган чекловлар сабабли шартнома доирасида етказиладиган наслли қора мол ва қўйларни саралаб олиши учун Қирғизистон Республикасига бора олмаяпти.

Йилига 146 миллион дона шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқариш қувватига эга “Nukus Med Tex” қўшма корхонаси вакиллари эса ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларга мувофиқлик сертификатларини олишда вақтдан ютқазишмоқда.

Чунки мазкур сертификатларни берувчи Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг ҳанузгача Нукус филиали ташкил этилмаган. Корхона эгалари эса қўшимча вақт ва харажатлар сарфлаб марказнинг Хоразм филиалига мурожаат қилишмоқда.

Учрашувларда тилга олинган шу каби масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?