Қорақалпоғистонда Навоий давлат Кончилик институтининг Нукус филиали очилади

16:16 12 Июнь 2019 Жамият
408 0

Мамлакатимиз раҳбарининг топшириғи ҳамда Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги “Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги кўра асос солинган мазкур олий таълим муассасаси жорий ўқув йилиданоқ ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Навоий кон металлургия комбинати давлат корхонасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Шунингдек, “Ижтимоий соҳа: инсон манфаатлари эътибор марказида”, деб номланган мазкур анжуманда журналистларга корхона томонидан йил дастури ижроси бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, НКМК томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида 55,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, шу кунга қадар унинг 41,3 миллиард сўми, яъни 75 фоизи ўзлаштирилганлиги таъкидланди. Натижада Зомин туманида 150 ўринли замонавий санаторий фойдаланишга топширилиб, НКМК Марказий кон бошқармасининг Томди туманидаги меҳмонхонаси базасида Зарафшон шаҳридаги “Шодлик” меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун барча шароитларга эга “Болалар шаҳарчаси”, шаҳар марказида “Фавворалар аллеяси”нинг иккинчи босқичи, Учқудуқ шаҳрида эса сунъий кўл ва бошқа муҳим ижтимоий соҳа объектларида бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

-Йил дастури доирасида корхонамиз ишчи-хизматчилари, айниқса ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган, - дейди НКМК Бош директорининг умумий масалалар бўйича ўринбосари Назирбек Раҳмонов. – Шу мақсадда жорий йил дастури асосида 652 нафар ишчи-хизматчиларимизнинг уй-жой шароитларини яхшилашлари учун 13 миллиард 735 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, бошланғич бадал тўловлари тўлаб берилди. Бундан ташқари Қизилқум ҳудудида истиқомат қилаётган хоин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида Зарафшон шаҳри, Учқудуқ,Томди, Нурота, Конимех туманларида тикув фабрикалари ташкил этилиб, икки мингга яқин иш ўринлари ташкил этилди.

НКМКнинг йил дастурида ҳудуд имкониятларидан кенг фойдаланиш, хусусан,инновацион лойиҳалар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Чунончи, комбинат тасарруфидаги “Дўстлик” агрофирмасининг Қўшработ тумани участкасида 250 гектар узумзор ва 50 гектар ёнғоқзор ташкил этаётгани ҳамда ўша ернинг ўзида гўшт етиштиришга ихтисослашган бўрдоқичилик мажмуаси, Тахиатош туманида паррандачилик фабрикаси, Томди туманида майда шохли моллар мажмуасига асос солингани шулар жумласидандир.

- Йил дастурида Комбинат ишчи-хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимояси, мароқли дам олишлари, саломатлигини тиклашларига алоҳида ўрин берилган, - деди матбуот анжуманида НКМК Касаба уюшмалари Кенгаши раиси Исроил Раҳматов. – Жорий йилги мавсумда корхонамиз тасарруфидаги болалар ёзги дам олиш оромгоҳларида 10 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз ёзги таътилни сўлим табиат қўйнида ўтказишади. Уларнинг 93 нафарини Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, 165 нафарини эса чўл ҳудуди туманларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар фарзандлари ташкил этади. Бундан ташқари корхонамизда узоқ йиллар ишлаб, шу кеча-кундузда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида санаторийларга 687,4 миллион сўмлик имтиёзли йўлланмалар ажратилди.

Энди бевосита НДКИ институтининг Нукус филиали билан боғлиқ янгиликларга қайтсак, унга 2019/2020 ўқув йилида 50 та бакалавр, шу жумладан 25 та кончилик иши ва 25 та кимёвий технология йўналишлари бўйича талабалар қабул қилиниши кўзда тутилган.

- Филиал фаолиятини ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” асосида ҳозирги кунга қадар бошқарув ва ишчи ходимлари таркиби белгиланган штат жадваллари асосида шакллантирилди, -дейди унинг директори, техника фанлари доктори Фазлиддин Худойбердиев. -Шунингдек у Нукус шаҳри, Қорақалпоғистон кўчаси 24-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилди.

Нукус филиалининг янгидан ташкил этилганлиги натижасида профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишга бўлган эҳтиёж хориждан малакали ўқитувчиларни жалб этиш, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва иқтидорли талабаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий таълим муассасаларига малака ошириш, стажировка ва ўқишга юборишни йўлга қўйиш орқали ҳал этилади.

Филиалимизда хорижий талабаларни ўқишга жалб этиш йўлга қўйилмаган. Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун қўшни Туркманистон ва Қозоғистон давлатларидан талабаларни ўқишга жалб этиш орқали масала ҳал этишга эришилади.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисларнинг жавобини олишди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019