Қорақалпоғистон мудофаа ишлари бошқармасида Иккинчи жаҳон уруши музейи ташкил этилди

15:18 17 Апрель 2020 Маданият
566 0

Иккинчи жаҳон уруши бутун инсониятга қайғу ва мусибатлар келтириши билан қалбларда оғир ва ўчмас из қолдирди. Миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган ўша даҳшатли урушда юртдошларимиз ҳам тинчлик ва ёрқин келажак учун мардонавор кураш олиб борди, жанг майдонларида мардларча қурбон бўлди. Уларнинг қаҳрамонлиги доим ёдимизда, мангу ва абадий яшайди.

Қорақалпоғистон Республикаси мудофаа ишлари бошқармасида ҳарбий хизматга келаётган навқирон йигитларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга урушда ота-боболаримиз кўрсатган жасорат ва қаҳрамонликларини етказиш мақсадида ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб Иккинчи жаҳон уруши йилларининг музейи ташкил этилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати томонидан хабар берилмоқда.

Дарвоқе, армия остонаси – мудофаа ишлари бўлим ва бошқармаларидан бошланиши, айни ҳақиқат. Ўсиб келаётган йигит конституциявий бурчини адо этиш учун армия билан танишишни айнан шу даргоҳдан бошлайди. Демак унинг ҳарбий ватанпарварлик тарбияси ҳам шу жойда янада юксалади.

Мудофаа ишлари бошқармасининг ташаббуси билан қорақалпоғистонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг оила аъзолари ўртасида олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида қисқа вақт ичида ушбу музейни яратишга эришилди.

Шу билан бирга 400 га яқин экспонат, ҳужжат ва қўлёзмалар Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда барпо этилаётган “Ғалаба боғи”даги Шон-шараф музейи фонди учун тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, Шон-шараф музейи 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида очилиши режалаштирилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси мудофаа ишлари бўлимида икки хонадан жой олган уруш йилларидаги музей фондида қорақалпоқ халқининг фашизм устидан ғалаба қозонишга қўшган ҳиссаси, аҳолининг фронт ортидаги хизмати ҳақида батафсил маълумотлар ва далиллар келтирилган. Тарих кўзгуси бўлмиш ушбу музейда 100 га яқин экспонатлар, 200 га яқин тарихий ҳужжатлар жой олган. Айни вақтда мудофаа ишлари бошқармаси бу экспонатлар билан чекланмасдан, музей фондини янада бойитишни мақсад қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Қорақалпоғистондан 50 мингдан ортиқ инсонлар фронтга кетган. Улардан 34 мингдан зиёди жанг майдонида ҳалок бўлди ва бедарак йўқолди. 20 мингдан зиёд фуқаролар фронт ортида турли мамлакатларда саноат, кон-металлургия шахталарида ҳамда мамлакатимизнинг саноат муассасаларида хизмат қилган. Албатта, Қорақалпоғистон халқининг бу меҳнатини, ғалабага қўшган ҳиссасини ҳеч ким унутмайди ва унинг абадийлигини таъминлаш учун куч ва ғайрат сафарбар этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?