Қора лайлак — камёб тур. Аммо уларни “Сурхон” қўриқхонасида учратиш мумкин

20:22 14 Апрель 2020 Жамият
738 0

“Сурхон” давлат қўриқхонаси ҳудудида “Қизил китоб”га киритилган табиатан камёб тур қора лайлаклар борлиги аниқланди. Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Матбуот хизмати маълумоти кўра, қора лайлаклар Ғарбий Тянь-Шань, Ғарбий Помир-Олой текисликлари ва пасттоғли ҳудудларида, Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Европа, Ғарбий Осиё, Сибирь, Узоқ Шарқ, Корея, Хитой шимоли (уялаш) Африка, Ҳиндистон, Хитой жанубида (қишлаш) учрайди.

Баҳорги учиб ўтиши февраль-март ойларида кузатилади. Қоялар ва жарликларда уялайди. Апрель-май ойида 2-5 та тухум қўяди. Полопонлари июнь-июль ойида уча бошлайди. Кузги учиб ўтиши август-сентябрь ойларида кузатилади. Майда балиқлар, қурбақалар, судралиб юрувчилар ва умуртқасизлар билан озиқланади.

Тахминан 70 жуфти уялайди, юздан ортиғи учиб ўтади. Қурама тоғининг шимолий ёнбағирларида 4-5 жуфт, Чотқол тоғининг Қорабошсой, Шовозсой, Ақчасой, Қорабойсойида камида 10 жуфт. Шерободдарёда 1 жуфт. “Сурхон” давлат қўриқхонасида 10-12 жуфт атрофида уялайди.

Сурхондарё вилоятида турли йилларда 50–80 донагача ушбу турга мансуб қушларни учратиш мумкин. Кейинги ўн йилликларда Ғарбий Тянь-Шанда сони бироз ошгани кузатилмоқда. Дунёдаги популяцияси 24–44 мингта дея эътироф этилади.

Қора лайлакларни овлаш тақиқланган. Тоғ қўриқхоналари ва миллий табиат боғларида муҳофаза остига олинган. СИТЕСнинг II ва Бонн конвенциясининг II иловасига киритилган.

Илҳом Раҳматов, 
“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?