Қўқонда “Ҳунармандчилик ва халқ амалий-санъатини ривожлантириш истиқболлари” халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтмоқда  

17:23 13 Сентябр 2019 Жамият
208 0

12 сентябрь куни Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий-санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади. 

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев иштирок этишди. 

Азиз Абдуҳакимов тадбирни очиб берар экан, фестивалнинг Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилгани ҳамда унинг концепциясини ишлаб чиқишда энг аввало халқимизнинг бой маданиятини чуқур ўрганиш, оммалаштириш ва жаҳон ҳамжамиятини кўп қиррали ўзбек халқ амалий санъати билан таништиришга катта аҳамият қаратилганини таъкидлади. 

“Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг тенг ҳуқуқли аъзосидир. Аксарият конвенцияларни имзоланаётганимизда биз халқимизнинг ҳам моддий, ҳам номоддий маданий меросини асраб-авайлаш мажбуриятини оламиз. Айни дамда биз дунёда глобаллашув жараёни кетаётгани ва, афсуски, аксарият ёшларимиз кўпинча  миллий  қадриятларимиз билан алоқаларни йўқотиб бораётганига, ўз мамлакатининг қадимий санъатини унутиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бироқ шуни ишонч билан айта оламанки,  Ўзбекистонда халқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги юқори даражада ва бугун сиз бунга ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин. Ўйлайманки, мазкур конференция давомида, ўзаро фикр-мулоҳазаларингиз билан алмашганингиздан сўнг сиз нафақат бизнинг фуқароларимиз ва хорижий меҳмонлар, балки халқаро илмий ҳамжамият учун ҳам қизиқарли бўлган қўшимча таклифларни ишлаб чиқишингиз мумкин”, - деди Бош вазир ўринбосари. 

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўз нутқида Халқаро ҳунармандчилик фестивали маҳаллий усталар маҳоратини жаҳонга танитишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. “Бугун Қўқон шаҳрида жуда катта байрам. Ушбу Халқаро ҳунармандчилик фестивали Қўқон шаҳрининг ҳунармандчилик салоҳиятини дунёга намоён қилади. Қарийб бир ҳафта давомида Қўқон шаҳри ва вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида барча ҳунармандчилик кўргазмаларида қатнашиб, миллий маҳсулотларимиз билан яқиндан танишишингиз мумкин. Шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган Халқаро ҳунармандчилик фестивали барчангизда катта таассурот қолдиради, дея умид қиламан”, - дея таъкидлади у. 

Анжуман кун тартибида ҳунармандчиликни ривожлантиришда дунёнинг турли мамлакатларининг замонавий тажрибаси  билан танишиш ва ўзаро бойитиш масалалари кўриб чиқилди. “Анъанавий  бадиий ҳунармандчилик ривожида халқаро амалиёт: ижобий тажриба ва миллий стратегиялар” секцияси ишида айнан шу масалаларга қаратилди. Мазкур секция доирасида 25 нафар иштирокчи қатнашиб, уларнинг маърузалари “Ҳунармандчилик ва халқ амалий-санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги “Халқаро илмий-амалий конференция материаллари” тўпламида ўзбек, рус, инглиз тилларида жамланди. 

13 сентябрь куни  конференцияси доирасида иккинчи секция ўтказилиб, у “Ўрта асрларда Шарқда бадиий ҳунармандчилик анъаналари: маҳорат ва илҳом манбалари” номини олган. Бу тадбирдаги материаллар дунёнинг турли нуқталарида яшовчи уста-ҳунармандларнинг замонавий маҳсулотларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишда муҳим услубий аҳамиятга эга. 

Таъкидлаш жоизки, фестивалда Ўзбекистоннинг 153 туманидан ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг 34 йўналиши бўйича 1116 нафар ҳунарманд қатнашмоқда. Дунёнинг 102 мамлакатидан 191 ҳунарманд 29 турдаги ҳунармандчилик маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Шунингдек тадбирда жаҳоннинг 38 нафар таниқли сиёсий арбоблари ва олимлари иштироки кутилмоқда. 

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019