“Қўқон шамоли” томошабинларни ўтмиш саҳнасига олиб кира олдими?

16:06 20 Декабрь 2019 Маданият
760 0

Алишер Навоий номидаги киносаройда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Қўқон шамоли” тарихий-бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди. Ушбу кинокартина ҳар бир томошабинда ўзига хос фикр-мулоҳаза уйғотиши табиий.

Панада қолган тарихий воқелик

Фильмда Қўқон хонлигидаги ХVIII аср охири — ХIХ аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар, адабий муҳит ва Амирий тахаллуси билан ижод қилган Амир Умархон ҳамда унинг аёли — бетакрор шоира Нодирабегимнинг ҳаёти ёритилган. Кино ижодкорлари Амир Олимхон ўлимининг сабабчиси укаси Амир Умархон бўлмагани, бу душманлар томонидан уюштирилган фитна бўлганини акс эттиришга ҳаракат қилган.

Аммо тарихий манбалардан етарлича фойдаланилмаган жиҳатлар ҳам бор. Масалан, Амирий ва Моҳларойимнинг муҳаббати ҳақидаги воқелик. Унга кўра, кунлардан бир кун Амирий ва Нодирабегим бир масала юзасидан тортишиб қоладилар ва хон жаҳл устида рафиқасига саройдаги ўзингиз учун энг қимматли нарсани олинг-да, ота уйингизга боринг, деб буюради. Шоира ҳам кўниб, Амирийни уйқудалигида аравага ортиб, йўлга равона бўлади. Хон уйғонганида аравада кетаётганини кўриб, Моҳларойимдан вазиятга изоҳ сўрайди. Моҳларойим хоннинг саройдаги энг қимматли нарсани олинг деган гапларини эслатади ва бу орқали энг қимматли бойлик бу унинг умр йўлдоши эканини англатади. Хон бундан қаттиқ таъсирланади ва биргаликда саройга қайтадилар. Агар мана шу ёки шунга ўхшаш тарихий воқеалар фильмга киритилганида икки шоирнинг юксак муҳаббати янада ёрқин акс этган бўлар эди, назаримизда.

Ёш актриса ўз ролини уддалай олганми?

Ҳар қандай фильм, айниқса, тарихий кинокартинада актёр ўз образининг характерини очиб бера олиши керак. Қаттиққўл, баджаҳл, бераҳм характер тасвирини кўрсатиш учун киши ўша табиатни ўзига-да сингдириши лозим бўлади. Асарда Нодирабегим ролини ижро этган актрисадан ҳам шоираликни, айни пайтда қатъиятли давлат арбобига хос хусусиятларни намоён қила олиш талаб этилди. Нодирабегим ролини ижро этган ёш актриса Райҳон Асатова бунга муваффақ бўлган, дейиш мумкин.

Нима учун “Қўқон шамоли”?

Қўқон хонлиги тарихи тало-тўпларга, драматик жараёнларга бой. Фильмда ушбу воқеалар худди вайронкор Қўқон шамоли каби кўплаб тақдирларни ўзгартириб юборгани, туҳмат ва аламлар ичра қолган инсон кечинмаларини жонлантиришга ҳаракат қилинган. Шу боис фильм номини рамзий маънода қабул қилиш керак. Актёрлар маҳорати, сюжет мукаммаллиги, олдига қўйилган мақсадларга қанчалик етилганига эса томошабин баҳо беради.

Юлдуз ЎРМОНОВА

(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019