Қонунларга сайлов билан боғлиқ қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди?

12:35 05 Сентябр 2019 Жамият
140 0

Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланган эди. Жорий йил 4 сентябрь куни давлатимиз раҳбари мазкур Қонунни имзолади. 

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 4 та Конституциявий қонун, 2 та кодекс ва 15 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Жиноят-ижроия кодексига тегишли ўзгартишлар киритилиши муносабати билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир ҳисобланмаган жиноятлар содир этгани учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларга Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. 

Шу билан бирга, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга қоида киритилиб, унга кўра, фуқаролар йиғини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари номзодлари бўйича тавсиялар тақдим этади, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиш учун участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тақдим этади, қолаверса, сайлов комиссиясига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар юборади.

Бундан ташқари, Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат вакиллари учун депутатлар ўринларини квоталаш институти бекор қилиниши муносабати билан “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунга, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий қонунларга ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 71 ва 90-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг ходимлари Қонунчилик палатаси депутатлиги ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмаслиги туфайли “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунлардан тегишли қоида чиқариб ташланди. 

Батир МАТМУРАТОВ, 

Олий Мажлис Сенати 
Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга

қарши курашиш қўмитаси раиси


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019