Қонунчилик палатасининг ЕОИИ бўйича қарори жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама этилмоқда

22:13 01 Май 2020 Сиёсат
502 0

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 28 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқида “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ, деб топилди ҳамда парламент қуйи палатасининг тегишли қарори қабул қилинди. Ҳозирда Қонунчилик палатасининг мазкур қарори кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Юртдошлармиз қуйи палатанинг мазкур қарорига нисбатан ўз муносабатларини билдирмоқдалар. Қуйида уларнинг айримлари билан танишамиз.

Фурқат РАЖАБОВ, фермер, Самарқанд тумани:

— Бизнинг фермер хўжалигимиз асосан узумчиликка ихтисослаштирилган бўлиб, етиштирилган узумларимизни ЕОИИга аъзо мамлакатлар, хусусан, Россия ва Қозоғистонга экспорт қилиб келмоқдамиз. Очиғини тан олиб айтишим керакки, маҳсулотларимизни экспорт қилиш йўлида ҳали-ҳануз айрим қийинчиликлар мавжуд. Умид қиламизки, мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга кузатувчи бўлиши мана шу йўлдаги муаммоларни бартараф этишга ҳар томонлама ёрдам беради. 

Адиба АХМЕДЖАНОВА, Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раиси, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди:

— Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат мақомида ҳамкорлик қилиши масаласида қабул қилинган қарорни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бугунги кунда пандемиядан кейинги даврда иқтисодиётини тиклаш, маҳсулотлар экспорти ҳажмини кўпайтириш ва экспорт географиясини кенгайтириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифалар сирасига киради. Қонунчилик палатасининг мазкур қарори Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини очишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, агросаноат мажмуаси ЕОИИга аъзо барча давлатлар иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан биридир. Юртимизда мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортининг улкан имкониятлари мавжуд. Ҳозирда ЕОИИга аъзо давлатларда бизнинг ноз-неъматларимизга бўлган талаби катта. Кузатувчи сифатида иштирок этиш аъзо давлатларнинг маҳсулотларимизга бўлган стандарт талабларига мос равишда етиштириш ва етказиб бериш имкониятини кучайтиради. Шунингдек, ушбу аъзо давлатларда қишлоқ хўжалиги соҳасида янги технологиялар, инновацион ечимларни республикамизда жорий этиш кўламини кенгайтиради.

Мамлакатимизни ЕОИИда кузатувчи сифатида иштирок этиши фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, бу борада илғор тажрибаларни тўплаш ва амалиётга жорий этишда ҳам, шубҳасиз, муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Маълумки, аъзо давлатларда аёлларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан аграр йўналишдаги ташкилотлар самарали фаолият юритиб, давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Мамлакатимизнинг ушбу ташкилотда кузатувчи сифатида иштирок этиши бу соҳада хам интеграциялашув жараёнларини тезлаштириб, аграр соҳанинг имкониятларидан самарали фойдаланишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини оширади.

Исмоил САИФНАЗАРОВ, фалсафа фанлари доктори, профессор:

—Бизнинг охирги 150 йиллик тарихимиз ЕОИИ мамлакатлари билан чамбарчас боғлиқдир. ЕОИИ мамлакатлари билан тарихан бир бирларимиз билан жуда аралашиб, яқинлашиб кетганмиз. Айниқса, Россия билан турли тарих синовларидан бирга ўтиб келмоқдамиз. Ҳозир ҳам Россия билан кўпгина соҳаларда, жумладан илм-фан ва таълим соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Қолаверса, биргина меҳнат мигрантларимиз томонидан ҳар йили қарийб 4 млрд. долларлик маблағ Ўзбекистонга юборилмоқда.

1,5 асрлик тарихни ортга қайтариб бўлмайди. Биз қўшнилар билан тикланаётган муносабатларимизни янада мустаҳкамлашимиз керак. Эски синалган ҳамкорлар билан биргаликда илгарилашимиз, алоқаларимизни кенгайтиришимиз зарур, Халқимизда “юзта янги дўстдан, битта эски дўст афзал“ деган нақл бекор айтилмаган. Шу билан бирга, биз ҳозир ўз миллий қадриятларимизни йўқотмаслик ҳаракатини қилишимиз ўта муҳим, бу эса илм-фан, таълим орқали, инновацион ривожланиш орқали амалга оширилади.

Дилшод ҚУЛМУРОДОВ, Жиззах шаҳри, Жиззах политехника институти ассистенти:

— Мен жуда кўп кузатиб бораман Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ҳамкорлиги борасида олиб борилаётган алоқаларини, Охирги пайтлар Ўзбекистоннинг яна бир ЕОИИ халқаро ташкилот билан ҳамкорлиги бўйича турли фикрлар билдирилмоқда. Менинг фикримча, ҳозирча Ўзбекистоннинг кузатувчи мақомини олиши мақсадга мувофиқдир. Мен ўзимни соҳамдан келиб чиққан ҳолда шуни айтмоқчиманки Ўзбекистоннинг транспорт логистикаси соҳасида жуда катта имкониятларга эга бўлиб, агарда мамлакатимиз ЕОИИда кузатувчи мақомини олса нафақат ер усти транспорт логистикаси, балки дарё транспорти логистикаси соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам кенг истиқболлар очилади. Шунингдек, ЕОИИга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг илмий-техник ишланмалари билан ҳам биз каби ёш олимлар яқиндан танишиш имкониятини қўлга киритишимиз мумкин. Бу эса илмий-тадқиқотлар ва инновациялар соҳасидаги ривожланишга катта турки беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?