Қонунчилик палатаси: Эскирган меъёр ва қоидаларни янгилаш ҳаётий зарурат

10:07 23 Октябр 2019 Жамият
112 0

Парламент қуйи палатасининг жорий йил 22 октябрь куни ўтказилган мажлисида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида Президентимиз томонидан белгилаб берилган қатор вазифа ва топшириқларни ўзида қамраб олган янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси қизғин кечди.

Таъкидланганидек, ҳамма замонда ҳам одамларни ишли қилиш, аҳолининг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш — давлатнинг нафақат иқтисодий аҳволини яхшилашда, балки жамиятда тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик муҳити қарор топишида муҳим омил бўлиб келган. Бандлик масаласининг шундай долзарб жиҳатлари борки, меҳнат қонунчилигини такомиллаштирмасдан туриб, кўзланган натижага эришиб бўлмайди.

Хўш, янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси халқимизга нима беради?

Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 17 январдаги Фармони ижросини таъминлашга қаратилган ушбу лойиҳанинг яратилишига бир нечта объектив сабаблар туртки бўлди. Аввало, 1998 йилда қабул қилинган амалдаги Қонун меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати ва воқеликни акс эттирмас эди. Меҳнат ва бандлик соҳасидаги мавжуд муаммолар, долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилган амалдаги нормалар қарийб яроқсиз ҳолга келган эди. Қолаверса, меҳнат бозорини тартибга солишнинг янги воситалари, хусусан, тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини ўзи банд қилиш, шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш ва ишсизларни касб-ҳунарга қайта ўқитиш, иш стажини ҳисобга олишда янги ахборот тизимларидан фойдаланиш кабилар борасида қонунчилигимиз реал ҳаётдан ортда қолаётган эди.

Кейинги йигирма йил давомида меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар рўй берганини ҳисобга олсак, самарасиз, эскирган меъёр ва қоидалардан иборат бўлиб қолган айни соҳадаги қонун ҳужжатларини янгилашга табиий эҳтиёж туғилди. Меҳнат миграциясини тартибга солиш билан боғлиқ янги муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳаётий заруратга айланди.

Айни мақсадга эришиш учун қонунда бандлик соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишнинг молиявий воситалари ҳисобланган Жамоат ишлари жамғармаси, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси каби тузилмалар фаолияти аниқ-тиниқ белгилаб берилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг асосий жиҳати — у тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалардан ташкил топган. Яъни лойиҳа 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та Фармон ва қарорида, Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича қабул қилинган 40 дан зиёд меъёрий ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни ўзида жамлаган.

Сон бор, сифат масаласи ҳаминқадар

Аввал хабар берганимиздек, “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси дастлаб 2019 йилнинг 30 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.

Навбатдаги ялпи мажлисда мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди ва ўзаро баҳсларга сабаб бўлди.

Лойиҳада тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш жараёнларини тартиб ва таомилларини янада соддалаштириш, шаффофлигини ошириш кўзда тутилган.

Мавжуд бюрократик тўсиқлар бартараф этилиб, шароитлар яхшилангани туфайли ҳозирда муайян тадбиркорлик субъектини ташкил қилиш учун бир неча соат вақт кифоя қилади. Аммо амалиётда тадбиркорлик субъектлари орасида давлат рўйхатидан ўтгач, ўз фаолиятини давом эттирмайдиганлари ҳам оз эмас. Яъни, сон бор, сифат масаласи ҳаминқадар. Фаолият кўрсатмайдиган тадбиркорлик субъектлари эса, на ўзига, на давлатга фойда келтиради. Фаолиятини тугатиш эса, осон иш эмас. Бошқача айтганда, амалдаги қонун ҳужжатларида тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга етарлича имконият яратилган, бироқ уни тугатиш механизмлари ниҳоятда мураккаб, қийин ва жуда кўп вақт талаб қиладиган жараён эди. Шу сабабли тадбиркорликка қўл уришга қарор қилган ўн минглаб фуқаролар рўйхатдан ўтмай фаолият юритишни афзал кўрадилар.

Мазкур қонун лойиҳасига кўра, тадбиркорлик субъектларини тугатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат тўққиз ойни ташкил этиши белгиланмоқда. Яъни эндиликда тадбиркорлик субъекти шунча муддат фаолият юритмаса, тугатилиши учун асос яратиляпти.

Лойиҳада молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан, рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан уч йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилиши белгиланмоқда. Ҳаракатсиз режимига ўтказилган корхоналар фаолияти уч йил давомида тикланмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган уларни тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан чиқариб юборади. Яъни тадбиркорлик соҳасида “ўлик жон”ларга барҳам берилади.

Якунда лойиҳа парламент қуйи палатаси томонидан муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Тарбия гўдакликдан бошланади

Ялки мажлисда “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан катта қизиқиш билан кўриб чиқилди.

Депутатлар соҳада илгари мавжуд бўлмаган қонун қабул қилинаётгани инобатга олиниб, қонунни сўзсиз қабул қилиш лозим, деган қатъий тўхтамга келдилар.

— Жойларда аҳоли, сайловчилар билан учрашувларимиз чоғида одамлар бугун боғчаларнинг кўпаяётганидан мамнун эканига гувоҳ бўлдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Раҳмонов. — Сабаби, боғчалар сони ортиб, қамрови кенгаймоқда. Боғчада тарбияланган бола билан у ерда бўлмаган боланинг тарбиясида, дунёқарашида жуда катта фарқни сезасиз. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати сабаб бугун таълимда узлуксизликни таъминлаш мақсадида айнан шу тизимга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Биз депутатлар буни чуқур англаган ҳолда, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонун қабул қилиш нечоғли муҳим эканини яхши биламиз.

Хўш, мазкур ужжат нимаси билан муҳим?Аввало, у болаларимизни ҳар томонлама етук, интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялаш, маънавий-эстетик, жисмоний жиҳатдан ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Мамлакатимизда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтириш орқали мактабгача таълим билан болалар қамрови кўламини босқичма-босқич ошириш, уларга солиқ имтиёзлари ва преференциялар, бюджет субсидияларни ажратиш ҳамда мактабгача таълим-тарбиянинг муқобил шаклларини жорий этишга кўмаклашади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун депутатлар томонидан катта кўтаринкилик билан қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборишга қарор қилинди.

Юнус БЎРОНОВ
(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019