Қонун устуворлиги ва адолат тантанасини таъминлаш йўлида

12:24 28 Август 2020 Жамият
428 0

Ўтаётган ҳар бир кун, ҳар бир соат бизни муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигига тобора яқинлаштирмоқда.

Муаззам истиқлол айёмининг жорий йилда «Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!», деган шиор остида нишонланаётгани замирида эса ўзига маъно-моҳият мужассамдир. Зотан, инсон озод ва ҳур ватансиз ҳақиқий қудрат манбаидан мосуводир, саодатдан бенасибдир.

Бинобарин, мустақилликнинг Ўзбекистон ва унинг халқи учун қадру қимматини, аҳамиятини ҳеч бир нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Айниқса, аждодлари ўзининг ақлу заковати, бунёдкорлиги ва бетакрор салоҳияти билан дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган, бироқ, маълум муддат эрксизлик исканжасида кун кўрган ўзбек халқи учун ҳурриятнинг қадри бебаҳодир.

Қолаверса, минглаб миллат ва элат истиқомат қиладиган дунёда ўз байроғи ва бошқа рамзларига эга суверен давлатлар сони 200 та атрофидадир. Ана шу давлатлар қаторида буюк ўтмиш ва ёруғ келажак соҳиби бўлган Ўзбекистоннинг ҳам борлиги барчамиз учун ҳақиқий саодатдир.

Албатта, бундай бахтга эришиш осон бўлмаганини яхши ҳис этамиз. Асрлар давомида озодлик учун кечган курашларда элимиз кўплаб энг сара фарзандларидан жудо бўлди.

Ниҳоят, халқимизнинг матонати ва қатъияти самараси ўлароқ қўлга киритилган мустақиллик 1991 йилнинг 31 августида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан эълон қилинди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда, бугун бир ҳақиқатни катта ғурур ва ифтихор билан айтишга тўла асосимиз бор: мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда.

Дарҳақиқат, мустақилликни қўлга киритиш қанчалик машаққатли ва оғир бўлса, уни асраш ва мустаҳкамлаш ҳам шунчалик мураккаб, узлуксиз кечадиган, матонат талаб этадиган ва албатта, шарафли бир жараёндир.

Халқимизнинг бу йўлдан собитқадамлик билан бораётгани, юртимиз истиқболнинг янги уфқларини забт этаётгани эса, барчамиз учун фахру ифтихордир.

Айниқса, Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган ва Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи сифатида дунё миқёсида тан олинаётган ҳозирги давр мустақилликни мустаҳкамлаш сари қўйилган энг улкан қадамлар давридир. Зотан, бу давр Ўзбекистонни бутунлай ўзгартирди, мамлакатимизни янги, демократик қиёфада жаҳонга танитди.

Энг муҳими, ушбу даврда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш давлат сиёсатининг бош мезони этиб белгиланди.

Натижада тараққиёт йўлининг тўғри танлангани ва халқимизнинг фидокорона меҳнатлари эвазига ҳатто бугунги оғир ва синовли дамларда ҳам жамиятда барқарорлик, тинчлик, осойишталик ва ижтимоий-иқтисодий ўсиш таъминланмоқда.

Президентимизнинг коронавирус инфекцияси таъсирини юмшатишга қаратилган ўнлаб фармон ва қарорлари асосида пандемияга ва иқтисодий инқирозга қарши курашиш учун қарийб 50 трлн. сўм маблағнинг турли соҳаларга йўналтирилгани ва бунинг натижасида Ўзбекистон пандемиянинг асоратларини жиддий талафотларсиз ўтказаётганининг ўзиёқ фикримиз далилидир.

Яна бир жиҳат шундаки, пандемия шароитида бирон-бир муҳтож оила ёки фуқаро давлат эътиборидан четда қолаётгани йўқ.

Эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган маблағлар ҳажми, улар аъзоларини ишга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб этиш каби кенг кўламли ишлардан жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилмоқда.

Ана шу жиҳатларнинг ўзи ҳам қийинчиликларга қарамасдан, Ўзбекистон давлати ва халқи ҳамжиҳатликда эзгу мақсадлар сари собит бораётганини кўрсатиб турибди.

Албатта, давлат ва жамият ҳаётида эришилаётган ютуқлар, долзарб масалалар, муаммолар ҳақида деярли ҳар дақиқада оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик мунтазам хабар топиб бормоқда ва шу боис, уларни эслатишга ҳожат йўқ.

Дарвоқе, бу жиҳат ҳам янги давр самарасидир. Зеро, очиқлик ва ошкоралик, муаммоларни баралла айтиш, фуқароларнинг баъзида оғир, бироқ, ҳақли савол ҳамда эътирозларига юзма-юз жавоб бериш тараққиётимиз янги босқичида ҳаёт тарзимиз ва фаолиятимиз мезонига айланиб улгурди.

Энг муҳими, бугун давлат ва жамиятнинг ислоҳотлар билан қамраб олинмаган бирон-бир жабҳаси қолмади.

Айниқса, давлат тузилмаларини халққа хизмат қилишдек муқаддас бурч ва шарафли вазифани рўёбга чиқаришга сафарбар этиш борасида кўрилган чоралар улар фаолиятини ҳам, мақсадини ҳам тубдан ўзгартириб юборди.

Табиийки, бу жараёнлардан прокуратура органлари ҳам четда қолмади.

Тизимимиз фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш ва бошқа йўналишларда, бир сўз билан айтганда, прокуратурани том маънодаги «Халқ прокуратураси»га айлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бера бошлади.

Узоқ йиллар давомида одамларда жазоловчи орган сифатида тасаввур уйғотиб келган прокуратура тизими ҳар жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда. Яъни, у инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг, давлат ва жамият манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси, қонун устуворлиги ва адолат тантанаси йўлида фаолият юритувчи тизим сифатида майдонга чиқмоқда.

Буни нималарда кўриш мумкин?

Давлатимиз раҳбари томонидан прокуратура органларини тубдан ислоҳ қилиш бўйича олдимизга қўйилган янги вазифалар, жумладан ўтган йилнинг 20 июнида Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида белгилаб берилган йўналишлар доирасидаги ишлар изчил давом этмоқда.

Биринчидан, энг аввало, тизимдаги анча оғир вазиятни ўнглашга, жамоада ишчан ва соғлом муҳитни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар Концепцияси ишлаб чиқилди. Унинг асосида биринчи галда ходимларнинг 45 фоизини ёш мутахассислар ташкил этиши, бироқ, уларга иш ўргатадиган мураббийлар деярли қолмагани ҳисобга олиниб, сўнгги йилларда бой берилган «устоз - шогирд» анъаналарини тиклаш чоралари кўрилди.

75 нафар тажриба ва малакага эга ходим хизматга қайтарилди. Ҳар бир тармоқ раҳбарлигига шу йўналишнинг ҳақиқий мутахассислари тайинланди.

Умуман, кадрларни танлаш ва тайинлаш жараёнидаги ўта марказлашганлик ҳамда субъектив омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилди. Ҳар бир ходимни иқтидори, салоҳияти ва масъулиятига мос равишда лавозимга тайинлаш механизми тўлиқ йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, тизимни нопок ва номуносиб ходимлардан тозалашга алоҳида эътибор қаратилди ва бу жараён давом этмоқда. Бир йил давомида коррупцияга мойил 213 нафар, жумладан 50 дан ортиқ раҳбар ходим тизимдан бўшатилди. Жиноятга қўл урган 31 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди.

Иккинчидан, замонавий ахборот технологияларини жорий қилган ҳолда, бутун тизим тўлиқ электрон иш юритишга ўтказилиб, ортиқча қоғозбозликка деярли барҳам берилди. Натижада тизимда ҳар ойда фақатгина қоғоздан қарийб 300 млн. сўм тежаб қолинмоқда.

Учинчидан, қонунлар ижроси устидан назоратни амалга оширишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди.

Мавжуд 50 га яқин назорат органлари фаолияти устидан тизимли ва таъсирчан назорат ўрнатиш орқали қонунийликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда. Назорат органларидан олинган ахборотлар асосида энг муаммоли соҳаларни аниқланмоқда ва қонун бузилиши ҳолатлари ҳамда тизимли камчиликларнинг асл сабабларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Шу тартибда олий таълим ва соғлиқни сақлаш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги каби қатор соҳаларда қонунийликнинг аҳволи чуқур таҳлил қилинди.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ижтимоий соҳада прокурор назоратини таъминлаш баробарида фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатишга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда.

Бир йил давомида тегишли идоралар билан ҳамкорликда ёрдамга муҳтож 100 мингга яқин фуқаронинг муаммолари ҳал этилди. 3,8 минг нафар фуқаронинг 8,1 млрд. сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилди.

Ижтимоий тўловларни амалга оширишдаги суиистеъмолчиликларни бартараф этиш ҳам диққат марказимиздадир.

Жумладан, назорат тадбирлари давомида 136 та ҳолатда 16 млрд. сўмдан ортиқ иш ҳақи, нафақа ва уларга тенглаштирилган тўловлар учун ажратилган бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 136 та жиноят иши қўзғатилди, 5 млрд. сўмликдан ортиқ етказилган зарарлар ихтиёрий қопланди, судларга қиймати 19 млрд. сўмликдан зиёд 4 мингга яқин даъво аризалари киритилди ва қарийб 14 млрд. сўм ундирилди.

Ёшлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш устувор вазифаларимиздан бўлиб қолмоқда. Биргина мисол: етим ва ота-она қаровисиз қолган 3 мингдан зиёд вояга етмаганлар учун жавобгар шахс йўқлиги аниқланиб, уларга васий ва ҳомийлар тайинланди.

Ғайриижтимоий хатти-ҳаракат содир этган 5 минг нафардан ортиқ, дарсларда сабабсиз қатнашмаётган 3 мингдан зиёд бола аниқланиб, мажбуриятларини бажармаётган 8 мингга яқин ота-онанинг жавобгарлиги ҳал этилди.

Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат фаолиятимизда тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш каби ҳаётий муҳим масалаларга устувор аҳамият берилмоқда.

2019 йилнинг иккинчи ярми ва жорий йилнинг ўтган давридаги назорат тадбирларида 7,7 минг нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 29 минг нафарига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилди.

Прокурорлар кўмагида 25 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, фаолияти тўхтаб қолган 28 мингга яқин корхона тикланди.

Прокурорлар ташаббуси билан 905 та субъект экспорт фаолиятига жалб этилди. 2113 та экспортёр корхоналарнинг лицензия, кредит, ер ва бино олиш ҳамда бошқа масалаларга доир муаммолари ҳал этилиб, 518 тасининг 92,2 млн. долларлик қарздорлигини ундиришга эришилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларига риоя этмаган 925 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 514 та жиноят иши қўзғатилди.

Инвестиция дастурига киритилган 1.400 тага яқин қурилиш лойиҳаси қайта экспертизадан ўтказилиб, 1,5 трлн. сўм бюджет маблағлари иқтисод қилиниши таъминланди.

Қурилишга ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 78 млрд. сўм талон-торож қилинганлиги аниқланиб, 320 нафардан ортиқ айбдор шахс жазога тортилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунлар ижроси устидан назорат фаолиятимиздаги устувор йўналишлардан биридир.

Назорат тадбирларида 22 млрд. сўмлик дон, 63 млрд. сўмлик пахта хом-ашёси, 3 млрд. сўмлик минерал ўғит, ирригация тадбирлари учун ажратилган 1,7 млрд. сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланиб, қонуний чоралар кўрилди.

Таҳлиллар, айниқса, ердан фойдаланиш соҳасида турли суиистеъмолчиликлар авж олганлигини кўрсатди. Ўтган бир йилда ер сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 344 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.

Қонунбузарликлар учун чора қўллаш муҳим, албатта. Шу билан бирга, уларнинг туб сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Хусусан, тизимли камчиликларни бартараф этиш ҳақида Президент Администрацияси ва Ҳукуматга 70 га яқин зиёд таклифлар киритилиб, уларнинг аксарияти қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топди.

2019 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида Бош прокуратура ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳалар асосида 41 та қонун ҳужжати, жумладан 11 та қонун, Президентнинг 5 та фармон ва 6 та қарори, Ҳукуматнинг 13 та қарор ва фармойишлари, шунингдек 6 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Мисол сифатида яқинда муҳтарам Президентимиз томонидан ташаббусларимиз қўллаб-қувватланиб, коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, тергов жараёнида шахс ҳуқуқларига қатъий риоя этилишини, терговнинг мустақил, холис, адолатли ва қонуний ўтказилишини таъминлашга қаратилган фармонларнинг имзоланганини мамнуният билан қайд этишни ўринли деб биламиз.

Тўртинчидан, жойлардаги прокурорлар нафақат қонун ҳимоячиси, балки сектор раҳбари сифатида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.

Жумладан, ўтган йили ҳамда жорий йилнинг биринчи ярмида уйма-уй юриш асосида 1,5 млн.дан зиёд хонадонлардаги муаммолар ҳал этилди. Қарийб 58 минг нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Бош прокуратурага бириктирилган Оҳангарон шаҳри, Оҳангарон ва Бекобод туманларидаги қатор ижтимоий муаммолар ҳам ўз ечимини топди.

Биргина Оҳангарон туманида 9 та янги боғча, 3 та мактаб ва 3 та тиббиёт муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уй - жойга муҳтожларга қарийб 1 млрд. сўм бошланғич бадалларнинг тўланиши таъминланди. Йиллар давомида эътиборсиз қолган «Эйвалек» маҳалласида абгор аҳволдаги 18 та кўп қаватли уй тўлиқ таъмирдан чиқарилди, истироҳат боғи, стадион ва болалар ўйингоҳи, замонавий савдо мажмуаси барпо этилди.

Мўйноқ туманида бевосита прокуратуранинг саъй -ҳаракатлари билан замонавий ўқув маркази, кутубхона, ҳаммом, автостанция, иссиқхона, қишлоқ врачлик пункти, қарийб 100 ўринга ва энг замонавий шароитларга эга мактабгача таълим муассасаси қурилиб ишга туширилди, 10 дан зиёд якка-ёлғизларга алоҳида уйлар қурилиб топширилди. Спорт майдончалари, қабристон ва «Жантемир Эшон» мақбараси тўлиқ таъмирланди.

Туманда барпо этилган гилам корхонасини қуришга янгича қарашлар асосида ёндашилди. Яъни, ушбу корхона ўнлаб мўйноқлик ёшлар учун нафақат иш жойи, балки барча қулайликларга эга бўлган яшаш манзили ҳамдир.

Шунингдек, 22 та сув тозаловчи ускуна ўрнатилиб, туман аҳолисига тоза ичимлик суви етказилди. Жами 25 км.лик қаровсиз каналлар қайта тикланиб, 800 гектарлик кўлга сув тортиб келинди ва балиқ етиштириш йўлга қўйилди.

Пандемия шароитида эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш прокурорлар секторлари фаолиятининг ҳам устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Бугунги кунда прокурорлар секторларидаги 143 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, хусусан, уларни моддий таъминлаш, аъзоларини ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича ходимларимиз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда туну кун меҳнат қилмоқда.

Натижада қисқа муддатда мазкур оилаларнинг қарийб 47 мингтаси ёки 32 фоиздан ортиғи маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқарилди.

Бешинчидан, жиноятчиликка қарши курашиш борасида прокурор назорати кескин кучайтирилди.

Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда тезкор-қидирув ишларининг кучайтирилиши натижасида қидирувдаги 2.459 нафар шахс ушланди.

Маҳалла ва оилаларда осойишталикни таъминлаш, низо ва зиддиятларни бартараф этиш бўйича ҳамкор тузилмалар билан амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг 7 ойида мамлакатдаги маҳаллаларнинг қарийб 60 фоизида жиноят қайд этилмади.

Олтинчидан, прокурорларнинг судлардаги иштироки қонун устуворлигини таъминлаш, инсон, давлат ва жамият манфаатларига ҳамоҳанг равишда самарадорлик жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилмоқда.

Хусусан, бир йил ичида судларда қарийб 102 мингта иш кўрилишида прокурор иштироки таъминланди.

Бекор қилинган суд қарорларининг 4.185 таси ёки ҳар учинчиси айнан прокурор протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилди.

Прокурорлар ташаббуси билан 71 нафар шахсга оқлов ҳукмлари чиқарилди.

Суд амалиётидаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Олий суд Пленумининг 133 та қарорига берилган таклифларимиз инобатга олинди.

Еттинчидан, мурожаатлар билан ишлаш ҳам янгича ёндашув асосида йўлга қўйилди.

Мурожаатлар дастлаб жойлардаги прокуратураларда узил-кесил ҳал этилмоқда.

Улар юқори прокуратураларда ҳал этилса, қуйида ечим топмаганлигининг сабаблари ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Бир йил давомида келиб тушган 457 мингдан ортиқ мурожаатнинг 265 мингга яқини бевосита прокуратура органларида ҳал этилгани, бевосита қабулда бўлган қарийб 252 минг нафар фуқаронинг мурожаатидаги масалалар ўз ечимини топгани ана шу чоралар самарасидир.

Саккизинчидан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан яширин иқтисодиётга чек қўйиш, бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш чоралари кўрилди. Ҳамкор тузилмалар билан олиб борилган ишлар натижасида 2019 йилнинг 2-ярми ва жорий йилнинг ўтган даврида 2.400 тадан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарлик ва 3.400 тага яқин жиноят фош этилди. Хусусан, 357 та солиқдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятлар аниқланиб, жами 1.662 млрд. сўм қўшимча солиқ ҳисобланди ва 623,7 млрд. сўми бюджетга ундирилди.

Мажбурий ижро бюроси органлари саъй-ҳаракатлари билан фойдаланилган энергия ресурслари учун 2018 йилга нисбатан 2019 йилда 9 трлн. сўм ёки 32 фоизга кўп маблағ ундирилиб, бу кўрсаткич 37 трлн. сўмни ташкил қилди. Табиий газдан фойдаланишдаги 41 млрд. сўмлик талон-торожликлар аниқланиб, 33 млрд. сўми, қарийб 2 млн.та ижро ҳужжати бўйича давлат фойдасига 7,3 трлн. сўм ундирилди.

Албатта, қилинган ишлар тўғрисида кўп гапириш мумкин. Бироқ, тизимимизни ҳақиқий «Халқ прокуратураси»га айлантириш йўлида ҳали олдимизда бартараф этилиши лозим бўлган долзарб масалалар, фаолиятимизда эса камчиликлар кўп.

Асосийси, Давлатимиз раҳбарининг тизимимизга билдираётган юксак ишончи, фидойи ходимларимизга кўрсатаётган ғамхўрлиги биз учун аввало, юксак масъулият эканлигини чуқур ҳис этамиз.

Ана шундай ишончга, мустақил давлатга, олийжаноб халқимизга муносиб бўлиш, унинг розилиги йўлида ишлаш эса, ҳар бир прокуратура ходими учун муқаддас бурч ва юксак шарафдир.

Фақат ҳалол ва фидокорона меҳнат, ўз манфаатларини эл-юрт манфаатлари билан уйғун ҳис этиш, тақдирини Ватан тақдири билан боғлиқ кўриш ана шу бурчни адо этишга хизмат қилади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, кейинги пайтларда рўёбга чиқарилган чоралар туфайли шаклланиб бораётган салоҳиятли жамоамиз бунга қодирдир.

Ниғматилла Йўлдошев,
Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?