Қонун устуворлиги — адолат мезони

12:11 08 Январь 2019 Жамият
699 0

Архив фото

2018 йилда Прокуратура органлари ўз вазифасини нечоғли бажара олди?

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамиятга эга. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рўёбга чиқарилаётган аниқ чора-тадбирлар халқимиз манфаатларини кафолатлашга хизмат қилмоқда. Буни одамлар турмуш даражаси юксалиб бораётгани мисолида ҳам яққол кўриб турибмиз.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари, аввало, халқни рози қилиш учун бор имкониятни ишга солиш ­кераклиги, “кабинетда ўтириб буйруқ бериш” амалиётига чек қўйиб, оддий одамлар орасига кириб бориш, уларнинг дарди ва муаммоларини эшитиб, уларни ҳал этиш чораларини кўришга жиддий эътибор қаратган эди.

Натижада бугунги ислоҳотларга нисбатан одамларнинг ўй-қарашлари, фикрлари ўзгарди, эртанги кунга ишончи ортди. Турли соҳа вакилларининг ўз ишига, ­вазифасига бўлган муносабати ўзгарди.

Буларни жам қилиб, мамлакатимиз адолатли жамият барпо этишга киришди, дейиш мумкин. Биз учун энг муҳими ҳам аслида шу эди.

Хўш, бу жараёнда Бош прокуратура ва унинг қуйи тузилмалари ўрни қандай бўлмоқда? Прокуратура оддий одамларни ҳимоя қиладиган халқчил органга айлана олдими? Умуман, мазкур орган томонидан ўтган даврда қандай ишлар амалга оширилди?

Янгича ёндашув ва замонавий талаблар

Ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этишда Президентимиз томонидан прокуратура органларига кўплаб долзарб ва масъулиятли вазифалар топширилган эди. Шундан келиб чиқиб, якунланган йилда прокуратура органлари ўз фаолиятини янгича ёндашув ва замонавий талаблар асосида йўлга қўйди. Асосий эътибор қонун бузилиши оқибатларини эмас, балки тизимли муаммо ҳамда камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этишга қаратилди.

Ўтган йилда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилганда, тизим фаолиятини такомиллаштиришга доир қатор ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Хусусан, тегишли ҳужжатлар асосида Бош прокуратура ва вилоят прокуратуралари ташкилий-штат тузилмалари ўзгартирилиб, янги 13 та ихтисослаштирилган ­бошқарма ва бўлим ташкил этилгани, Агросаноат комплексида қонунийликни, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Бош прокуратура ҳузурида Инспекция тузилгани, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ташкилий тузилмаси такомиллаштирилиб, фаолият соҳаси кенгайтирилгани ва янги-янги муҳим вазифалар белгилаб берилгани шулар жумласидандир.

Қолаверса, ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш мақсадида алоҳида тузилмалар — Бош прокуратурада Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мустақил бошқарма, Хоразм вилоятида қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилди. Жиноий-ҳуқуқий статис­тика тизимини юритиш прокуратура ихтиёрига ўтказилди, бу масалага мутасадди алоҳида бошқарма ва бўлимлар очилди.

Ўтган йилда прокуратура органлари байроғи ва герби тасдиқлангани биз, прокуратура ходимларига катта ғурур ва ифтихор бағишлаб, бу тизимда ишлаётгани, халқимизга хизмат қилаётгани уларда шараф туйғусини янада кучайтирди. Албатта, прокуратурадаги ўзгаришлар ҳақида кўп гапиришимиз мумкин, асосийси, ходимларнинг дунёқараши ўзгариб, ислоҳотларга масъул­ият ҳисси тобора ортмоқда.

2018 йилда Бош прокуратура раҳбарияти бошчилигида ишчи гуруҳлар ҳудудларга бориб, инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш, умуман, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилди. Рақамларда айтадиган бўлсак, ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган ўрганишларда 230 дан ортиқ долзарб аҳамиятдаги топшириқлар бажарилмагани аниқланиб, уларнинг ижобий ҳал этилиши таъминланди.

Жумладан, 144 та тадбиркорлик субъектига 114,5 млрд. сўм, 2,3 млн. евро ва 281,3 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ­ажратилишида ҳамда 26 млрд. сўм, 1,9 млн. доллар ва 2,5 млн. евро миқдоридаги кредит маблағларининг қайтариш муддатини узайтиришда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 1121 гектар ер майдони ажратилди, 126 та қишлоқ хўжалиги техника ва агрегати, 4 та экскаватор, 9202 дона маиший газ балони, уни ташишга мўлжалланган 19 та “ISUZU” русумли автотранспорт воситаси ҳамда 74 турдаги тиббий жиҳозлар етказиб берилиши таъминланди.

16 853 тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланди

Ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш, аввало, янги иш ўринлари яратиш, фуқароларга иш топиб бериш аҳоли даромадларини оширишга боғлиқлигини барча яхши англаши зарур. Шу жиҳатдан, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, умуман, иқтисодий ўсишнинг асосий шарти — тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш борасидаги вазифалар ижроси билан боғлиқ. Бу борада прокурорлар тадбиркорлар, хорижий инвесторлар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, аниқланган камчиликларни амалда ҳал этиб бериш чоралари кўрилди.

Мисол учун, Хитой, АҚШ, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон каби ривожланган давлатлар йирик хорижий компаниялари вакилларининг республикамиз барча ҳудудига ташрифлари уюштирилиб, уларга ҳудудларнинг инвестицион имкониятлари намойиш этилди, маҳаллий тадбиркорлар ва масъул идоралар ўртасида учрашувлар ўтказилгани айни муддао бўлди. Ана шундай тадбирларда 200 дан ортиқ инвесторлар иштирок этиб, ташрифлар натижасида 77 нафари билан 1 млрд. АҚШ долларидан зиёд келишувларга эришилди. Бош прокуратура томонидан Тошкент вилоятида 479,7 млн. долларлик 23 та лойиҳани амалга ошириш чоралари кўрилди. Натижада ҳозирги кунга қадар 66,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилди.

Мазкур йўналишга оид яна бир долзарб масала — бўш турган объект­лардан самарали фойдаланиш. Бу ­борада Фарғона вилояти мисолида бўш турган объектларни инвентаризациядан ўтказиш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш бўйича иш олиб борилди. Кейинчалик мазкур тажриба бошқа вилоятларга ҳам жорий этилди.

Натижада бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида жами 8 трлн. 973 млрд. сўм ва 272 млн. АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш ҳамда 94 минг иш ўринлари яратишни кўзда тутувчи 12 080 та инвестициявий лойиҳа ишлаб чиқилди. ­Эгасиз, деб топилган 325 та объект давлат ихтиёрига қайтарилиб, жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ажратилди. Пировардида 2041 бўш турган объект хўжалик фаолиятига жалб этилиб, 7256 та янги иш ўрни яратилди.

Умуман олганда, бу йилги фаолиятимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга қаратилган қонунлар ижроси доимий назоратга олинди. Кўрилган тадбирлар натижасида 16 853 тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 2 889 нафарининг эса фаолияти тикланишига эришилди.

Мамлакат тақдири бугун ёшларга қай даражада эътибор берилаётгани, уларнинг иқтидори ва салоҳиятини ­намоён этишлари учун қанчалик ­шароит яратилаётгани, таълим-тарбия масалалари қай даражада ташкил этилганига боғлиқ, албатта.

Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури навқирон авлод вакиллари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда жуда катта қадам бўлди. Бу тарихий аҳамиятга эга ҳужжат ижросини таъминлашда прокурорлар ҳам фаол иштирок этди.

Жумладан, прокуратура органлари кўмагида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда 5100 дан ортиқ ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, ёшларнинг муаммоларини аниқлаш ва амалда ҳал этиш чоралари кўрилди. Аниқланган камчиликларнинг 77,5 мингтаси ечимини топди, шу жумладан, 44,5 минг нафар ёшлар ишли бўлди, 3,4 минг нафари касаначиликка жалб этилди. 4,6 минг нафарига 10,1 минг гектар ер майдони ажратилиб, 305 нафари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бино билан таъминланди.

Жойларда 109 та “Yoshlar mehnat guzari” ташкил этилди, 18 та “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-маркази фаолияти йўлга қўйилди, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги ёшларга 375,7 млрд. сўм кредит ­ажратилишида кўмаклашилди.

“Кабинетда ўтириб” назорат қилиш тизимидан воз кечилди

Якунланган йил кўплаб истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан ҳам ғоятда аҳамиятли бўлди. Ижтимоий соҳадаги лойиҳалар рўёбида прокуратура органлари четда томошабин бўлиб турмади. Чунончи, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Очиғи, бу масалада прокурорларга “кабинетда ўтириб” назорат қилиш эмас, балки ишларни жойида ташкил этишга кўмаклашиш, масъул идоралар тизимли ишлашини таъминлаш, муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам бериш топширилди. Шу асосда бу дастурлар ижросини таъминлашда прокурорларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшди.

Тошкент шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи канал ва коллекторлар атрофини тартибга келтиришга қаратилган тадбирлар ташкил этилиб, қирғоқ бўйидаги 1320 та ноқонуний қурилма бузилиши ҳамда 153 км. узунликдаги каналлар тозаланишига, 159 та тумандаги 417 та қишлоқ ҳамда 41 туман ва шаҳарлардаги 105 та маҳаллада уй-жойлар, йўллар, инфратузилма объектларини янгидан қуриш ва таъмирлашда кўмаклашилди.

Манзилли дастурга киритилган 1340 та ижтимоий соҳа объектининг белгиланган муддатларда қурилиши, реконструкция ва капитал таъмирланиши ҳамда фойдаланишга топширилиши, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан тизимли прокурор назорати ўрнатилди. Ишчи гуруҳлар томонидан 13 398 та мониторинг тадбири ўтказилиб, 420 та ҳолатда 8,4 млрд. сўмлик сифатсиз ишлар бажарилгани аниқлангани ва камчиликлар бартараф этилгани ана шундан далолат беради.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича катта куч сафарбар этилган. Бу эса мўйноқликлар ҳаётига ўзгача мазмун олиб кирди. Бунда Бош прокуратура қошида Мўйноқ туманини ривожлантириш бўйича алоҳида бошқарма ташкил қилингани катта аҳамият касб этди. Ҳозир ушбу ­бошқарма томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда туманда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида 79 та лойиҳа ­ишлаб чиқилди. Орол денгизи ­қирғоқларида “яшил қалқон” барпо қилиш учун ­оммавий саксовул экиш тадбири ташкил этилиб, 2 976 гектарига ўсимлик экилиши таъминланди.

Туманнинг архитектура ва шаҳарсозлик қиёфасини тубдан яхшилаш мақсадида Бош режа лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа бўйича туманда жами 20 та, шу жумладан, 2019 йилда 10 та, 2020 йилда 10 та кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳимларидан яна бири — солиқ концепциясини самарали амалга ошириш ҳисобланади. Бу борада қонунлар ижросини аниқ ва бир хилда ташкил этиш, қонунга итоаткор солиқ тўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, “хуфиёна” иқтисодиётга барҳам бериш орқали солиқ базасини кенгайтириш, бюджетга тушумлар кўпайтирилишини таъминлаш прокуратура ходимларининг устувор вазифасидир. Шу мақсадда Бош прокуратурада алоҳида бошқарма, вилоят прокуратураларида эса тегишли бўлимлар ташкил этилди.

Қўйилган вазифалар ижросига масъул Бош прокурор ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ўринбосарлари, туман-шаҳар прокурорлари ўринбосарлари ва ёрдамчилари лавозимлари жорий қилинди.

Бу ўзгаришлар бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Яъни тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида жами 3,3 трлн. сўмлик қўшимча манба аниқланиб, 2,6 трлн. сўми ундирилди, 66 094 та субъектнинг фаолияти қонунийлаштирилди, 6 932 таси қайта рўйхатга олиниб, 13 335 тасининг ­фаолияти қайта тикланди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси — иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғи. Шу боис кейинги йилларда ушбу йўналишда ҳам катта ўзгаришларга қўл урилди. Агросаноат комплексида қонунийликни ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида соҳага масъул алоҳида Инспекция тузилдики, бу ҳам яхши янгиликлардан бири бўлди.

Прокурорлар ва инспекция ходимлари томонидан қишлоқ хўжалигининг барча йўналишида назорат тадбирлари ўтказиб борилди, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, агротехника тадбирларини ўз вақтида ва ­сифатли ўтказиш, умуман, соҳада қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилди.

Мисол учун, назорат тадбирлари давомида фермер хўжалиги ишчи-ходимларининг 9 млрд. 392 млн. сўмлик иш ҳақлари, 3 млрд. 749 млн. сўмлик дебитор қарздорликлари ундириб берилиши таъминланди, деҳқон ва фермер хўжаликлари манфаатларини кўзлаб судларга 54 млрд. сўмлик 1 972 та ариза киритилди. Кўрилган чоралар натижасида 5574 нафар шахс­нинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

“Хавфсиз пойтахт” концепцияси: натижалар қандай?

Сир эмас, юртимизда “Хавфсиз пойтахт” концепциясини татбиқ қилиш масаласи устуворлик касб этмоқда. Бу Ўзбекистонни хавфсиз ва тинч ҳудудга айлантириш, фуқароларимизнинг осойишта ҳаёт кечириши, жиноятчиликка қарши курашни мутлақо янги ва замонавий талаблар асосида ташкил этишда ғоят муҳим. Ўтган йили асосий эътибор ҳуқуқбузарлик ёки жиноят оқибатига эмас, балки уларни барвақт аниқлаб, бартараф этишга қаратилди.

“Хавфсиз пойтахт” концепцияси жорий этилгани ҳам бу борада катта қадам бўлди. Пойтахтда ташкил қилинган уч сменалик хизматда прокуратура ходимлари ҳам график асосида иш олиб бормоқда. Умуман, сўнгги икки йил мобайнида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши кураш соҳасида бошланган ислоҳотлар ўз натижаларини кўрсата бошлади. Жиноятчиликнинг пасайиш тенденцияси кузатиляпти.

Эътибор беринг, Ҳамдўстлик ­давлатларидаги вазият билан солиштирсак, ҳар 100 минг аҳолига жиноятлар сони 2017 йилда Ўзбекистонда 228 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич Тожикистонда 249 та, Қирғизистонда 447 та, Қозоғистонда 1 754, шунингдек, Озарбайжонда 265, Арманистонда 681, Беларусда 909, Россияда 1 402 тани ташкил қилади.

Тан олиш керак, амалиётда жиноятларни ҳисобдан яшириш, статистикани бузиб кўрсатиш ҳолатлари долзарб муаммо бўлиб келган. Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида Ички ишлар вазирлиги Ахборот марказини Бош прокуратура ихтиёрига ўтказиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Президентимизнинг тегишли ҳужжатига биноан, Бош прокуратура ҳузурида Жиноий-ҳуқуқий статистика бошқармаси, вилоятларда унинг бўлимлари ташкил этилди. Жиноятлар ҳисобини юритишда шаффофликни таъминлаш мақсадида “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизими ишлаб чиқилиб, 1 мартдан тўлиқ ишга туширилишида катта маъно бор. Зеро, бу тизим жиноятларни ҳисобга олишда инсон омилини бутунлай истисно қилади ҳамда қатор вазифаларни инновацион йўл билан ҳал этиш имконини беради.

“Хуфиёна” иқтисодиётга ўрин йўқ

Инсон — қадри улуғ. Шу маънода, тергов ва суриштирув фаолияти устидан назоратга эътибор қаратилиб, бу жараёнда инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Прокуратура терговчилари томонидан 7 434 та жиноят иши тергов қилинди, аниқланган 1,5 трлн. сўмлик зарарнинг 1,4 трлн. сўми ундирилиши таъминланди. Тизим ходимлари томонидан суриштирув ва дастлабки тергов органларининг 10 мингдан ортиқ қарорлари бекор қилинди, 53 мингдан зиёд ёзма кўрсатмалар берилди.

Жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 5 323 та суд қарори прокурорлар протестига асосан қонунга мувофиқлаштирилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти органлари фаолиятида ҳам жонланиш кузатилдики, буни ушбу рақамлар ҳам тасдиқлайди. Ўтган йили Бюро томонидан истеъмолчиларга етказиб берилган энергия ресурслари ва ичимлик суви учун 35,9 трлн. сўм, ижро ҳужжатлари бўйича 24,5 трлн. сўм маблағлар ундирилди.

Департамент ходимлари эса “хуфиёна” иқтисодиётга барҳам беришда жонбозлик кўрсатишди. Валюта соҳасида ноқонуний муомаладаги 3,4 млн. АҚШ доллари ва 37,8 млрд. сўм олиб қўйилди, 847 млрд. сўм маблағлар бюджетга қўшимча ҳисобланди.

Умуман олганда, қўлга киритган ютуқлар ўзимизники. Аммо унга маҳлиё бўлиб қолиш катта хатодир. Шу боис жамиятда ҳар соҳада, ҳар тармоқда прокурор назоратини ўрнатган ҳолда, адолатни қарор топтириш ­бизнинг асосий вазифамиз бўлиши керак. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди.

Жорий — 2019 йилда олдимизда бир қатор вазифалар бор. Буни, энг аввало, Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар асосида ташкил этамиз. Қолаверса, йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилингани муносабати билан барча тадбирнинг аниқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлашга астойдил ҳаракат қиламиз. Бу бизнинг касбий бурчимиз. Унга содиқ бўлиш эса, халқни рози қилиш, Ватанни севиш, жамиятга муносиб ҳисса қўшиш билан баробардир.

Эркин ЙЎЛДОШЕВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019